Янги Ўзбекистонда аёлларнинг ўрни тобора кучаймоқда

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни

 

Мамлакатимизда фаол гендер сиёсати доирасида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий мавқеини мустаҳкамлаш бўйича жадал ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сес­сия­сида қайд этганидек, "Биз учун гендер тенглик сиё­сати устувор масалага айланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучаймоқда".

Бу ҳақда сўз борганда, аввало, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 58-моддасида: “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқлидирлар.  Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ  ҳамда имкониятларни таъминлайди”, деб белгиланганини таъкидлаш лозим. Ушбу конституциявий кафолатлар бугунги кунда ҳаётимизнинг барча соҳаларида ўз ижобатини топмоқда.

Хусусан, 2023 йилда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган қонунчилик асосларини такомиллаштириш йўналишида 13 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Бу ўринда 3 та қонун, Президентнинг 2 та фармони ва 2 та қарори ҳамда ҳукуматнинг 6 та қарори ҳақида сўз бормоқда.

Бунда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ҳамда Сайлов кодексига сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сонининг 30 фоиздан 40 фоизга оширишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилганини алоҳида қайд этиш мақсадга мувофиқдир.

Қолаверса, кейинги йилларда Ўзбекистонда "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғ­­рисида"ги ва "Хотин-қиз­лар­ни таз­йиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунлар қабул қилинди. Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳукумат ва жа­мият­даги ролини оширишга, уларнинг бандлигини таъминлашга, аёллар тадбиркорлигини ҳамда илм-фан ва технологиялар соҳасидаги иштирокини ривожлантиришга ва муҳтож аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ўнлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар амал қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаёти ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларнинг келгусида ҳам қатъий давом эттирилишини таъкидлагани бежиз эмас. Чунки бу – давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Президентимизнинг  2022  йил  7  мартдаги  “Оила  ва  хотин-қизларни  тизимли қўллаб-қувватлашга  доир  ишларни  янада жадаллаштириш  чора-тадбирлари  тўғрисида”ги  фармони  билан  2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича миллий дастур тасдиқланди. Мазкур ҳужжат  билан  хотин-қизларнинг  ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашга  қаратилган  қатор  чора-тадбирлар белгилаб  олинди  ва  амалий  ижроси  таъминланаяпти.

Жумладан, ижтимоий ҳимояга  муҳтож  оилаларда  вояга  етаётган  қизларга  олий  таълим  муассасасида  таҳсил олиши учун 4 фоизли квота ажратилди. Олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда ўқиётган хотин-қизлар учун фоизсиз  таълим  кредитлари  жорий  қилинди,  магистратура  босқичида  ўқиётган барча хотин-қизларнинг шартнома тўловларини давлат томонидан қоплаш тартиби белгиланди.

Эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг  таълим  шартномаларини маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартисиз қоплаш  тартиби  жорий  қилинди. Яна бир муҳим қадам: ижтимоий фаол аёлларни раҳбарлик лавозимларига  тайёрлаб  бориш,  уларни  ўқитиш, малакасини  ошириш  бўйича  ўзига  хос тизим яратилди.

Бундай хайрли ишлар изчил давом эттирилмоқда. Шу мақсадда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида аёлларимизга бўлган эътиборни энг қуйи бўғин – маҳаллагача етказиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг янги тизими яратилиши белгиланди.

Тараққиёт стратегиясининг 69-мақсади “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш” деб номланган. Айни мақсад ижроси доирасида, жумладан, хотин-қизларнинг таълим олишига қўшимча шарт-шароитлар яратиш, илм-фан соҳасида аёлларнинг ўрнини янада оширишга катта эътибор қаратилмоқда.

Жойларда имтиёзли кредитлар ва лизинг ажратиш, хотин-қизларни ишга жалб қилган ҳолда кооперация усулида тадбиркорликни йўлга қўйиш масалалари доимий диққат марказида турибди. Айниқса, “Аёллар дафтари”га киритилган ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш лозим бўлган хотин-қизларнинг тиббий муолажа харажатларини қоплаб беришдек эзгу амаллар изчил бажарилмоқда.

Тараққиёт стратегиясининг 60-мақсадида репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича долзарб масалалар қамраб олинган. Шунингдек, 85-мақсад доирасида аёллар орасидаги ишсизлик даражасини 2 баробар камайтириш, 80 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш, хотин-қизларни тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Яна бир муҳим ҳужжат – 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикаси гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2023 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастуридир. Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасида эътироф этилганидек, Дастур ижроси доирасида Давлат бошқаруви академиясининг раҳбар хотин-қизларни тайёрлаш бўйича курсларида 319 нафар хотин-қиз ўқитилган.

Миллий кадрлар захирасига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, ўринбосарлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарлари ҳамда туман ва шаҳар ҳокимлари лавозимлари учун жами 970 нафар, шундан 162 нафар номзоддан иборат кадрлар захираси шакллантирилган.

Юртимизда хотин-қизларнинг илм-фан ва таълим тизимида ҳам фаол иштирок этишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат илмий ташкилотлари, олий таълим муассасалари докторантурасига хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратиб борилаётгани бу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. 

Яқиндагина Ўзбекистонда аёлларга 2,5 тоннадан ортиқ юк автомобили ҳамда 14 кишидан кўп йўловчили автобусларни бошқариш ҳуқуқи берилди. Яъни, эндиликда хотин-қизларни камситиш билан боғлиқ ҳар қандай ғов-тўсиқлар амалда барҳам топмоқда.

Ўз навбатида, Гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2024 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастуридан истиқболдаги янада муҳим масалалар ўрин олди.

Маълумки, жорий йилда мамлакатимизда парламент сайлови бўлиб ўтади. Шу маънода, хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини оширишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, давлат хизматидаги хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий салоҳиятини ошириш каби масалалар ҳам алоҳида аҳамият ва долзарблик касб этмоқда.

Биз самаралари ҳақида сўз юритган миллий стратегия ва дастурларнинг яна бир муҳим аҳамияти бор. Бу ҳужжатларнинг ижроси Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар режаси, Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция, Барқарор ривожланиш мақсадлари каби халқаро шартномалар доирасидаги мажбуриятларимизни бажаришга ҳам кўмаклашади.

Ҳақиқатан ҳам, мамлакатимизда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, уларнинг ўз салоҳиятини намоён этишлари учун шароитларни кенгайтириш, гендер тенглик, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилиб бормоқда. Энг муҳими, бугунги кунда  ўз хонадонининг файзу фариштаси бўлган аёлларимиз давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги ислоҳотларда фаол иштирок этмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг 2023 йили Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида:Янги Ўзбекистонни барпо этишда, Учинчи Ренессанс бунёдкори бўлган ёш авлодни тарбиялашда сизларга, сизларнинг буюк мураббийлик фазилатларингизга таянамиз”, деган самимий эътирофлари меҳрибон оналаримиз, қадрли опа-сингилларимиз, лобар қизларимизга чексиз фахр-ифтихор бағишлади. Бинобарин, шу юксак ишончни оқлаш йўлида бугун ҳар биримиз оила даврасида тинч-омон, соғ-саломат, фаровон ва бахтли турмуш кечириш баробарида, давлатимиз ва жамиятимиз ҳаётида фаол иштирок этишга астойдил интилмоқдамиз.

 

Фарида ХАКБЕРДИЕВА,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими

бош мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech