ДОҲА, 1 июнь. /"Дунё" АА/. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори, БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси, академик Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Қатарга ташрифи доирасида ушбу мамлакатдаги ватандошлар билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Академик Акмал Саидов мулоқот чоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, мамлакатимизни "Янги Ўзбекистон" концепцияси руҳида ҳар томонлама модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди.
Ўзбекистон элчиси Ашраф Хўжаев ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим йўналишлари, жумладан, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, айниқса, ёшларни ижтимоий ҳимоя қилишни кенгайтириш, хорижий сармояларни фаол жалб этиш ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида йиғилиш иштирокчиларига батафсил маълумот берди. Мамлакатимиз миллий брендлари ва маҳсулотлари кенг намойиш этилаётган "Project Qatar Expo 2025" халқаро кўргазмасида ўзбекистонлик тадбиркорларнинг иштироки ҳақида ҳам айтиб ўтилди.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий меросини хорижда оммалаштириш, миллий брендни ва мамлакатимизнинг туристик жозибадорлигини кенг тарғиб қилиш муҳимлиги таъкидланди. Қатарда биргаликда маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш юртимиз имижини оширишга хизмат қилиши маълум қилинди.
Учрашув якунида хориждаги юртдошларимизни Ватан билан маънавий-маданий алоқаларини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг халқаро ташаббусларини жаҳон миқёсида кенг тарғиб этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш таклифи қўллаб-қувватланди.
- Қўшилди: 02.06.2025
- Кўришлар: 338
- Чоп этиш