Ўзбекистон вакили – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов ХV Халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этди. Конференция "Мартенс ўқишлари – 2025" дея номланган бўлиб, 10-11 июнь кунлари Санкт-Петербург давлат университетида бўлиб ўтди.
Академик А.Саидов ўз нутқида таъкидлаганидек, ҳозирги шароитда, яъни тинимсиз давом этаётган қуролли можаролар асносида халқаро гуманитар ҳуқуқ инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда ҳал қилувчи роль ўйнайди. Турли ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда бундай можаролар сони дунё бўйича 110 тага етган.
Ўзбекистон вакили Ф. Мартенснинг халқаро ҳуқуқ нормаларини ривожлантиришдаги, айниқса, Гаага ва Люблин конвенцияларида акс этган инсонпарварлик тамойилларини мустаҳкамлашдаги ҳиссасини алоҳида таъкидлади. Бу ғоялар бугун ҳам долзарб бўлиб, янги таҳдидларга жавоб беришда халқаро ҳамжамият учун йўл-йўриқ вазифасини ўтамоқда.
Акмал Саидов, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқни амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифлар билдирди. Халқаро амалиётда инсонпарварлик тамойилларини мустаҳкамлашга оид илмий ва таълим ташаббусларининг аҳамиятига эътиборни қаратди.
Ушбу халқаро конференция Халқаро Қизил Хоч қўмитаси ва Россия халқаро ҳуқуқ ассоциацияси кўмагида ўтказилди. Бугунги кунда айни анжуман халқаро гуманитар ҳуқуқ, умуман, гуманитар фаолият масалаларига бағишланган етакчи илмий майдонлардан бири ҳисобланади.
Иштирокчилар инсоният технологик тараққиётга қарамай, халқаро гуманитар ҳуқуқнинг қўпол бузилишларига дуч келишда давом этаётганини таъкидладилар. Бу, ўз навбатида, ушбу соҳадаги илмий, маърифий ва амалий саъй-ҳаракатларни нафақат долзарб, балки ҳаётий зарурат сифатида тақозо этмоқда.
Конференция ишида Россия, МДҲ мамлакатлари ва бошқа давлатлардан 200 дан ортиқ эксперт, тадқиқотчи, ўқитувчи, аспирант ва талабалар қатнашди. Иштирокчилар сафида университетлар, илмий институтлар, давлат органлари, қуролли кучлар, нодавлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари бор эди.
Конференция доирасида Халқаро Қизил Хоч қўмитаси фаолиятининг амалиёти ва истиқболлари, ҳуқуқий онгни шакллантириш ва халқаро гуманитар ҳуқуқ соҳасида мутахассисларни тайёрлашда таълимнинг роли, фуқароларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини ўзгартириш, халқаро жиноий одил судловни ривожлантириш истиқболлари каби масалалар кўриб чиқилди.
Халқаро анжуман якунида "Мартенс ўқишлари" иштирокчилари томонидан халқаро гуманитар ҳуқуқдан фойдаланиш ва уни замонавий шароитларда такомиллаштириш зарурлиги яна бир бор тасдиқланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 13.06.2025
- Кўришлар: 325
- Чоп этиш