БМТ-Аёллар стратегик брифингида гендер тенглик бўйича миллий ташаббуслар муҳокама қилинди

29 июль куни БМТнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича Аёллар минтақавий бюроси БМТнинг Европа иқтисодий комиссиясига аъзо давлатлар учун стратегик норасмий виртуал брифинг ўтказди. Тадбир Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформасининг 30 йиллигини глобал нишонлаш доирасида ташкил этилди.

Брифингда асосий эътибор Пекин+30 кун тартибига киритиладиган ва ҳар бир мамлакатнинг устувор йўналишларига мос келадиган бир ёки иккита миллий ташаббусни муҳокама қилиш ва белгилаб олиш масаласига қаратилди. Ушбу ташаббуслар Ҳаракатлар платформасининг 30 йиллик шарҳи натижаларига кўра аниқланган олтита устувор йўналиш, яъни:

  • рақамли трансформация;

  • қашшоқликдан халос бўлиш;

  • зўравонликсиз ҳаёт;

  • қарорлар қабул қилишда тўлиқ ва тенг иштирок этиш;

  • тинчлик ва хавфсизлик;

  • иқлим адолати йўналишлари доирасида танланиши лозим.

Мамлакатларнинг якуний мажбуриятлари кейинги минтақавий тадбирларда тақдим этилади ва 2025 йил 22 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси доирасида бўлиб ўтадиган Пекин+30 юқори даражали учрашувида расман эълон қилинади.

Брифингда Албания, Ўзбекистон, Қирғизистон, Молдова, Швеция, Шимолий Македония ва Украина устувор йўналишлар бўйича Пекин платформасини амалга ошириш юзасидан ўз ёндашувлари ва муваффақиятли тажрибаларини тақдим этди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Д. Муратова Ўзбекистоннинг гендер тенглик соҳасидаги ютуқлари ҳақида маъруза қилди.

Брифинг Пекин+30 арафасида БМТ-Аёллар ташкилоти томонидан ташкил этилган минтақавий маслаҳатлашувлар туркумининг бир қисми бўлди. Ушбу маслаҳатлашувлар сиёсий иродани кучайтириш, давлатлар, БМТ агентликлари ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, 2025 йил март ойида Хотин-қизлар аҳволи бўйича комиссиянинг 69-сессиясида тақдим этилган Пекин+30 кун тартиби доирасидаги ҳаракатларни мувофиқлаштириш мақсадида ўтказилди.

Маълумки, 1995 йилда қабул қилинган ва 189 мамлакат томонидан қўллаб-қувватланган Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича энг кенг қамровли халқаро ҳужжат бўлиб қолмоқда. У аёллар ва қизлар ҳаётининг барча жабҳаларига тааллуқли 12 та муҳим соҳани қамраб олган бўлиб, Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) амалга ошириш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Пекин+30 кун тартиби 159 аъзо давлатнинг миллий маърузалари, шунингдек, халқаро ва миллий ҳамкорлар билан маслаҳатлашувларга асосланган. Кун тартиби нафақат Пекин платформасини амалга оширишни жадаллаштиришга, балки БРМ, Келажак учун пакт ва бошқа асосий глобал ташаббусларни илгари суришга қаратилган.

Сессия якунида БМТ-Аёллар ташкилоти давлатларни олтита устувор йўналиш бўйича Пекин+30 доирасида тақдим этишга тайёр бўлган ихтиёрий мажбуриятларини белгилашга чақирди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech