Женевада 26 февраль куни ўз ишини бошлаган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 55-сессияси давом этмоқда. Куни кеча сессиянинг Олий даражадаги сегментида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов сўзга чиқди.
Сессиянинг очилиш маросимида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш нутқ сўзлади. Бош котиб жорий йил сентябрида бўлиб ўтадиган Келажак саммити ушбу халқаро ташкилотга аъзо давлатлар учун инсон ҳуқуқларига асосланган тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш ҳамда бу борада янги мажбуриятларни зиммага олиш учун қулай имконият яратишига ишонч билдирди.
Шу нуқтаи назардан, БМТ ўз фаолиятининг барча йўналишларидаги саъй-ҳаракатлардан фойдаланган ҳолда, инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, бу борада йўл қўйилган салбий ҳолатларни аниқлаш ва бунга қарши таъсирчан амалий чоралар кўриш борасида бир ёқадан бош чиқариб ишлаши ниҳоятда муҳим, деб қайд этди А.Гутерриш.
Ўз навбатида, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк сессия иштирокчилари эътиборини “БМТ ва унинг институтлари фаолиятининг қонунийлиги”ни шубҳа остига олишга қаратилган айрим асоссиз ҳаракатлар ҳалигача давом этаётгани туфайли глобал миқёсда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш борасидаги ишлар жиддий таҳдид ичида қолаётганига қаратди.
Ф.Тюркнинг аниқлаштиришича, бу ўринда БМТнинг инсонпарварлик вазифаси билан шуғулланадиган ташкилотлари ва “мовий каскалар” деб аталадиган тинчликпарвар кучларига нисбатан дезинформация, яъни ёлғон ахборот тарқатиш ҳолатлари ҳақида сўз бормоқда. БМТ фаолиятининг қонунийлигидан ноҳақ шубҳаланиш, охир-оқибатда, мазкур халқаро ташкилот ёрдамидан умид кутиб яшаётган қанчадан-қанча инсонларга нисбатан хиёнат ҳисобланади, деди БМТ Олий комиссари.
Очилиш маросимида, шунингдек, БМТ Бош Ассамблеяси Президенти Деннис Френсис сўзга чиқиб, бутун дунёда халқаро гуманитар ҳуқуқ, ҳатто БМТ Низоми ҳам таҳдид остида қолаётганидан огоҳлантирди. Бош Ассамблея раҳбари уқтирганидек, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганига 75 йил тўлганидан кейинги шу кунларда ҳам турли можаролар, иқлим ўзгаришлари оқибатида ер юзида 300 миллион киши инсонпарварлик ёрдамига ўта муҳтож ҳолатда яшамоқда. Шундан қарийб 114 миллион нафарини қочоқлар ва ўз мамлакатлари ичида қўним тополмаган кўчманчи инсонлар ташкил этади.
Сессиянинг Олий даражадаги сегменти ишида мамлакатимиз делегацияси аъзолари иштирок этмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 27.02.2024
- Кўришлар: 2798
- Чоп этиш