Пойтахтимизда ногиронлиги бўлган шахсларга яратилган шароитлар юзасидан мониторинг ўтказилди

19 ноябрь куни Тошкент шаҳар ҳудудида ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган тўсиқсиз муҳит ҳолатини ўрганишга қаратилган мониторинг тадбирлари амалга оширилди. Ушбу мониторинг “2023–2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси”да назарда тутилган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилди.

Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция талабларининг бажарилиши юзасидан мунтазам мониторинг олиб бориш — миллий мажбуриятларнинг устувор йўналишларидан бири саналади. Ушбу жараён ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, имкониятлари тенглигини таъминлаш, улар учун жисмоний ва ижтимоий инфратузилманинг очиқ ва қулай бўлишини баҳолаш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга доир чора-тадбирларни белгилашга хизмат қилади.

Мониторингни амалга ошириш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Транспорт вазирлиги, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти ва Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти ва Тошкент темир йўл вокзалида ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган инфратузилма, хизматлар ва ҳаракатланиш имкониятлари ўрганилди. Хусусан, пандуслар, тактил йўлаклар, махсус ёрдам нуқталари, транспорт воситаларига мослаштирилган шарт-шароитлар, ахборот белгилари, хизмат кўрсатиш тизими ва ходимларнинг мазкур йўналишдаги тайёргарлиги каби кўрсаткичлар батафсил баҳоланди.

Ҳозирги вақтда мониторинг натижалари бўйича аниқланган камчиликлар тизимлаштирилмоқда. Улар асосида тўсиқсиз муҳитни янада такомиллаштириш, амалдаги инфратузилма ва хизматларни халқаро стандартларга мослаштириш, ногиронлиги бўлган шахсларга ёрдам кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади.

Ушбу мониторинг натижалари мамлакатимизда инклюзив жамиятни барпо этиш, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини тўла таъминлаш борасидаги давлат сиёсати самарадорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech