Коррупцияга қарши ички назоратга оид ҳуқуқий эксперимент қандай натижа кўрсатмоқда?

  Қарор ва ижро

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 21 апрелдаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан коррупцияга қарши ички назорат тизими самарадорлигини ошириш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказилмоқда. 

Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаб, унинг олдини олиш, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, маиший коррупциянинг олдини олиш бўйича фаолият олиб боради. 

Шу билан бирга, давлат харидларини амалга оширишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик чораларини кўради. Меҳнат жамоасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боради. 

Қарорда 2027 йил 1 январгача ҳуқуқий эксперимент тариқасида Соғлиқни сақлаш, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Сув хўжалиги вазирликларида, «Ўзбекнефтгаз», «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамиятлари эксперимент ўтказиладиган ташкилотлар этиб белгиланди.

Мазкур ташкилотлар коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари раҳбари лавозимига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари тайинланди. 

         Орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтди. Ҳуқуқий эксперимент қандай натижа бермоқда? 

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳуқуқий экспериментнинг дастлабки натижалари кўриб чиқилди. 

Соғлиқни сақлаш вазирлигида жорий этилган янги “Ситуацион марказ” тизими орқали июль ойи ҳолатига кўра, 1 минг 280 нафар раҳбар ва ходимда манфаатлар тўқнашуви ҳамда непотизм ҳолатлари аниқланган. Ҳозирда вазирлик коррупцияга қарши халқаро стандартларни жорий этиш устида иш олиб бормоқда.

Сув хўжалиги вазирлиги коррупция билан боғлиқ жиноят ва ҳуқуқбузарликлар кўрсаткичи юқори бўлган ҳудудни "Коррупциядан холи сув хўжалиги тизими"га айлантириш лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. Бунда асосий эътибор тизимда рақамлаштириш орқали инсон омилини қисқартириш, энг муҳими, айни жараёнларда кенг жамоатчилик иштирокини таъминлашга қаратилмоқда. 

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан қурилиш жараёнларини реал вақтда назорат қилиш имконини берадиган тизим йўлга қўйилди. Қурилишда шаффофликни таъминлаш мақсадида “Шаффоф қурилиш” ахборот тизими такомиллаштирилмоқда. 

«Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятида 745,0 миллион  сўмлик ноқонуний давлат харидларини амалга оширилишининг олди олинди. Махсус платформада тўғридан-тўғри шартномалар бўйича контрагентларни текшириш модулини такомиллаштириш ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда. 

«Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамиятида коррупциянинг олдини олиш мақсадида ягона “Suv dispetcher” диспетчерлик тизими жорий этилди. Шунингдек, ичимлик суви истеъмолини аниқ ҳисобга олиш учун смарт-ҳисоблагичлар ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов мазкур тузилмаларда фаолият юритаётган ходимлар билан мулоқот қилиб, ҳуқуқий эксперимент доирасида белгиланган вазифалар ижросини самарали таъминлаш, ички назорат тизимларини янада такомиллаштириш, коррупциявий хавфларни олдиндан аниқлаш ҳамда халқаро стандартлар асосида ишлаш бўйича келгусидаги вазифаларни белгилаб берди.

                                                         Норгул Абдураимова, ЎзА 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech