Женевада 26 февраль куни ўз ишини бошлаган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 55-сессияси давом этмоқда. Cессиянинг Олий даражадаги сегментида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов сўзга чиқди.
Шу кунларда “БМТ янгиликлари” сайтида “БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши қандай тузилма?” деган ном билан долзарб мақола эълон қилинди. Унда қайд этилганидек, Бош қароргоҳи Женевада жойлашган Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш халқаро ҳамжамият учун кенг тармоқли форум ҳисобланади ва инсон ҳуқуқларига оид ҳар қандай масалани кўриб чиқишга ваколатлидир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш 2006 йил 15 мартда БМТ Бош Ассамблеясининг 60/251-резолюцияси билан ташкил этилган. Мазкур резолюция асосида Кенгаш инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳар бир давлат мажбуриятлари бажарилишининг Универсал даврий таҳлилини амалга оширади ҳамда шу орқали универсал миқёсда ва барча давлатларга бир хил муносабатни таъминлайди.
Давлатлар Универсал даврий таҳлил доирасида инсон ҳуқуқларининг барча соҳалари бўйича миллий маърузаларини ҳар
4 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга тақдим этади. Кенгаш инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда ва мунтазам равишда бузиш ҳоллари билан боғлиқ воқеалар ва амалиётни муҳокама этиб боради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш БМТнинг бутун дунёда барча инсон ҳуқуқлари рағбатлантирилиши ва ҳимоя қилиниши учун асосий масъул органи ҳисобланади. Кенгашнинг бош вазифаси – эркинлик, қонун устуворлиги ва адолатни тарғиб қилишдир.
Кенгаш бирон-бир фарқларсиз ва адолат ҳамда тенглик асосида барча учун инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини умумҳурмат қилиш ва ҳимоя қилиш ишига кўмаклашади. Инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар бўйича ўзининг тегишли тавсияларини таклиф этади.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 47 та аъзо давлатдан иборат. Ўзбекистон миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор 2020 йил 13 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида бўлиб ўтган сайловларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга – 2021-2023 йилларга сайланган.
Ўз навбатида, БМТ Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20 декабрдаги резолюциясига асосан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси ташкил этилган. Ушбу тузилма БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти учун асосий масъул ва мувофиқлаштирувчи бўлинмадир.
Олий комиссар Бошқармасининг қароргоҳи Женевада жойлашган. Шунингдек, 19 мамлакат ва 12 та минтақада вакиллар, 11 та тинчликпарвар миссия ҳамда жойларда инсон ҳуқуқлари бўйича ўнлаб маслаҳатчилар фаолият олиб бормоқда. Жами ходимлар сони қарийб 2 минг нафарга етади. Фолькер Тюрк БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари лавозимига 2022 йил 17 октябрда сайланган.
Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси самарали ва мустақил фаолият юритишини қўллаб-қувватлайди. Мамлакатимиз билан БМТнинг мазкур Бошқармаси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ўртасидаги ҳамкорлик амалий руҳда изчил ривожланмоқда.
28 февраль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш 55-сессиясининг Олий даражадаги сегменти якунланди. Сессиянинг иши 5 апрелгача давом этади ва тарихдаги энг узоқ чўзилган сессияга айланади.
Сессия давомида Ғазо, Судан ва Украинада кечаётган урушлар билан боғлиқ ҳолат муҳокама қилинади. Шунингдек, бутун дунёдаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг аҳволи ва 50 дан зиёд мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият атрофлича кўриб чиқилади.
Сессияда мамлакатимиз делегацияси аъзолари иштирок этмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 28.02.2024
- Кўришлар: 2750
- Чоп этиш