Тошкент шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ҳамда 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан қардош давлатлар касаба уюшмалари вакиллари иштирокида «Дўстлик» фестивали ўтказилди.
Гўзал анжуман учун ташаккур
Бауржан АЛТЕЕВ, фестиваль иштирокчиси (Қозоғистон):
– Касаба уюшмалари меҳнаткашлар ҳақ-ҳуқуқларининг ҳимоячиси. Биз бу ерга бир-биримиз билан фикр алмашиб, юракдан суҳбатлашиш учун йиғилдик. Кимда қандай тажриба бўлса, ўртоқлашди.
Бу имконни бизга тақдим этган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига катта раҳмат! Қардош халқларни бир жамоага бирлаштириб, дўстликни мустаҳкамлаб, яхшилик қилишга бел боғлаб шундай гўзал анжуманни ташкил этгани бизни жуда қувонтирди.
Дўстлигимиз янада кучаяди
Севвал МАЛКОС, фестиваль иштирокчиси (Туркия):
– Ўзбекистонда бизни жуда илиқ кутиб олишди. Бунинг учун, аввало, ташкилотчилардан миннатдормиз. Касаба уюшмаси вакиллари ҳам, жамоа ҳам ниҳоятда меҳрибон ва меҳмондўст экан.
Ўзбекистоннинг гўзаллигини кўриб, нега аввалроқ келмаганман, деб ўйладим. Бу юрт аслида бизга қардош давлат эканини яхши билмагандим. Энди эса нафақат маданиятларимиз ўхшашлигини, балки жуда кўп умумий жиҳатларимиз борлигини англадим.
Эт билан тирноқ каби
Қобилжон КОМИЛЗОДА, фестиваль иштирокчиси (Тожикистон):
– Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон давлатларининг иқтисодий, сиёсий, маданий алоқалари янада мустаҳкамланмоқда.
Мамлакатларимиз президентлари дўстлик учрашувларини ўтказмоқдалар. Биз ташрифимиз чоғида Алишер Навоий ҳайкали пойига гулдаста қўйдик. Душанбе шаҳрида ҳам Ҳазрат Навоий ва Жомий ҳайкаллари бор. Чунки бизнинг адабиётимиз бир. Бундан кўриниб турибдики, маданиятлари ўхшаш икки давлат гўёки эт билан тирноқ кабидир.
Ўхшаш маданиятимиз, ўхшаш тарихимиз бор
Гулшерин ГЕЛДИМУРАДОВА, фестиваль иштирокчиси (Туркманистон):
– Юртингизга иккинчи бор келишим. Иккала сафар ҳам ўзбекларнинг меҳмондўстлиги ва самимий меҳрини ҳис этдим.
Ўзбекистон санъат музейига ташриф буюрганимизда Туркманистон ҳудудларига оид турли экспонатларни ҳам томоша қилдик. Ўзбек миллий тақинчоқлари, кийимлари эса бизникига жуда ўхшар экан. Бу бизни жуда қувонтиради. Ўхшаш маданиятимиз, ўхшаш тарихимиз борлиги фахр туйғусини беради. Дўстлик фестивали эса, қўшни халқларнинг ўзаро алоқалари мустаҳкамлигини, бир-бирларига нисбатан ҳар доим ҳурматда эканини кўрсатади.
Бир-биримизга меҳр улашдик
Мобил МАМЕДОВ, фестиваль иштирокчиси (Озарбайжон):
– Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайди. Улар она тилларида эркин гаплаша олишади, ўз динларига эътиқод қилишади. Мен болалигимда бувимдан «Нега ўзбек халқини бунчалик яхши кўрамиз?» дея сўраганимда, «Бизнинг тилимиз, дилимиз бир. Қолаверса, улар жуда меҳмондўст халқ. Шу боис биз уларни қардош деймиз», деб жавоб бергандилар. Фестиваль туфайли мен ана шу туйғуни, бувимнинг эътирофларини юракдан ҳис қилдим. Гарчи илгари бир-биримизни кўрмаган бўлсак-да, қардошларимиз билан диллашдик, бир-биримизга меҳр улашдик.
Янада яқинликни ҳис қилдим
Аққиз АБАСБЕКОВА, фестиваль иштирокчиси (Қирғизистон):
– Келган кунимиздан бошлаб кайфиятимиз аъло даражада бўлди. Тилимиз, маданиятимиз, динимиз бирлигини, бизни бирлаштириб турган жиҳатлар борлигини сездим. Тошкентни саёҳат қилиш чоғида автобусда қардошларимиз билан бирга қўшиқ куйлаб, рақсга тушдик. Бир-биримиз билан опа-сингил, ака-укадек бўлиб кетдик. Янада яқинликни ҳис қилдик.
Куни кеча Ўзбекистон касаба уюшмалари саройини дўстлик наволари тутди. Айниқса, оқинларнинг Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолияти, абадий дўстлик ҳақидаги гўзал шеърий бахшидаси бутун зални олқишларга тўлдирди.
Ўша куни тинчлик-осойишталик ва шукроналикни мадҳ этувчи карнай-сурнай садолари қардош халқларнинг миллий куй-наволарига уланди. Бу оҳанглар одатдагидан фарқли ўлароқ, олти қардош мамлакат гўзал санъатининг юксак намойишига айланди.
Касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ҳамда 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан ташкил этилган «Дўстлик» фестивалига жамланган турли миллат вакиллари халқ оғзаки ижоди намуналари – қўшиқлар, рақслар, достону ўланлари билан дилларни ларзага солди. Гўзал рақслар, Ватан мадҳи, қардошларнинг бадиий чиқишлари йиғилганларга бир олам таассурот улашди.
Қардош дўстларимиз икки кун пойтахтимизда меҳмон бўлишди. Фестивалнинг илк куни улар Алишер Навоий ҳайкали пойига гулдаста қўйиб, буюк алломага ҳурмат кўрсатишди. Сўнгра Ўзбекистон давлат санъат музейи ҳамда Амир Темур музейида бўлишди. Экспонатларни томоша қилиб, юртимизнинг бой тарихи ва маданий мероси ҳақидаги тасаввурларини бойитишди.
Айтиш керакки, мазкур анжуман хориждан келган азиз меҳмонларни бир жойга тўплаб, маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш, дўстликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Туркиядан 59 нафар вакил ташриф буюрди. Улар кўтаринки кайфиятда, йўл-йўлакай миллий куй-қўшиқларни ижро этиб, пойтахтимиздаги гўзал масканларни сайр қилишди.
«Magic City» мажмуаси, «Oceanarium»га саёҳат, «Тескари уй» музейига ташриф чоғида тилимиз, маданиятимиз, динимиз, қарашларимиз, тарихий илдизларимиз бирлиги ҳақида суҳбатлар авж олди. Ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, мамлакатимиз йил сайин ҳар томонлама ривожланиб бораётгани эътироф этилди. Янги Ўзбекистон пойтахтининг янги, замонавий қиёфаси ҳақида илиқ фикрлар билдирилди.
Дўстона мулоқотлар фестиваль дастуридан жой олган турли кўргазмалар, концертлар пайтида ҳам давом этди.
Анжуман давомида қардошлар ўзларининг бой маданияти, тарихи ва миллийлигини акс эттирувчи тақдимотлари билан дилларга қувонч улашдилар. Ҳар бир мамлакат ўзига хос буюмлари, ўйинчоқлари, либосларини намойиш этди.
Кўзни қувнатувчи ранглар уйғунлиги, шарқона гўзаллик, бир сўз билан айтганда, санъат ва маданият миллатларни бир-бирига янада яқинлаштирди.
Саҳифани «Ishonch»
мухбирлари Диёра Равшанова ,
Қувончбек Тўраев , Эъзоза
Умурзоқова ва Мирнодир
Миракмаловлар тайёрлади.
«Ishonch» газетасининг 2025 йил 29 июль кунги 93 (5157)-сони
- Қўшилди: 30.07.2025
- Кўришлар: 99
- Чоп этиш