Янги Ўзбекистоннинг олтин авлоди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 июнда қабул қилинган “Ёшлар куни муносабати билан юртимизнинг фаол ва ташаббускор ёш авлод вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони ва «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги қарорига мувофиқ, ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш мақсадида бир гуруҳ илғор йигит-қизлар “Келажак бунёдкори” медали ҳамда “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди. Бу эътироф Ватанимиз ёшлари меҳнати, изланиши ва фидойилигини қадрлашнинг ёрқин намунасидир.

Жорий йил 30 июнь – Ёшлар кунида Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида ўтказилган ана шу мукофотларни топшириш маросимида давлатимиз раҳбари йигит-қизларни самимий табриклаб, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим ташаббусларни илгари сурди. Президентимиз билан ёшлар ўртасида бўлиб ўтган очиқ мулоқот асносида келажакдаги режалар, муаммолар ва таклифлар муҳокама қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев ёшларга катта ишонч билдирар экан: "Ёшликдаги ҳаракат бу – келажакдаги ютуқ дегани. Ёшликда орттирилган дўст – бир умрлик ҳамкор, таянч ва суянч дегани. Ҳеч қачон унутманг, фарзандлари билимли, соғлом, мард ва жасур, доимо олдинга интилиб яшайдиган халқ ва давлатнинг келажаги албатта ёруғ бўлади. Мен бутун Ўзбекистон ёшлари ана шундай фазилатлар эгаси бўлишини тилайман", деб таъкидлади.

Ёшларга сифатли таълим-тарбия бериш, уларга чет тилларни ўргатиш, касб эгаллаб, ҳаётда муносиб ўрин топишига кўмаклашиш давлатимизнинг асосий вазифасига айланган. Замонавий талаблардан келиб чиқиб, бу соҳада улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 325 минг ёшлар ўқитилган. Бу эса ёшларни рақамли технологиялар соҳасидаги малакасини оширишга хизмат қилади.

Ўтган йили 150 мингдан зиёд йигит-қиз халқаро тил сертификатларини олган. Ушбу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 2 баравар кўп.

Президент Фармони билан Беруний номидаги халқаро мактаб ташкил этилди. Бу мактабга 8-синф битирувчилари орасидан 60 нафар ўқувчи саралаб олиниб, уч йўналишда чуқурлаштирилган тарзда ўқитилади.

Миллий дастур асосида ҳар йили энг салоҳиятли 3 минг ўқувчи танланиб, Гарвард, Ел, Колумбия каби дунёнинг нуфузли олий таълим муассасаларига тайёрланади. Улардан камида 300 нафари эҳтиёжманд оила фарзандлари бўлади.

Ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишидир. Бу йил 35 миллиард долларлик 8 минг 300 та лойиҳа орқали 292 мингта иш ўрни яратилмоқда. Келгусида яна 500 мингта иш ўрни яратадиган 83 миллиард долларлик лойиҳалар режалаштирилган.

“Ёшлар бизнеси” дастури доирасида 100 минг ёш, “Келажакка қадам” дастури орқали эса 140 минг олий таълим муассасаси битирувчиси даромадли иш билан таъминланишга масъул бўлган "Алоқабанк" ва "Миллий банк"га 300 миллион доллар ажратилди.

Шу йил 30 июндаги учрашувда ҳам давлатимиз раҳбари ёшларга имкониятларни кенгайтиришга қаратилган муҳим ташаббусларни илгари сурди. Хусусан:

  • “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан “ТОП-300” талик олий таълим муассасаларига кирганларнинг ўқиш ва яшаш харажатларини қоплаш тизими янги тартибда ишга туширилди;

  • Илм-фан, технология, муҳандислик ва математика (СТЕМ) каби устувор соҳалар учун квоталар оширилиб, банклар “ТОП-300”талик олий таълим муассасаларига кирган ёшларга 20 минг долларгача имтиёзли кредит беришни бошлади;

  • “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” дастури БАА билан ҳамкорликда ишга туширилади;

  • "Рақамли авлод қизлари" танлови доирасида 7 минг ўқувчи ва талабанинг 120 та стартап лойиҳаси танлаб олинди. Жорий йилда бу лойиҳага камида 50 минг нафар қиз жалб қилинади;

  • стартапларни молиялаштиришга киритилган 145 миллион долларлик венчур сармоя келажакда 1 миллиард долларга етказилади;

  • мактабларда “Моҳирлик ва бизнес соати” дарслари жорий этилиб, ўқувчилар ғоясини стартапга айлантиришга 100 миллиард сўм грант йўналтирилади;

  • олий таълим муассасалари ўртасида “Энг яхши креатив ғоя” танлови ўтказилиб, ғолибларга олий таълим муассасаси жамғармасидан 300 миллион сўмгача грант берилади.

Сўнгги етти йилда Ўзбекистонда бошқарув кадрларининг таркиби анча ёшариб, 40 ёшгача бўлган раҳбарлар улуши 37 фоиздан 65 фоизга ошди. Бу ёш авлоднинг салоҳияти ва ўзига бўлган ишончининг ёрқин ифодасидир.

Президент Фармонига кўра, Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида “Келажак лидерлари” дастури бўйича ҳар йили 100 нафар салоҳиятли ёшлар ўқитилади. Улар вазир ва ҳокимларга бириктирилиб, тажриба орттиради, хорижий стажировкага юборилади. Дастурни тамомлаган ёшлар раҳбарлик лавозимларига асосий номзод бўлади.

Ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Китобхонлик, санъат ва маданиятни ёшлар ўртасида тарғиб қилиш мақсадида турли танловлар ўтказилади. Ғолиблар чекка ҳудудлардаги мактабларга бориб, чиқишлар қилади. “Иқтидор” мактаб ансамбли танловининг вилоят босқичи ғолиблари болалар ва мусиқа санъат мактабларида бепул ўқитилади.

Ёшларда ватанпарварлик туйғусини кучайтириш учун “Ғалаба боғи”даги “Миллат фидойилари” монументи каби муқаддас масканлар зиёрат қилинади. Бу ерда юрт тинчлиги йўлида жонини фидо қилган 196 нафар мард ва жасур ҳарбийларимизнинг номлари муҳрланган. Бундай жойлар ёшларнинг Ватанга муҳаббати ва садоқатини янада юксалтиради.

Ўзбекистоннинг ёшларга оид сиёсати халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти “Ёшлар – 2030” стратегиясини жадал амалга ошираётган 10 та давлат қаторига кирган. Шунингдек, мамлакатимиз Ёшлар тараққиёт индексида бу борада энг тез суръатлар билан ривожланаётган давлат деб топилган.

Бундан ташқари, Бухоро шаҳри – Туркий дунё ёшлари пойтахти, Тошкент шаҳри – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ёшлари пойтахти мақомини олди. Бу ютуқлар Ўзбекистоннинг ёшлар сиёсати нафақат минтақавий, балки халқаро миқёсда ҳам намуна бўлишини кўрсатади.

Шундай қилиб, 12 август – Халқаро ёшлар куни шунчаки байрам эмас, балки Ўзбекистондаги ёшларнинг улкан салоҳияти ва уларга бўлган ишонч ўзининг ёрқин ифодасини топган муҳим сана ҳисобланади. Янги Ўзбекистон ёшлари – бугунги куннинг фаол бунёдкорларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мамлакатимизнинг эртанги куни учун қўйилган энг муҳим сармоядир.

 

Сарварбек САДУЛЛАЕВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг Матбуот хизмати

етакчи мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech