Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида «Рақамли трансформация даврида ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятидаги замонавий чақириқлар ва таҳдидлар» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Унда 30 дан ортиқ давлатдан келган 100 дан зиёд олимлар, амалиётчилар, соҳавий ташкилот ва муассасалар вакиллари иштирок этди.
Конференцияда пленар мажлис ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида фан ва таълим: замонавий ёндашувлар ва чақириқлар, рақамли криминалистика ва тергов фаолиятини ташкил этишнинг янги усуллари, рақамли даврда коррупция, жиноий даромадларни ювиш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишга бағишланган учта асосий параллел сессия ташкил этилди.
Конференция доирасида пленар мажлис бўлиб ўтди. Унда қонунийликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини ривожлантириш ва коррупцияга қарши курашиш соҳаларидаги стратегик ёндашувлар ҳақида сўз юритилди. Давлат органлари фаолиятида очиқликни ошириш, трансмиллий таҳдидларга қарши курашда халқаро ҳамкорликнинг ўрни муҳимлиги қайд этилди.
Тадбирда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг фаолияти алоҳида қайд этилди. Академия ўз соҳасида етакчи таълим ва илмий тадқиқот маркази сифатида прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун юқори малакали кадрлар тайёрлашда муҳим ўрин тутмоқда. Рақамли трансформация шароитида Академия замонавий таълим методларини жорий этиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва хавфсизлик ҳамда ҳуқуқ-тартиботни таъминлашнинг долзарб масалалари бўйича илмий ечимлар ишлаб чиқишга фаол ҳисса қўшмоқда.
Конференция доирасида Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ҳамда қатор миллий ва халқаро ҳамкор ташкилотлар ўртасида англашув меморандумларини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Мазкур ҳужжатлар тажриба алмашиш, қўшма илмий лойиҳалар ва таълим дастурларини ривожлантириш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимининг институционал салоҳияти ва рақамли барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
“Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятида фан ва таълимнинг долзарб масалалари” мавзусидаги сессияда ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятида таълим ва илм-фаннинг ўрни чуқур таҳлил қилинди. Кадрлар тайёрлаш сифатини оширишнинг инновацион йўлларини муҳокама қилиш ва рақамли трансформация даврида вужудга келаётган янги таҳдидлар ва имкониятларга муносиб ечимлар ишлаб чиқишга эътибор қаратилди.
«Рақамли трансформация даврида кибержиноятларга қарши курашишнинг долзарб масалалари» мавзусидаги сессияда БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, ЕХҲТ, ЮНИСЕФ каби халқаро ташкилотлар ва бошқа давлатлар вакиллари иштирок этди.
Сессияда кибержиноятларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш, рақамли далилларни йиғиш ва таҳлил қилиш, уларни қабул қилишнинг ҳуқуқий мезонлари, рақамли муҳитда вояга етмаганларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш масаласи кўриб чиқилди. Рақамли платформаларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорлиги ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ҳузуридаги Рақамли криминалистика илмий-тадқиқот институти фаолияти натижалари муҳокама қилинди.
“Коррупцияга қарши курашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш: замонавий муаммолар ва тенденциялар” мавзусидаги сессияда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш, ноқонуний активларни қайтаришда замонавий ахборот технологияларининг ўрни ҳақида гап борди. Рақамли даврда коррупция муаммолари билан боғлиқ янги таҳдид ва чақириқлар, бунда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, шунингдек, халқаро стандартлар ва илғор хорижий илмий-амалий тажрибалар ҳақида фикр алмашилди.
Сессиянинг иккинчи қисмида жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди.
Халқаро конференция Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг халқаро экспертлар иштирокида профессионал мулоқотни ривожлантириш, инновацион ёндашувларни жорий этиш ва қонунийлик ҳамда хавфсизлик соҳасидаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган самарали ечимларни ишлаб чиқиш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлари давомийлигини яна бир бор намоён этди.
Конференция материаллари тўплам шаклида нашр этилади.
Норгул Абдураимова,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА
- Қўшилди: 19.06.2025
- Кўришлар: 167
- Чоп этиш