Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 июлдаги 440-сон қарори билан “Болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини аниқлаш, зўравонлик хавфи даражасини баҳолаш, ҳимоя қилиш режасини ишлаб чиқиш ҳамда уни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, зўравонликдан жабрланган ёхуд ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болалар бевосита ўзлари ёхуд қонуний вакиллари “Инсон” марказлари, ички ишлар органлари ва бошқа масъул органларга мурожаат қилади.
“Инсон” марказлари ички ишлар органлари иштирокида боланинг ҳаётий вазиятини 1 кун муддатда ўрганади. Бунда “Инсон” маркази боланинг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи омилларни дастлабки баҳолашдан ўтказади ҳамда хавф даражасини “паст” ёки “юқори” деб топиши мумкин.
Хавф даражаси “юқори” деб баҳоланганида, ички ишлар органи қуйидаги, яъни:
-
зўравонлик содир этган шахсни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ҳамда процессуал мажбурлов чораларини қўллаш;
-
болага ёхуд унинг қонуний вакилига ҳимоя ордерини бериш;
-
болани ота-онасидан (уларнинг биридан) ёхуд уни ўз қарамоғига олган бошқа шахслардан олиб қўйиш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш чораларидан бирини кўради.
Таҳдид солувчи омиллар бартараф этилгач, “Инсон” маркази боланинг ҳаётий вазиятини 14 календарь кун ичида комплекс баҳолашдан ўтказади. Комплекс баҳолаш натижаларига кўра 3 иш куни ичида болани ҳимоя қилиш режаси ишлаб чиқилади.
Болаларга нисбатан зўравонлик содир ёки содир этишга мойил бўлган шахсларга тегишли таъсир чоралари қўлланилиши мумкин. Бу ўринда, хусусан:
▪ тузатиш дастуридан ўтиш;
▪ болаларини олиб қўйиш;
▪ ота-оналик ҳуқуқини чеклаш ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш;
▪ наркология муассасаларида мажбурий даволаниш;
▪ мажбурий тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини тайинлаш чоралари ҳақида сўз бормоқда.
Ушбу Низом“Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ишлаб чиқилди. Бундан мақсад болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишдир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 30.07.2025
- Кўришлар: 236
- Чоп этиш