Илм-фан ва инновациялар – барқарор келажак пойдевори
10 НОЯБРЬ - ТИНЧЛИК ВА ТАРАҚҚИЁТ УЧУН БУТУНЖАҲОН ФАНИ КУНИ
Бугунги глобаллашув ва технологик тараққиёт даврида илмфан ва инновациялар ҳар бир давлатнинг ривожланиш даражасини белгиловчи энг муҳим омиллардан бири бўлиб қолмоқда. Инсоният тараққиёти айнан илмий изланишлар, техник ютуқлар ва янги ғояларнинг ҳаётга татбиқ этилиши орқали янги босқичга кўтарилмоқда. Шу боис, ҳар бир жамият учун фан ва инновацион фаолиятни ривожлантириш барқарор келажакнинг мустаҳкам пойдеворини яратиш демакдир.
Ҳар йили 10 ноябрь санасида бутун дунё Тинчлик ва тараққиёт учун Бутунжаҳон фан кунини нишонлайди. Бу кун илм-фаннинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини юксак даражада эътироф этиш, илмий билимларни кенг оммага тарғиб қилиш ҳамда фаннинг инсоният тараққиётидаги ўрни ҳақида фикр юритиш учун муҳим сана ҳисобланади.
Бутунжаҳон фан куни илм-фаннинг нафақат техник ютуқлар манбаи, балки тинчликни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланишни таъминлаш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдаги ўрни ҳам беқиёс эканини эслатиб туради. Шу боис бу кун фаннинг ижтимоий ҳаётдаги аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш, илмий фикр ва янгиликларга қизиқишни ошириш, ёш авлодни илм-фанга йўналтириш мақсадида нишонланади.
2025 йили мазкур кун “Ишонч, ўзгариш ва эртага: 2050 йил учун бизга керак бўлган фан – Trust, Transformation, and Tomorrow: The Science We Need for 2050” шиори остида ўтказилмоқда. Ушбу мавзу келажак авлодлар учун қандай фан зарурлигини, илм-фан ва жамият ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликни қандай мустаҳкамлаш кераклигини муҳокама қилишга қаратилган. Бу йилги шиор орқали ЮНEСКО фан соҳасидаги ишончни мустаҳкамлаш, илмий фаолиятда очиқлик ва масъулият тамойилларини илгари суриш ҳамда фан ютуқларини жамият ҳаётига чуқур татбиқ этиш зарурлигини таъкидламоқда.
Бутунжаҳон фан куни ғояси илк бор 1999 йили Будапешт шаҳрида ўтказилган Жаҳон фан конференциясида илгари сурилган. Мазкур конференцияда “Фан ва илмий билимлардан фойдаланиш тўғрисидаги декларация” ҳамда “Фан учун ҳаракат дастури” қабул қилинган. Шу асосда, ЮНEСКО Бош конференциясининг 31-сессиясида 2001 йили расман қарор қабул қилиниб, 10 ноябрь санаси ҳар йили Тинчлик ва тараққиёт учун Бутунжаҳон фан куни сифатида эълон қилинди. Бу кун илк маротаба 2002 йил 10 ноябрда бутун дунё миқёсида нишонланган.
2023 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 2024–2033 йилларни Барқарор ривожланиш учун халқаро фан ўн йиллиги деб эълон қилди. Бу ташаббус глобал миқёсда фаннинг ролини кучайтириш, инновацияларни қўллаб-қувватлаш ҳамда илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бугунги кунда фан сунъий интеллект, рақамли технологиялар, биотехнология ва космик тадқиқотлар соҳаларидаги ютуқлар орқали инсоният олдидаги энг долзарб муаммоларни ҳал этишга ёрдам бермоқда. Айниқса, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш ва экология каби йўналишларда илм-фан ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон ҳам мазкур халқаро санани мунтазам тарзда нишонлаб келмоқда. 2025 йили ЮНEСКОнинг 43-Бош конференцияси доирасида Самарқанд шаҳрида “Ишонч, ўзгариш ва эртага: 2050 йил учун бизга керак бўлган фан” мавзусида халқаро қўшма тадбир ўтказилиши режалаштирилган. Унда илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари, ёш олимлар, халқаро экспертлар ҳамда таълим соҳаси мутасаддилари иштирок этади.
Шунингдек, мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари ва илмий марказларда илмий анжуманлар, ёшлар форумлари, инновацион кўргазмалар, фан тарғиботига бағишланган суҳбатлар ўтказилмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда илмий-инновацион ривожланиш стратегияси, ёш олимларга грантлар тизими, халқаро илмий лойиҳаларда иштирокни кенгайтириш бўйича муҳим қадамлар ташланди. “Ёшлар академияси”, “Илм-фан юлдузлари” танловлари, халқаро олимпиадалар ва стипендиялар ёш авлодни изланишга, янгилик яратишга руҳлантирмоқда.
Бу йилги тадбирлар орқали Ўзбекистон илмий салоҳиятининг ўсиб бораётгани, ёшлар орасида илм-фанга бўлган қизиқишнинг ортиб бораётгани ва мамлакатнинг халқаро илмий ҳамкорликдаги фаоллиги яна бир бор намоён бўлмоқда.
2025 йили бу куннинг Ўзбекистонда ЮНEСКО доирасида нишонланиши мамлакатимиз илм-фан соҳасининг жаҳон миқёсидаги нуфузини ошириш билан бир қаторда, фан ва жамият ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлайди. Ҳар бир фуқаро, айниқса, ёш авлод, фан ва инновацияларга эътибор бериб, ўз билим ва ғоялари билан Ватан равнақи ҳамда инсоният тараққиётига ўз ҳиссасини қўшмоғи зарурдир.
Робия АРСЛОНОВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази ходими
«Iste'mol madaniyati» газетасининг 2025 йил 6 ноябрь кунги 20 (212)-сони
Ўзбекча
English
Русский