Интернет ва ижтимоий тармоқларда болалар хавфсизлиги – кечиктириб бўлмайдиган, долзарб муаммо

Ўрганишлардан маълум бўлишича, бутун дунё бўйлаб 300 миллиондан ортиқ бола онлайн жинсий зўравонлик ва эксплуатация қурбони бўлган. Бу рақам фавқулодда ҳолат даражасида бўлиб, глобал хавфсизлик, рақамли технологиялар ва болаларни ҳимоя қилишда жиддий хавф мавжудлигини кўрсатади.

Пойтахтимизда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармаси (UNICEF)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамкорлигида болаларни зўравонликнинг барча турларидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик, бу борада журналистларнинг салоҳиятини ошириш бўйича медиа - тренинг ўз ишини бошлади.

Қайд этилишича, ҳар ўн нафар мактаб ўқувчисидан саккизтаси бир суткада камида 10 соатга яқин интернетда ўтиради, бу катта таваккалчилик демак. Катта эҳтимол билан айтиш мумкинки, уларнинг ярмидан кўпи ўзининг телефон рақамини, уй манзилини ва суратларини тармоққа жойлаштиради. Натижада эса улар ахборот хавфсизлигидан хабардор тенгқурларига қараганда тўрт баробар кўпроқ таъқибга учрайди.

БМТнинг махсус эксперти келгусида болаларга нисбатан онлайн жинсий зўравонлик ва эксплуатациянинг янги шакллари пайдо бўлиши мумкинлиги борасида огоҳлантиради. 30 та мамлакатдаги ёшларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи интернетда зўравонликка учраганликлари ҳақида хабар беришади ва уларнинг ҳар бешинчиси шу сабабли мактабга бормай қўяди.

Мустақил тадқиқотчи Нозим Бўроновнинг сўзларига кўра, бугун интернетнинг чексиз имкониятлари туфайли дунё маданиятлари “қоришуви” юзага келган. Натижада турли қадрият ва ахлоқий меъёрларга эга ёшлар виртуал маконда бир-бирига яқинлашди, бу эса педофилия каби жиноятларни тарғиб қилиш ва уларга нисбатан хавфни кучайтириш имкониятларини яратди. Ғарбда жинсий эркинлик ва шахсий ҳуқуқлар устувор бўлиб, баъзи маданиятлар болаларга нисбатан педофилларга қарши чораларни заифлаштириши мумкин. Шу билан бирга, Шарқ маданиятида болаларни ҳимоя қилиш ва ахлоқий покликни сақлашга катта аҳамият берилган, лекин интернет орқали ноқонуний материалларнинг тарқалиши ва онлайн "grooming" каби таҳдидлар бу қадриятларни синовдан ўтказмоқда.

Болаларнинг аксарияти асосий вақтини интернетда ўтказмоқда. Бундан ташқари, улар тармоқдан тобора эртароқ фойдалана бошлаяпти. Жаҳон миқёсида ҳар ярим сонияда бирор бола биринчи марта интернетга кирмоқда.

Интернет ва ижтимоий тармоқларда болалар хавфсизлиги – кечиктириб бўлмайдиган, долзарб муаммо. Технологиялар қайсидир маънода қулайликларни юзага келтираётган бўлиши мумкин. Аммо улар янги хатарларга ҳам йўл очмоқда. 

Болалар интернетда турли таҳдидлар билан тўқнаш келиши мумкин. Шунинг учун UNICEF интернетни болаларнинг таълим олиши, мулоқот қилиши ва ўзини намоён қилиши учун хавфсиз жойга айлантириш устида ишламоқда. 

Тренинг давомида “Болаларни зўравонликларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти хусусида сўз юритилди. 

Маълумки, мазкур қонунда белгиланганидек, зўравонликдан жабрланувчи зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимояга эга бўлиш, ўзига нисбатан зўравонлик содир этилгани, таҳдид қилингани юзасидан ариза бериш ёки судга мурожаат этиши, барча турдаги бепул тақдим этиладиган маслаҳатлардан фойдаланиш каби ҳуқуқларга эга. Шунингдек, жабрланувчи содир этилган зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсация қилинишини талаб қилиши мумкин.

Иштирокчилар медиа-тренингда мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Тренинг давом этади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech