18 июнь куни Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси раиси Саҳиба Ғафарова Боку шаҳрида ўз ишини бошлаган "Қонун устуворлигини мустаҳкамлаш: омбудсманлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг роли" мавзусидаги халқаро симпозиум иштирокчилари билан учрашди. Анжуман ташкилотчиси Озарбайжон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳисобланади.
Симпозиумда 15 мамлакатдан, шу жумладан, Ўзбекистондан инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар раҳбарлари ва омбудсманлар, давлат органлари намояндалари, парламент депутатлари, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тажрибали мутахассислар қатнашмоқда. Улар орасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари профессор Мирзатилла Тиллабоев ҳам бор.
Учрашувда Озарбайжон пойтахти ҳозирги вақтда нафақат симпозиумга, балки минтақадаги парламентлараро ҳамкорликнинг муҳим механизми бўлган Қора денгиз Иқтисодий ҳамкорлиги Парламент Ассамблеясининг 65-сессиясига ҳам мезбонлик қилаётгани таъкидланди. Миллий Мажлис раисининг қайд этишича, бундай тадбирларни ўтказиш ва халқаро ҳамжамиятни ташвишга солаётган масалаларни муҳокама қилиш учун платформа яратиш Озарбайжоннинг мулоқот ва ҳамкорликка содиқлигини акс эттиради.
Шунингдек, С.Ғафарова меҳмонларга Озарбайжоннинг ривожланиш йўли ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ютуқлари ҳақида маълумот берди. Мамлакати дуч келган барча қийинчилик ва синовларга қарамасдан, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида сезиларли ютуқларга эришганига эътибор қаратилди. Озарбайжонда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил институтининг фаолияти ва бу соҳадаги мавжуд қонунчилик базаси ҳақида ҳам фикрлашилди.
Миллий Мажлис раиси таъкидлаганидек, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев томонидан 2025 йил мамлакатда "Конституция ва суверенитет йили" деб эълон қилингани рамзий маънога эга. Бу ўринда мамлакатимизнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини тиклаш, халқимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор ҳақида сўз бормоқда.
Учрашувда сўзга чиққанлар халқаро симпозиумда муҳокама этилаётган мавзуларнинг долзарблиги ва аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликнинг муҳимлиги таъкидланди. Бу борада қонун чиқарувчи органларнинг ўрни салмоқли экани алоҳида қайд этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 19.06.2025
- Кўришлар: 222
- Чоп этиш