Ҳинд олимлари Кашмир музликлари ҳарорат кўтарилиши туфайли жадал суръат билан эриб, Ҳимолайдаги миллионлаб одамни сув билан таъминлаш жараёнига таҳдид солаётганидан хавотир билдирмоқда. “Ховар” агентлиги шу ҳақда махсус мақола эълон қилган.
Кашмир университети Геология ва геофизика бўлими томонидан ўтказилган тадқиқот кўрсатдики, музлар тез эриши минтақа иқлимини ўзгартириб, қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик, чорвачилик ва ўрмон хўжалигида банд 10 миллионга яқин аҳолининг учдан икки қисми турмуш шаротиига хавф солмоқда.

Олимлар таъкидлашича, сўнгги 40 йилда Кашмирдаги энг йирик Колахой музлиги ҳажми тахминан 11 квадрат километрдан 4,44 квадрат километргача, яъни 18 фоиз камайган, минтақадаги бошқа музликлар эса худди шу даврда 16 фоизини йўқотган.
Кашмирнинг асосий оби ҳаёт ўзани – Желум дарёсини тўйдирадиган Колахой суви мамлакатдаги аҳоли энг кўп Панжоб вилояти қишлоқ хўжалигида муҳим аҳамият касб этади.
Ўтган йил “Action Aid” халқаро хайрия ташкилоти минтақанинг аксарият қисмида муз ҳажми қисқариб бораётганидан огоҳлантириб, иқлим ўзгариши ёғингарчиликка таъсир қилаётгани, оқибатда озиқ-овқат ишлаб чиқариш камайганини маълум қилганди.

Нью-Деҳлидаги Энергетика ва ресурслар институти бош музликшуноси, профессор Сайид Иқбол Ҳаснайн айтишича, тадқиқот натижаси иқлим тизими исиб бориши аниқлигини яна бир бор тасдиқлаган.
1995 йилдан бери музликларни ўрганаётган ҳинд геологи Ражив Упадхай фикрича, янги тадқиқот хулосаси аввалгилари билан мос келади.
– Тадқиқот Ҳимолай музлигининг тахминан 90 фоизи қисқариши умумий тенденциясини тасдиқлайди. Баъзи музликлар даҳшатли суръатда – йилига 44-45 метр камайоқда, – дейди олим.
С.Раҳимов, ЎзА
- Қўшилди: 09.06.2025
- Кўришлар: 687
- Чоп этиш