Меҳнат муносабатлари ва касбга ўқитиш тизими такомиллаштирилмоқда

Жорий йил 1 ноябрдан ишсизлик нафақаси фақат меҳнат шартномаси бекор қилинган шахсларга тўланади. Бу янги тартиб Ўзбекистон Президентининг яқинда, 4 август куни имзоланган «Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган.

Президент Фармони билан Ўзбекистонда иш берувчилар учун белгиланган айрим талаблар бекор қилинмоқда. Хусусан, бўш иш ўринларига бандлик органлари юборадиган шахсларни ишга қабул қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик ҳамда бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги ҳисоботларни мажбурий тақдим этиш бекор бўлади.

Фармонга кўра, 2025 йил 1 ноябрдан хўжалик юритувчи субъектлар қуйидаги шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захираларини шакллантиради:

  • ногиронлиги бўлган шахслар;

  • оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар;

  • Камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари;

  • муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар;

  • ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар.

Бунда мажбурий захиралаш:

  • ходимлар умумий сонининг 3 фоизидан ошмаслиги зарур;

  • ходимлари сони 100 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан қўлланади.

  • Шунингдек, 2025 йил 1 ноябрдан ишсизлик нафақаси фақат меҳнат шартномаси бекор қилинган шахсларга тўланади. Бунда:

  • ишсизлик нафақаси сўнгги 5 йилда камида 18 ой ишлаган шахсларга меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг улар 6 ой ичида мурожаат қилганда, уларнинг охирги 18 ойлик ўртача иш ҳақи ҳисобидан 3 ой давомида тўланади;

  • 1-ойда ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизи, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 бараваридан ошмаган миқдорда тўланади;

  • 2- ва 3- ойларда эса ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 бараваридан ошмаган миқдорда тўланади.

Ишсизлик нафақасини такроран белгилашда дастлабки тайинланган нафақани олиш муддати тугагандан сўнг қўшимча равишда камида 12 ойлик иш стажи талаб этилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech