Ўзбекистоннинг қонунчилик ислоҳотларига ёндашуви европалик ҳамкорлар билан муҳокама қилинди

12 июнда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий марказида Марказ директори, академик А.Саидов Германиянинг собиқ федерал адлия вазири, доктор Х.Дойблер-Гмелин билан ишчи учрашув ўтказди.

Томонлар Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотларнинг асосий йўналишлари ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилдилар. Халқаро тижорат низоларини ҳал этиш механизмларини ривожлантириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Жумладан, халқаро тижорат судлари ва арбитражларининг Ўзбекистоннинг стратегик вазифалари, жумладан, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни ҳамда хорижий инвесторлар учун жозибадор муҳит яратишдаги ўрни ва истиқболлари ҳақида фикр юритилди.

Учрашувда Ўзбекистоннинг қонунчиликни ислоҳ қилишда мувозанатли ёндашувга содиқлигига алоҳида эътибор қаратилди. Бунда миллий ҳуқуқий тизимни энг мақбул жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш устувор бўлиб, хорижий моделларни тўғридан-тўғри ўзлаштириш эмас, балки уйғунлаштириш назарда тутилмоқда. Бундай ёндашув одил судловнинг самарадорлигини ҳам, миллий ҳуқуқий суверенитетни сақлаб қолишни ҳам таъминлаш имконини беради.

Мулоқотда гуманитар-ҳуқуқий масалалар ҳам кўтарилди. Ўзбекистон томони мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга содиқлигини тасдиқлади ва 2008 йилдаёқ ўлим жазоси бекор қилинганини мамлакатнинг бу йўлдаги муҳим ютуғи сифатида таъкидлади.

Учрашув Ўзбекистон ва европалик ҳамкорлар ўртасида қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича профессионал мулоқотни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech