Жазони ўташдан шартли озод қилинганларга қўшимча мажбурият юкланмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида жазони ўташ муддатидан илгари шартли озод қилинган шахслар устидан назорат қилиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Мазкур лойиҳа бўйича ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Аюбхон Раҳматуллаев батафсил маълумот берди:
– Ўтган йили қабул қилинган “Пробация тўғрисида”ги қонун билан пробация институти жорий қилинган эди. Бу жазони ўтаб чиққан ёки жазони ўташ муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқи устидан самарали назорат ўрнатиш орқали уларни қайта тарбиялаш, жамият ҳаётига қайтиб кириши учун шароит яратиш, қайта жиноят содир этилишининг олдини олишда самарали восита бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу қонун лойиҳаси ҳам айнан жазони ўташдан шартли озод қилинган шахслар устидан самарали пробация назоратини ташкил қилишни такомиллаштиришга қаратилган.
Жазони ўташдан муддатидан олдин шартли озод қилиш институти мавжуд ва жазо чорасининг бир йўналиши ҳисобланади. Бунинг ўталишини таъминлаш ҳам пробация бўлинмалари томонидан амалга оширилади. Бироқ, миллий қонунчилигимизда бундай жазога ҳукм қилинганлар устидан назорат қилиш механизмлари ва назорат қилувчи субъектларнинг аниқ вазифалари белгиланмаган.
Шу боис, лойиҳа билан Жиноят кодексининг 73-моддасига шартли озод қилинган шахсларга вақти-вақти билан назорат қилувчи органларга келиб рўйхатдан ўтиб туриш мажбуриятини юклаш мумкинлиги назарда тутилмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳаси билан Жиноят-ижроия кодекси янги 28/1-боб билан тўлдирилиб, унда жазони ўташ муддатидан илгари шартли озод қилинган шахслар устидан пробация назоратини амалга ошириш, назорат талабларини бузган шахсларга қўшимча мажбурият юклаш ёки жазони қайта ўтаттириш, шу жумладан шахс зиммасидан айрим мажбуриятларни чиқариш ҳақида судга тақдимнома киритиш тартиби ва асослари белгиланмоқда.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жазодан шартли озод этилган шахслар устидан тизимли ва самарали назорат ўрнатиш имконини яратади, пробация тизимининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлайди. Шунингдек, жамиятда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, фуқароларнинг қонунга итоаткор муносабатини кучайтириш ва такрорий жиноятларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Қизғин муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА
Ўзбекча
English
Русский