Жамият тараққиёти ҳар бир фуқаронинг ишли бўлиши билан бошланади

Президент ташаббуслари – амалда

Дунёда мамлакатлар ривожини белгиловчи мезонлар кўп. Бугунги глобал даврда уларнинг энг муҳими – аҳоли бандлиги даражаси. Инсон ресурсларидан самарали фойдаланиш, ҳар бир фуқарони муносиб иш билан таъминлаш иқтисодий ўсиш ва ижтимоий барқарорлик асоси саналади.

Жамиятда ҳар бир шахс иш билан банд бўлса натижа қандай бўлади? Аввало, даромад манбаи яратилади, камбағаллик камаяди. Бунинг ортидан ижтимоий муаммолар ечим топади. Инсонда ўзини намоён қилиш эҳтиёжи рўёбга чиқади.

Бу эса, ўз навбатида, жамиятда ижобий руҳият, тинчлик ва барқарорлик муҳитини яратади. Бандлик орқали иқтисодиёт тикланади, ички бозор фаоллашади. Солиқ тушумлари ортиб, давлатнинг ижтимоий харажатлари таъминланади.

Мамлакатимизда ҳам бу соҳада илғор хорижий тажриба асосида янги ёндашувлар йўлга қўйилмоқда. Банклар маҳаллаларга боғланиб, аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам ҳисса қўшмоқда. Хусусан, биринчи ярим йилликда уч миллион нафардан зиёд аҳоли даромадли меҳнатга жалб қилинди.

Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 25 июлда аҳоли бандлигини таъминлаш ва касбий таълим тизимидаги янги ёндашувларга оид тақдимот билан танишиши чоғида қайд этилди. 

Камбағалликни қисқартириш борасида яратилган тизим ҳамда сарфланаётган маблағлар ўз самарасини бериб, жорий йилнинг ўтган даври ҳолатига кўра, камбағаллик даражаси 6,8 фоизни ташкил қилди.

Охирги йилларда Ўзбекистонда аҳоли бандлигини таъминлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, энг қуйидан, хусусан, маҳалла институти орқали кенг қамровли иш олиб борилмоқда.

Бу жараёнда “маҳалла еттилиги” деган янгича ёндашув алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ушбу еттилик – маҳалланинг турли ижтимоий йўналишлари бўйича масъул шахсларнинг ҳамжиҳат фаолиятини англатади.

– Президентимиз ҳузурида камбағалликни қисқартириш бўйича ўтган тақдимотда долзарб масалаларга эътибор қаратилди, – дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев. – Биринчи навбатда “маҳалла еттилиги” билан биргаликда фикрларни умумлаштириб, нуронийлар билан суҳбатлашиб, камбағаллик рўйхатида турган оилалар, ишсиз юрганлар билан мулоқот қилган ҳолда вазиятни таҳлил қилиш лозимлиги айтилди. Шу оилаларга бириктирилган тегишли вазирлик ва ташкилотлар мутасаддиларининг вазифалари алоҳида кўрсатилди. Бу ишлар натижасида жорий йилда бир ярим миллион нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш, беш миллион нафардан ортиқ аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича марра олинган. Бу шунчаки гаплар эмас. Аниқ чора-тадбирларни белгилишда ривожланган давлатларнинг шу йўналишдаги тажрибалари ўрганилди. 

Халқаро тажриба аҳоли бандлигини оширишда касбий таълим сифати жуда муҳимлигини кўрсатади. Бу борада иш берувчилар билан ҳамкорликни кенгайтириш, малака оширишни янги даражага кўтариш ҳамда хусусий сектор иштирокини таъминлаш талаб этилмоқда. Касбий таълимнинг меҳнат бозори эҳтиёжларига мос келмаслиги кадрлар тайёрлашда муайян муаммоларга сабаб бўлмоқда. 

Бу каби муаммоларни ҳал этишга қаратилган янги режа ва ташаббуслар ҳам ҳар томонлама рағбатлантирилмоқда. 

Дарҳақиқат, маҳалла фуқароларга энг яқин ижтимоий муҳит саналади. Еттилик орқали ҳар бир инсоннинг ишга муҳтожлиги, касби, имконияти тўғрисида аниқ маълумот тўпланади. Бу манзилли ёндашувни таъминлайди.

Хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси ўз гуруҳлари билан доимий мулоқотда бўлиб, уларнинг ишсизлик муаммосини ўрганади. Қайта ўқитишга ёки маҳаллий иш ўринларига йўналтиради. 

Ишсизлик кўп ҳолларда жиноятчиликнинг асосий сабабларидан бири бўлиб қолади. Профилактика инспектори эса маҳаллада ишсиз ва ижтимоий хавфли тоифаларни аниқлаб, уларни меҳнат бозорига йўналтиришда фаол иштирок этади.

Маҳаллаларда ўз ўрнини топа олмаган фуқаролар уйда хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик, қишлоқ хўжалиги асосида иш бошлаш имкониятига эга. Маҳалла еттилиги бу жараёнда девонхона эмас, маслаҳатчи ва йўналтирувчи марказ вазифасини бажара олади.

Давлатимиз раҳбари олдинги йиғилишларда ҳам чекка ҳудудлардаги, оғир тоифадаги қишлоқларга алоҳида эътибор қаратилишига эътибор қаратган. 

Хулоса оддий. Бандлик тараққиёт калити саналса, маҳалла эса унинг пойдеворидир. Жамият тараққиёти ҳар бир фуқаронинг ишли бўлиши билан бошланади.

Бандликни таъминлаш нафақат шахсий фаровонлик, балки жамиятда тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни кафолатлайди. Бу жараёнда маҳалла масъулларининг ҳамжиҳат, тизимли ва масъулиятли фаолияти ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Икром АВВАЛБОЕВ,

Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат),

ЎзА мухбирлари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech