Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг қарорига мувофиқ, 30 июль – бутун дунёда Халқаро дўстлик куни сифатида нишонлаб келинмоқда. Бундан 4 йил аввал, 2021 йил 10 февралда қабул қилинган қонунга асосан, ушбу сана Ўзбекистонда – Халқлар дўстлиги куни, деб белгиланди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу байрамнинг таъсис этилиши халқимизнинг айни кўнглидаги орзу-ниятнинг амалий ифодаси бўлди.
Мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элатлар вакиллари ягона ва аҳил оила бўлиб яшаб келмоқда. Ўзбекистон – улкан имконият ва ресурсларга эга мамлакат. Лекин энг катта бойлигимиз – турли миллат ва конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликдир.
Юртимиз заминида қадимги даврлардан буён давом этиб келаётган этник хилма-хиллик ноёб ижтимоий ҳодиса ҳисобланади. Шу ғоят муҳим омилга таянган ҳолда, кейинги йилларда Янги Ўзбекистон инсон қадри ва бахти улуғланадиган том маънодаги тинчлик, дўстлик ва меҳр-оқибат диёрига айланиб бормоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда 157 та миллий-маданий марказ, 42 та дўстлик жамияти ва хориждаги 100 дан ортиқ ватандошлар жамоат бирлашмаси фаолият кўрсатмоқда. Улар давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда дўстлик ва бағрикенглик муҳити, миллий ва умумбашарий қадриятлар уйғунлигини мустаҳкамлаш, чет эллар билан маданий-маърифий алоқалар, халқ дипломатиясини ҳар томонлама ривожлантириш бўйича кўплаб ижобий натижаларга эришаётгани таҳсинга лойиқ.
Юртимизда 16 та конфессияга мансуб диний ташкилотлар ўз фаолиятини эркин амалга оширмоқда. Мамлакатимизда миллатлараро муносабатларни янада уйғунлаштиришда катта роль ўйнаётган 150 та миллий маданий марказнинг кўп қиррали фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди ушбу мақсадлар учун зарур маблағларни йўналтирмоқда, турли субсидия ва грантлар ажратилмоқда.
Тошкентда Дўстлик боғи ташкил этилмоқда. Пойтахт ва ҳудудларда барпо этилган Дўстлик уйлари юртдошларимизни ўз бағрига чорлайдиган дилкаш марказларга айланмоқда.
Давлат таълим муассасаларида ўқув ишлари 7 тилда олиб борилмоқда. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўз кўрсатув ва эшиттиришларини 12 тилда бериб бормоқда.
Сўнгги йилларда чет элларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан алоқаларни кучайтиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Ушбу йўналишда чора-тадбирлар дастури амалга оширилаётгани жуда муҳим.
Шунингдек, Миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсати концепцияси қабул қилинди. Бу ҳужжат ушбу йўналишдаги изчил ислоҳотлар самарадорлигини оширишнинг муҳим ҳуқуқий пойдеворидир.
Янада эътиборлиси, минтақамиздаги қардош давлатлар ўртасидаги дўстона алоқалар янги босқичга кўтарилиб, дунё сиёсатида “Марказий Осиё руҳи” деган ибора ва воқелик пайдо бўлди. Жорий йил март ойида Ўзбекистон – Қирғизистон – Тожикистон чегаралари ўзаро туташган нуқтада “Дўстлик” стеласи минтақамиз халқлари ўртасидаги яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганидан яна бир ёрқин далолатдир.
Президент Шавкат Мирзиёев Халқлар дўстлиги куни муносабати билан йўллаган байрам табригида эътироф этганидек, “Барчамиз биргаликда нишонлаётган бугунги байрам – Халқлар дўстлиги куни ҳам халқимизнинг тинчлик, дўстлик ва эзгулик ғоялари мужассам бўлган бой маданияти, урф-одат ҳамда анъаналарини яққол намойиш этиш учун яна бир катта имконият эканини таъкидлаш лозим”.
Шундай қилиб, юртимизда ушбу муҳим санага асос солиниши замирида Президентимизнинг тотувлик, ҳамжиҳатлик, диний бағрикенглик, виждон эркинлигини таъминлаш, тили, миллати ва эътиқодидан қатъи назар, барча фуқароларга муносиб, фаровон турмуш тарзини яратиб беришдек улуғвор сиёсати мужассам. Бу сана Янги Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ҳамда бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилаётгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Бинобарин, дунёнинг турли минтақаларида миллий ва диний асосда турли низолар давом этаётган ҳозирги ўта таҳликали шароитда жамиятимиз ва давлатимиз ягона Ўзбекистон ғояси асосида юртимиздаги осойишталик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва тотувлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар, билим-маърифат, касб-ҳунарлар эгаси этиб тарбиялаш, инклюзивлик тамойилларини чуқурлаштириш борасидаги ишларни тизимли асосда ва изчил давом эттирмоқда.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 30.07.2025
- Кўришлар: 238
- Чоп этиш