Жонатан Ҳеник: Ўзбекистон – жадал ривожланаётган, аҳолиси кўп, бозори катта давлат

Сўнгги йилларда Ўзбекистон – АҚШ муносабатлари стратегик шерикликнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Бу юқори даражадаги сиёсий ўзаро ишончга эришиш ва шу ишончни қўллаб-қувватлаш, шунингдек ўзаро манфаатли барча соҳаларда иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштиришга интилиш билан тавсифланади.

Диёримиз мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган Қўшма Штатлар билан 1992 йил 19 февралда дипломатик муносабат ўрнатилган. Ҳар икки давлат пойтахтида элчихоналар фаолияти йўлга қўйилган. Мамлакатларимиз ўртасида “Марказий Осиё – АҚШ” (C5+1) формати доирасида мунтазам мулоқот олиб борилмоқда.

Қайд этиш керак, Ўзбекистон бозорида Американинг етакчи компаниялари иштирокини кенгайтириш ва ўзаро қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ келишувларга эришилмоқда. Ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати икки мамлакат ва халқ манфаатига тўлиқ жавоб беради, дейиш мумкин.

Кеча АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида “Дональд Трамп маъмурияти даврида Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари” мавзусида ОАВ вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Очиқ мулоқот руҳида кечган йиғин аввалида Фавқулодда ва мухтор элчи Жонатан Ҳеник ўзаро ишончга асосланган кўп қиррали шериклик янада ривожланаётганини тасдиқлади.

– Шуни айтишдан мамнунманки, алоқаларимиз кун сайин яхшиланмоқда, –деди Элчи Ҳеник. – Биринчидан, Президент Дональд Трамп инаугурациясидан кейин 100 кундан камроқ вақт ичида биз ўзаро муносабатларнинг мисли кўрилмаган даражасига гувоҳ бўлдик.

Давлат котиби Марко Рубио ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бир неча ой олдин телефонда гаплашди. Кейинроқ  вазир бошқа юқори мартабали ҳукумат амалдорлари билан бирга Вашингтонда бўлиб, Давлат департаментида котиб Рубио ва Оқ уйда миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майкл Уолц ва бошқа юқори мартабали мулозимлар билан учрашди. Дунёда АҚШ билан бундай даражада алоқага эга давлатлар кам.

Маълумки, Трамп маъмуриятининг устувор йўналишларидан бири АҚШдаги миграция масаласи ҳисобланади. Биз аввалгидек Ўзбекистон билан бу соҳадаги ҳамкорликдан мамнунмиз.

Ўлкангиз фуқароларини АҚШга ноқонуний киришдан қайтариш, уларга Қўшма Штатларга боришнинг қонуний йўлларини тушунтириш мақсадида миграция масалалари билан шуғулланаётган икки томонлама ишчи гуруҳ тузилган. Айтиш ўринлики, АҚШга саёҳат қилиш ёки ишлашни таклиф қилиб пул ундираётган одамлардан жуда эҳтиёт бўлиш керак.

Шунингдек, биз терроризм, гиёҳванд моддалар ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш каби долзарб масалаларни фаол муҳокама қилишда давом этяпмиз.

Вашингтонда ўзаро савдо ҳажмини ошириш, Америка компанияларини Ўзбекистонда ишлашга кўпроқ жалб этиш ва улар учун ахборот технологиялари, муҳим фойдали қазилмалар, ядро энергетикаси соҳаларида юртингиз билан ҳамкорликда эришган муваффақиятимиз муҳокама қилинди. Бу соҳаларнинг барчаси жуда истиқболли эканига ишонамиз.

Биз интиқлик билан кутаётган, жорий йил июнь ойида бўлиб ўтадиган Тошкент инвестиция форумига АҚШ савдо делегацияси ташриф буюриши кутиляпти.

Шундан сўнг дипломат журналистларнинг расмий Вашингтон ва Тошкент муносабатларига оид саволларига жавоб берди.

– Президент Трампнинг ташқи сиёсат бўйича “Америка биринчи” тамойилини ҳисобга олсак, АҚШнинг Марказий Осиёдаги роли қандай бўлиши мумкин?

– Марказий Осиё давлатлари билан янада чуқурроқ ҳамкорлик қилиш “Америка биринчи” сиёсатини амалга оширишга ёрдам беради. Ўзбекистондаги фаолиятимиз шериклик ва ўзаро манфаатга асосланган. Трамп маъмуриятининг Ўзбекистон ҳукумати билан яқин ҳамкорлик қилишига сабаб биз бу юртда Америка фуқаролари учун манфаат кўряпмиз.

Ўзбекистон жадал ривожланаётган, аҳолиси кўп, бозори катта давлат. Ўйлайманки, дунёнинг энг яхши технологиялари ва бизнес амалиётини таклиф этувчи кўплаб компанияларимиз республика билан икки томонлама манфаатли савдо алоқаларини йўлга қўйиши мумкин.

– Биламиз, яқинда Дональд Трамп ташқи ёрдамни девальвация қилиш тўғрисидаги махсус фармонни имзолади. Бу Ўзбекистондаги мавжуд ва келажакдаги лойиҳаларга қандай таъсир қилади?

– АҚШ ташқи ёрдамини кўриб чиқиш жараёни Ўзбекистонга алоҳида тааллуқли эмас, балки бутун дунё бўйлаб кечяпти. Бундан кўзланган мақсад  аниқ: ҳар қандай янги маъмурият кўмак дастурлари ҳукумат кун тартибини қўллаб-қувватлашига ишонч ҳосил қилишни хоҳлайди.

Биз соғлиқни сақлаш, хусусан силга қарши кураш соҳасида кичик миқёсдаги гуманитар ёрдам дастурлари бўйича қарорлар қабул қилдик. Бу дастурлар давом этади.

Баъзи таълим дастурлари тўхтатилади. Бинобарин, келажакда ёрдам дастурлари маъмурият кун тартибини бевосита қўллаб-қувватлашини таъминлашга ҳаракат қиламиз.

– Жорий ой бошида Самарқандда Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи стратегик шериклик ҳақидаги муҳим ҳужжатни имзолади. Қўшма Штатларнинг бу икки минтақа стратегик шериклигига муносабати қандай?

– Ўзбекистон яқин қўшнилари, АҚШ ёки Европа Иттифоқи билан мукаммал муносабатлар ўрнатишга қодир. Қўшма Штатлар буни тушунади ва қўллаб-қувватлайди.

Ўйлаймизки, бу Ўзбекистоннинг Қўшма Штатлар билан мустаҳкам алоқаларига тўла мос келади.

– Марказий Осиё давлатлари мустақилликка эришгандан кейинги 30 йилдан кўп давр ичида АҚШ етакчилари минтақага кам келган. Эҳтимол, умуман келмаган, десак ҳам бўлар. Яқин йилларда АҚШ Президенти ёки Давлат котибининг ўлкамизга келиши режаси борми?

– Юқорида таъкидлаганимдек, яқинда юртингизнинг юқори мулозимли давлат амалдорлари Вашингтонга ташрифи чоғида президент Трампни Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф қилишган. Оқ уй бу таклифдан хурсанд бўлганини биламан.

Ишончим комилки, Оқ уй маъмурияти бу масалани яхшилаб ўрганиб чиқади. Айтганингиздек, 30 йил АҚШ Президентининг минтақага ташриф буюриши учун бу арзирли вақт.

– Трамп олдинги маъмуриятдан фарқли ўлароқ иммиграция, иш ва таълим масалаларига қандай ёндашади?

– Трамп маъмурияти иммиграция масаласида анча кескин йўл тутмоқда. Шу билан бирга ҳозирги маъмурият келаётган сайёҳ, талаба, бизнесменларни, агар улар қонуний равишда келса, олқишлайди.

Ўтган йил 1000 дан зиёд Ўзбекистон фуқароси АҚШ университетларида таҳсил олди. Бу рақам ўсишда давом этишини хоҳлаймиз ва кутамиз.

Ҳозир АҚШда чет эл фуқаролари учун ишлаш имконияти чекланган. Афсуски, аввалги йилларда чегарани кесиб ўтиб, бошпана сўраб, ноқонуний иш топиш ниятида юрган кўп одамларни кўрдик. Менимча, бундай имконият Трамп маъмуриятида мавжуд бўлмайди. Хуллас, Қўшма Штатларда ишламоқчи бўлган одамлар учун бу қийинроқ кечишини айтмоқчиман.

– Президент Трамп маъмурияти кўплаб мамлакатлар, хусусан Ўзбекистон учун ҳам савдо тарифини эълон қилган. Мамлакатимиз расмийларининг Вашингтонга ташрифи чоғида бу борада музокара олиб борилдими? Ўзбекистон учун савдо тарифи бекор қилинадими?

– Қўшма Штатлар дунёнинг деярли барча давлатларига тариф қўллади. Адашмасам, Ўзбекистонга нисбатан энг паст тариф белгиланган.

Вашингтонда мен қатнашган учрашувларда бу ҳақда гап кетмади. Айни пайт ҳам АҚШда делегациянгиз борлигидан хабардорман. Эҳтимолий муҳокама мавзулари орасида савдо ва тариф масаласи бўлишини кутган бўлардим.

Ўткир АЛИМОВ ёзиб олди.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech