“Конституциявий ўзгаришлар: қонун ва тартибот”

12 июнь куни Остона шаҳридаги Миллий академик кутубхонада шу мавзуда халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Анжуман Қозоғистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллигига бағишланди.

Илмий-амалий конференцияда Қозоғистон давлат органлари, парламенти, академик ҳамжамияти намояндалари, шунингдек, Германия, Италия, Россия ва Ўзбекистондан ташриф буюрган экспертлар иштирок этди. Муҳокамаларда асосан қонун давр талабларига нисбатан ҳозиржавоб бўлиши зарурлиги ҳамда қонунчилик тилининг тушунарлилигини таъминлаш масалалари ҳақида фикр юритилди.

Конференция иштирокчиси – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев қайд этганидек, дунёда доимий равишда конституциявий ислоҳотлар бўлиб туради. Бундай янгиланишлар жамиятнинг ривожланиши, давлатнинг модернизация қилиниши жараёнлари билан бевосита боғлиқдир.

Жамият ва давлат тараққиётининг муайян босқичида Конституцияни ёки унинг қайсидир нормаларини янгилаш зарурати туғилади. Бу ҳолат – ижобий жараёндир, чунки қонун ҳамиша давр билан ҳамқадам ва ҳамнафас бўлиши лозим, деб таъкидлади профессор М. Тиллабоев.

Илмий-амалий анжуман доирасида кенг кўламдаги мавзулар кўриб чиқилди. Маърузачилар, жумладан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти институтларини ислоҳ этиш, қонунчилик тили равон ва ҳамма учун тушунарли бўлишига эришиш каби масалалар юзасидан атрофлича мунозара олиб бордилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech