2023 йил 30 апрель – янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси референдум орқали қабул қилинган кун
Бундан роппа-роса икки йил аввал, 2023 йил 30 апрель, якшанба куни ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериш орқали янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди. Бу ҳақда Конституциявий комиссия раиси – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотнинг бош ғоявий илҳомлантирувчиси, шубҳасиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳисобланади. Конституциявий ислоҳотнинг асосий ташаббускори эса мамлакатимиз аҳолисининг кенг қатламидир.
Маълумки, 2021 йилги Ўзбекистон Президенти сайлови жараёнида барча номзодларнинг электорат вакиллари билан учрашувлари чоғида ҳаётий талабдан келиб чиққан ва мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлган муҳим таклиф илгари сурилди. Бу – конституциявий ислоҳотни амалга ошириш.
Ўз навбатида, 2021 йил 6 ноябрдаги Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида сўзлаган нутқида конституциявий ислоҳотнинг назарий асоси сифатида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси белгилаб берилди. Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобида ҳам конституциявий ислоҳотга алоҳида бир фасл бағишланган.
Ҳақиқатан ҳам, ҳуқуқий давлатда Конституция билан жамият ривожи ўртасида узилиш бўлмаслиги керак. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда 2022-2023 йилларда амалга оширилган конституциявий ислоҳот – Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси тақозосига айланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2022 йил 20 май куни бўлиб ўтган қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия тузилиб, унинг таркиби ва вазифалари белгиланди. Ўзбекистон Президенти томонидан Конституциявий комиссия фаолиятининг учта босқичи аниқ белгилаб берилди.
Шу асосда Конституциявий комиссия конституциявий ислоҳотнинг 2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтган референдумгача бўлган барча ташкилий-ҳуқуқий тадбирларида бош-қош бўлди. Давлатимиз раҳбари уқтирганидек, “конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади”.
Бу ҳақда сўз борганда, Конституциямизнинг 9-моддасида: “Жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилади, умумхалқ овозига – референдумга қўйилади. Ўзбекистон Республикасида референдум ўтказиш тартиби қонун билан белгиланади”, деган норма мустаҳкамланганлигини таъкидлаш ўринлидир.
Асосий қонунимизнинг “Конституцияни ўзгартириш тартиби” номли олтинчи бўлими айни масалага оид иккита моддадан ташкил топган. Жумладан, 154-модданинг биринчи бандига мувофиқ: “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги томонидан қабул қилинган конституциявий қонун ёки Ўзбекистон Республикасининг референдуми билан киритилади”. Мазкур норма Бош қомусимизнинг эски матнида 127-моддада қайд этилганлигини ҳам айтиб ўтиш лозим.
– Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳаси бўйича референдум қандай ташкил этилди?
– Даставвал, 2023 йил 9-10 март кунлари бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарор қабул қилинди. Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдумни ўтказиш санаси – 2023 йил 30 апрель деб белгиланди.
Депутатлар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг референдумни ўтказиш тўғрисидаги қарори юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди хулосасини олиш тўғрисидаги масала ҳам қўллаб-қувватланди. Бинобарин, 2023 йил 13 март куни мазкур қарорнинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги иш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қарори қабул қилинди.
Яъни, Конституциявий суд томонидан тегишли Конституциявий қонун лойиҳасини референдумга қўйишга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар аниқланмади. Конституциявий қонун лойиҳасини референдумга қўйиш Конституцияга мувофиқ деб топилди. Конституциявий суд қарори Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенатига юборилди.
Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, Конституциявий қонун лойиҳаси 2023 йил 14 март куни Олий Мажлис Сенатида кўриб чиқилди. Мажлисда, таъкидланганидек, конституциявий ислоҳот мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида кечаётган туб ўзгаришларнинг узвий қисми бўлиб, уларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратади ҳамда Асосий қонунимизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка ва шиддатли ислоҳотларимиз мантиғига мослаштиради.
Муҳокамалар натижасида сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарор қабул қилиниб, унга кўра референдум 2023 йил 30 апрель кунига тайинланди. Шу асосда мамлакатимизда тарихий референдум ўтказилди.
Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорига кўра, референдумда овоз берувчиларнинг 84,51 фоизи иштирок этгани инобатга олиниб, 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ҳақиқий, деб топилди. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни референдумда умумхалқ овози билан қабул қилинган, деб ҳисобланди.
“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни ушбу қарор расмий эълон қилинганидан кейин кучга кирди. Мазкур қарор расмий эълон қилинган куннинг ўзида унинг ижросини ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилди.
Эътибор беринг: янги таҳрирдаги Конституциямиздаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни, Асосий қонунимиз матни қарийб 65 фоизга ортди ва халқимиз таклифлари асосида янгиланди.
Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси 7 турдаги назарий ва амалий, илмий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Айниқса, илмий муассаса ва таълим ташкилотлари янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси юзасидан таклифлар киритиш борасида алоҳида пешқадамлик кўрсатди. Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳот жараёнида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг тегишли тузилмалари, айниқса, фаол ҳамкорлик қилди.
Халқаро ҳамжамият намояндалари Ўзбекистон конституциявий ислоҳотнинг ўзига хос моделини яратиш учун бетакрор тажриба тўплаганини эътироф этдилар. Асосийси, мамлакатимизда амалга оширилган конституциявий ислоҳот юқори баҳоланиб, бу борада Ўзбекистоннинг тутган йўли тўлиқ қўллаб-қувватланди.
– Ўтган икки йилда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини ҳаётга татбиқ этиш йўлида қандай ишлар амалга оширилди?
– Янги Ўзбекистон Конституцияси доирасида мамлакатимизда Конституция ва қонунлар устуворлигини таъминлаш, давлат органлари фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитга мос ҳолда йўлга қўйиш борасида изчил ҳамда тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Чунки Конституция ва қонун устунлиги барқарор тараққиётнинг асосий мезони ҳисобланади.
Бу ҳақда сўз борганда, биринчи навбатда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” номли навбатдаги китобини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки давлатимиз раҳбари ушбу салмоқли сиёсий асарида халқимизнинг хоҳиш-иродасига биноан Асосий қонунимизда ўз аксини топган тамойилларни тўлиқ рўёбга чиқариш ва уларни ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантириш бўйича амалга ошириладиган бир қатор асосий чора-тадбирлар ҳақида батафсил тўхталган.
Айни чоғда, Ўзбекистон Президентининг дастурий маъруза ва нутқлари ҳамда фармон ва қарорлари, миллий тараққиёт стратегиялари ва давлат дастурларида Янги таҳрирдаги Конституция нормаларини мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларига изчиллик билан жорий этишнинг туб сиёсий-назарий моҳияти, ташкилий-амалий механизмлари чуқур очиб берилган.
Шу ўринда 2023 йил 8 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинганини таъкидлаш мақсадга мувофиқ. Унда белгиланганидек, янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилади.
Фармон асосида ўнлаб қонун ва қонуности ҳужжатлари янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияга мувофиқлаштирилди. Ушбу Фармон билан “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури” тасдиқланди.
Президентимиз 2023 йил 7 ноябрда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги фармонини ҳам имзолади. Фармон билан давлат раҳбарининг 10 та фармони ва 4 та қарорига тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган ҳокимлар ва халқ депутатлари Кенгашлари ваколатлари тақсимланишига асосланган давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги моделини тўлиқ амалга ошириш, маҳаллий Кенгашларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини кучайтириш, маҳаллий давлат ҳокимиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Президенти 2024 йил 2 февралда “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни қабул қилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти 2024 йил 19 февралда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Шу асосда бир қатор қонунларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ва Сенатининг янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган мутлақ ваколатларини ҳамда парламент назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилишини, қонунчилик таклифларини илгари суриш тартиби ва қонунларни қабул қилишнинг янги тартиби амалдаги қонунчиликда белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Бундан ташқари, 2024 йил 17 октябрда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатлари ҳокимларнинг ҳамда халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатларини аниқлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан тўлдирилди.
Мухтасар айтганда, Янги Ўзбекистон ҳаётининг турли соҳаларида изчил давом этаётган кенг кўламли, қамровдор ва шиддатли ислоҳотлар натижаларини мустаҳкамлашда янги таҳрирдаги Конституциямизнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Ўзбекистон Президенти эътироф этганидек, “Янги таҳрирдаги Конституция бизга инсон ҳуқуқлари, демократия, эркинлик, барқарорлик, тенглик ва тараққиёт тамойилларига асосланган ҳуқуқий ва адолатли давлат қуриш йўлларини кенг очиб берди”.
Ғулом МИРЗО ёзиб олди
- Қўшилди: 30.04.2025
- Кўришлар: 64
- Чоп этиш