Коррупцияга қарши курашишда янги босқич бошланди

Куни кеча давлатимиз раҳбарининг “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида” фармони қабул қилинди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов мазкур ҳужжатнинг муҳим жиҳатлари ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Президентимизнинг фармони билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг 2025 йил 5 мартда ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати ва амалий чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.  

Вазирлик ва идоралар раҳбарларига мазкур фармон ва унинг доирасида белгиланган вазифаларни сифатли, ўз вақтида ва сўзсиз бажарилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклатилди.  

Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши эндиликда ҳар йили ҳудудлар кесимида коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш, шу жумладан, маиший коррупцияга барҳам бериш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини шакллантириш бўйича йўл харитасини тасдиқлайди. Шу билан бирга, йўл харитаси устидан назоратни таъминлайди.  

Олий Мажлис палаталари ҳар йили бюджетдан энг кўп маблағ оладиган учта вазирлик ва идорада коррупциявий омилларни аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритади.  

Вазир ва ҳокимлар лавозимига номзодлар тегишлича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари кенгашларида кўриб чиқилаётганда улар томонидан коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ режа ҳимоя қилинишига оид тартиб йўлга қўйилади.  

“Жиноятчиликка қарши курашиш ҳафталиги” давомида ҳар ойнинг 1-5 саналарида режа асосида “қизил” тоифадаги маҳаллаларга тушиб, ҳар бир жиноятни келиб чиқиш сабаблари ва омиллари таҳлил қилинади ҳамда прокурор ва ички ишлар бошлиқлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича аниқ тавсиялар берилади.  

Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янги тартиб асосида йўлга қўйиш мақсадида прокурор, ички ишлар ва солиқ органлари раҳбарлари секторлар фаолияти бўйича юклатилган вазифалардан озод этилади. Секторлар ишига Бош вазир ўринбосарлари ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари масъул этиб белгиланади.

Давлат харидларида сотиб олинадиган товар ва хизматлар нархи ҳамда унинг ўртача бозор нархи ўртасидаги тафовутнинг энг кўп йўл қўйиладиган чегарасидан четга чиққан ҳолда харидларни амалга оширган мансабдор шахслар жавобгарликка тортилади.  

Тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) турларини камида 2 баравар қисқартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Жорий йилнинг 1 июлидан йирик инвестиция лойиҳаларида коррупцияга қарши халқаро стандартлар ҳамда йирик аукцион шартларини рақобатбардошлик экспертизасидан ўтказиш тартиби жорий этилади.

Йил якунига қадар халқаро тендер объектлари бўйича субпудратчиларни “Шаффоф қурилиш” тизими орқали жалб қилиш, қиймати 2 миллион АҚШ долларигача бўлган халқаро молия ташкилотлар ҳисобидан молиялаштириладиган маҳаллий тендерларни “Шаффоф қурилиш” тизимида ўтказиш ҳамда халқаро тендерлар бўйича жалб қилинган чет эл пудрат ташкилотлари шартнома қийматининг камида 60 фоизини ўз кучи билан бажариш тартибини жорий этиш чоралари кўрилади.

2026 йил 1 январга қадар вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар томонидан кўрсатиладиган барча давлат хизматларини туман (шаҳар) кесимида аҳолининг ўзи баҳолайдиган тизим жорий этилади. Бунда, аҳоли томонидан “қониқарсиз” деб баҳоланган давлат хизматларини кўрсатувчи вазирлик, идора раҳбарлари ҳамда туман ва шаҳарлар ҳокимларининг шахсий жавобгарлиги белгиланади.  

Аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган саволларига мобиль телефон орқали содда ва қулай шаклда жавоб олиш имкониятини берадиган онлайн платформа ишга туширилади.  Шунингдек, фуқароларга сифатли юридик ёрдам кўрсатилишида адвокатлар фаолиятига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. 

Норгул Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech