Тошкентда "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси: ўқув қўлланма" китоби тақдимоти бўлиб ўтди

ТОШКЕНТ, 10 ноябрь. /"Дунё" АА/. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида академик Aкмал Саидов ва юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Камола Худжамованинг "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси: ўқув қўлланма" китоби тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллигига бағишланган ушбу тақдимот Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Гулистон давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси вакиллари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятидаги юридик техникум ва Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги академик лицей талабалари, педагоглар ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Китоб тақдимоти вилоятлар ахборот-кутубхона марказлари вакиллари учун онлайн намойиш этилди. Тадбирни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев очиб берди.

Ушбу ўқув қўлланмада касб-ҳунар коллежлари, техникум ва академик лицейлар ўқувчилари учун янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганиш бўйича керакли барча ўқув-методик материаллар –маъруза матни, мазмунини ёритувчи чизмалар, ўқувчилар билимини мустаҳкамлашга қаратилган саволлар, тест топшириқлари, мустақил ўқиш учун тавсия этилган адабиётлар рўйхати тақдим этилган.

Ўқув қўлланмада янги таҳрирдаги Конституциямиз мамлакатимиз стратегик мақсадларини рўёбга чиқаришнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб берганлиги ва уни ишлаб чиқишда ўзбек давлатчилиги ривожланишининг бой тарихий йўли, конституциявий қурилишнинг замонавий ғоялари, халқаро умумэътироф этилган умуминсоний тамойиллар ҳамда жаҳондаги илғор конституциявий тажриба ҳисобга олинганлиги тўғрисида маълумот берилди.

Тадбир якунида БМТ, Фридрих Эберт фонди ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамкорлигида чоп этилган юридик адабиётлар тўплами Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, вилоятлардаги ахборот-кутубхона марказлари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ҳамда Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти кутубхоналарига тақдим этилди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech