Навоий шаҳри ёшлари ўртасида инсон ҳуқуқларига бағишланган тарғибот

22 май куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Навоий шаҳридаги академик лицейида ҳуқуқий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан ташкил этилган тадбир Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенциянинг 60 йиллиги, Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформасининг 30 йиллигига ҳамда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилишга бағишланди.

Асосий эътибор мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ирқий, миллий ва гендер камситишларга йўл қўймаслик, демократик қадриятларни мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар доирасида жамиятда хабардорликни ошириш масаласига қаратилди. Ёшлар бу соҳадаги халқаро ва миллий ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти билан таништирилди.

Лицей ўқитувчилари ва ўқувчилари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этган жонли мулоқотда инсон ҳуқуқлари мавзусида атрофлича сўз юритилди. Хусусан, ирқий ва гендер камситишларга қарши кураш, жамиятда барқарор адолатли муносабатлар ўрнатиш, тенглик ва бағрикенгликни таъминлаш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи Ф. Ҳайитбоев маъруза қилиб, БМТ томонидан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Ирқий камситишни тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенция ва Пекин декларациясининг моҳияти ва аҳамиятини атрофлича тушунтирди.

Маърузачи ушбу халқаро ҳужжатларнинг миллий қонунчилигимизга уйғунлаштирилиши, шунингдек, ёшлар онгида инсон ҳуқуқларига ҳурмат руҳини шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталди.

Маърузачилар ва иштирокчилар ўртасида қизғин савол-жавоб, очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбир доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази номидан Навоий академик лицейи кутубхонасига туркум янги китоблар туҳфа этилди.

Лицей раҳбарияти мазмунли тадбир ҳамда инсон ҳуқуқлари мавзусидаги илмий-оммабоп ва ҳуқуқий адабиётлар тўплами учун миннатдорчилик билдирди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech