Кам таъминланган шахслар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиши мумкин

Мамлакатимизда Конституция ва қонунларимиз билан инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш ҳамда уларнинг малакали юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилган.

Хусусан, “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонунда фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқидан тўлиқ фойдаланиш имконияти яратилди. Мазкур қонун билан умумий юрисдикция судларида давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифаси белгилаб қўйилган. Аммо кам таъминланган шахслар Конституциявий судга мурожаат қилганда уларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш амалдаги қонунларда тартибга солинмаган. 

Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг йиғилишида кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. 

Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кам таъминланган шахсларга ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида Конституциявий судга мурожаат этганда, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқини белгилашга қаратилган қўшимчалар киритилмоқда. 

Қонун лойиҳаси фуқароларнинг конституциявий одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга, давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган. 

Фракция аъзолари қонун лойиҳаси бўйича фикр ва таклифларини билдириб, уни қўллаб-қувватлади. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech