Замонавий дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: Ўзбекистон ва Россия тажрибаси

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида "Замонавий дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: Ўзбекистон ва Россия тажрибаси" мавзусида ҳуқуқий коллоквиум бўлиб ўтди.

Ушбу тадбир Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Татьяна Москалькованинг мамлакатимизга ташрифи доирасида ташкил этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов тадбирни очар экан, Татьяна Москалькова раҳбарлигидаги Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили делегацияси аъзоларини ва бошқа иштирокчиларни самимий қутлади.

Ушбу ҳуқуқий коллоквиум жорий йилда БМТ ташкил этилганининг 80 йиллиги, шунингдек, EХҲТнинг Хельсинки битими 50 йиллиги нишонланаётган муҳим даврда ўтказилаётгани билан ғоят аҳамиятли эканини таъкидлади. Шунингдек, 30 июль санаси бутун дунёда – Халқаро дўстлик куни ҳисобланса, мамлакатимизда Халқлар дўстлиги куни сифатида кенг нишонланади.

Бугунги куннинг муаммолари – иқлим ўзгариши, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, тариф урушлари, ноқонуний миграция, ижтимоий тенгсизлик каби масалалар кучларни бирлаштириш зарурлигини тақозо этмоқда. Фақат биргаликда ҳаракат қилсаккина, бу таҳдидларга самарали қарши тура оламиз.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори қайд этганидек, халқаро вазият тобора мураккаблашиб, беқарорлик даражаси ошиб бораётган ҳозирги кунда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар дунёнинг кўплаб мамлакатларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимининг мажбурий унсурларига айланган. Бунда ушбу институтларнинг ҳақиқий кучи ва самарадорлиги уларнинг ҳуқуқий мақомига бевосита боғлиқ экани сир эмас.

Бугунги кунда дунёнинг 150 давлатида қарийб 200 та инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институт ташкил этилган. Шунингдек, 140 мамлакатда мингдан ортиқ омбудсман институтлари фаолият юритмоқда. Шуни таъкидлаш жоизки, барча мамлакатлар учун ягона миллий институт модели мавжуд эмас. Ҳар бир мамлакат бошқа давлатлар тажрибасидан фойдаланиши мумкин, бинобарин, бундай институтлар миллий ҳамда маҳаллий маданий ва ҳуқуқий анъаналарни инобатга олган ҳолда ташкил этилади.

Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тизимини яратди. Бу тизимга Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани), Президент ҳузуридаги Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази киради.

Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тажрибаси халқаро ҳамжамият ва илмий доиралар томонидан ижобий баҳоланиб, турли мамлакатларда ўрганиш учун қизиқиш уйғотмоқда. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг 56-моддасида белгиланганидек, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини тўлдиради, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга кўмаклашади. Давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун зарур шарт-шароитлар яратади.

Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Татьяна Москалькова Миллий марказ раҳбариятига ҳуқуқий коллоквиумда маъруза билан иштирок этиш имконияти яратилгани учун миннатдорчилик билдирди. Инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллик институти Россия Федерациясида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг энг ёш ва жадал ривожланаётган демократик институтларидан бири эканига эътибор қаратди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2019 йилдан бошлаб Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Меморандум доирасида томонлар фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, маълумот алмашиш, инсон ҳуқуқларига оид тадбирларни ўтказиш ва уларда иштирок этиш масалаларида фаол ҳамкорлик қилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумида Россия вакилларининг иштироки яхши анъанага айланган. Пандемия даврида икки мамлакат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларининг ўзаро ҳамкорлиги туфайли фуқароларни ватанига қайтариш ва уларнинг ҳужжатларини тиклашда ёрдам кўрсатилди.  

Муваффақиятли ҳамкорликнинг натижаси ўлароқ, Татьяна Москалькова биринчилардан бўлиб Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги юксак мукофоти –  Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан таъсис этилган "Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун" кўкрак нишонига сазовор бўлди.

Тадбир давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижроси доирасида эришилган ютуқлар ҳақида сўз юритилди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги миллий тажриба, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини янада ривожлантириш истиқболлари, соҳага оид қонунчиликдаги янгиликлар ва Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Ҳуқуқий коллоквиум якунида Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Татьяна Москалькова Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг ўтган йил охирида очилган “Инсон ҳуқуқлари уйи” фаолияти билан яқиндан танишди ва ноёб картина совға қилди. Ўз навбатида, меҳмонга инсон ҳуқуқлари бўйича янги нашр этилган китоблар тақдим этилди.

Н.Абдураимова, О.Пардаев (сурат), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech