29 апрель куни Инсон ҳуқуқлари уйида Тошкент давлат транспорт университети ҳуқуқшунослик йўналиши иккинчи босқич талабалари учун шу мавзуда маҳорат дарси бўлиб ўтди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ташкил этилган тадбир Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ўтказилди.
Машғулот аввалида Миллий марказ масъул ходими Н.Султонов талабаларга давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил мамлакатимизда – Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили деб эълон қилинганининг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида тушунча берди. Бу борадаги Давлат дастурида белгиланган вазифалар тўғрисида батафсил тўхталди.
Мулоқот асносида фуқароларнинг экологик ҳуқуқ ва мажбуриятлари хусусида ҳам сўз борди. Миллий марказ масъул ходими Р.Атовуллоев, шунингдек, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка киритиш учун таклифлар бериш тартиби ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши юзасидан атрофлича фикр юритди.
Миллий марказ масъул ходими А.Муҳримбоев Инсон ҳуқуқлари соҳасида таҳлил ва тадқиқотлар бўлими фаолияти ҳақида гапирди.
Ўз навбатида, Миллий марказнинг Ахборот-ресурс мультимедиа бўлими бошлиғи Ҳ.Мўминов ёшларга Инсон ҳуқуқлари уйида ҳуқуқий маърифат тарғиботи учун яратилган имкониятлар тўғрисида маълумот берди.
Талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан тадбирда фаол қатнашдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 29.04.2025
- Кўришлар: 175
- Чоп этиш