Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Саидов 6 июнь куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган XVIII Европа-Осиё ҳуқуқий конгрессида иштирок этди. Конгресс "Ҳуқуқ ва янги воқелик" мавзусига бағишланди.
Бу йилги ҳуқуқий анжуманда Россия, Арманистон, Беларусь, Бразилия, Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Хитой, Ҳиндистон ва Бирлашган Араб амирликлари делегатлари иштирок этди. Жами 12 давлатдан қатнашган 2 минг нафар иштирокчи орасида етакчи ҳуқуқшунослар, олимлар, сиёсатчилар ва тадбиркорлар бор.
Юридик ҳамжамият учун ўта муҳим бўлган масалалар, жумладан, малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда ҳуқуқ ва рақамли воқелик истиқболлари атрофлича муҳокама қилинган Конгресс иши доирасида қарийб 50 та тадбир ташкил этилди. Жумладан, 14 та шўъба муҳокамалари, еттита стратегик сессия ва тўққизта давра суҳбати ўтказилди.
Академик А. Саидов Европа-Осиё ҳуқуқий конгресси ялпи мажлисида сўзга чиқди ва “Алексеев ўқишлари”да "Қонуннинг юксалиши: давр қадамлари" мавзусида маъруза қилди. Ўзбек ҳуқуқшуноси ўз чиқишларида жаҳондаги тараққиёт тенденциялари, халқаро ҳамкорлик ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари, ҳуқуқий соҳа ва илм-фанга рақамлаштиришни жорий этиш масалаларига тўхталди.
Ҳуқуқий конгресс иштирокчиларига янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормалари, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида кўзда тутилган чора-тадбирлар, Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясида белгиланган вазифалар ҳақида атрофлича ахборот тақдим этилди.
Ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизнинг сунъий интеллект технологияларидан фойдаланувчи дунёнинг етакчи давлатлари қаторига киришига эришиш, шу мақсадда сунъий интеллект соҳасига доир қонунчиликни такомиллаштириш борасида қилинаётган амалий ишлар хусусида фикр юритилди.
Шунингдек, айни вақтда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилгани, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши тўғрисида сўз борди. Мамлакатимизда ҳуқуқий таълим тизимини ислоҳ қилиш ва юридик фан соҳасини ривожлантириш, жамиятни сиёсий-ҳуқуқий янгилаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш борасидаги ислоҳотлар самаралари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ташриф доирасида Акмал Саидов Урал давлат юридик академияси ректори В. Бублик, Давлат думасининг Давлат қурилиши ва қонунчилик бўйича қўмитаси раиси П. Крашенинников, Россия Халқаро ҳуқуқ ассоциацияси вице-президенти, БМТ Қийноқларга қарши қўмитаси аъзоси Б. Тузмухамедов, Свердловск вилоятининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Т. Мерзлякова, “Муаллифлик ҳуқуқи, турдош, маданий ва информацион ҳуқуқлар бўйича ЮНЕСКО кафедраси” халқаро илмий-таълим маркази директори М. Федотов билан учрашувлар ўтказди.
Мулоқотларда халқаро ва миллий ҳуқуқ масалалари юзасидан фикр алмашилди, Ўзбекистон ва Россия ҳуқуқшунослари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумот учун: Европа-Осиё ҳуқуқий конгресси 2007 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинади. Анъанавий анжуман ташкилотчилари Урал давлат юридик университети ва Россия ҳуқуқшунослари ассоциацияси ҳисобланади. Конгресс ўтган даврда Евроосиё маконидаги юристлар касаба ҳамжамиятининг ўзаро ҳамкорлик муносабатлари ва илмий-амалий изланишлари учун қулай мулоқот майдонига айланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 13.06.2025
- Кўришлар: 246
- Чоп этиш