БОЛА ХАВФСИЗЛИГИ — ЖАМИЯТ ХАВФСИЗЛИГИ

Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, оила ва бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг асосий йўналишига айланди.

Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Юртимизда оила институтини, оналик, оталик ва болаликни ҳимоя қилиш, оилада зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишни ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ҳамда бошқа йўллар билан қўллаб-қувватлаш даражасини ошириш — энг долзарб вазифалардан биридир.”

Бу сўзлар юртимизда бола ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий ғоявий асосини белгилайди.

Бола хавфсизлиги — инсон қадрининг ўзагидир

Болаларга нисбатан зўравонлик — жамиятнинг энг оғриқли ва оғир иллатларидан бири ҳисобланади. БМТ маълумотларига кўра, дунё бўйлаб ҳар 4 дақиқада бир бола зўравонлик қурбони бўлади. Бу нафақат жисмоний, балки руҳий ва маънавий жабҳаларда ҳам инсон ҳаётига чуқур таъсир кўрсатади.

Шу боис 2022 йилда БМТ Бош Ассамблеяси 18 ноябрни Бутунжаҳон болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ва тазйиқни олдини олиш куни сифатида белгилади. Бу сана жамиятни бола ҳуқуқларига бефарқ бўлмасликка, ҳар бир фуқарони болалар хавфсизлиги учун масъулиятни ҳис этишга чақирувчи кун сифатида аҳамият касб этди.

Конституцияда — бола ҳуқуқлари кафолати

2023 йилда қабул қилинган Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида бола ҳуқуқлари кенг қамровда мустаҳкамланди. Унда бола фақат оила аъзоси эмас, балки ҳуқуқ ва манфаатлари давлат томонидан қонун билан ҳимояланадиган мустақил шахс сифатида эътироф этилди.

Хусусан, XIV боб — “Оила, болалар ва ёшлар” деб номланган бўлиб, 78-моддада шундай дейилади:

“Фарзандлар ота-онасининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир.”

Бу норма БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясидаги “боланинг энг яхши манфаати устуворлиги” принципи билан уйғунликдадир. Ўзбекистон 1992 йилда мазкур Конвенцияни ратификация қилган бўлиб, шундан буён миллий қонунчилик халқаро стандартлар билан мувофиқлаштириб келинмоқда.

“Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун

2025 йил 15 май куни кучга кирган мазкур Қонун — Ўзбекистон тарихидаги илк комплекс ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, у болалар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатининг янги босқичини бошлаб берди.

Қонунда болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шакллари — жисмоний зўравонлик, жинсий зўравонлик, руҳий зўравонлик, ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация қилиш ва таъқиб этиш (буллинг) ҳолатлари тақиқланди ва таъқиб қилиниши белгиланди.

Энг муҳим жиҳати шундаки, Қонун:

  • болага нисбатан зўравонлик ҳолатларини аниқлаш, баҳолаш ва ҳимоя режасини ишлаб чиқишни давлат зиммасига юклади;

  • жиноят содир этган шахсларга нисбатан жазо чораларини кескин кучайтирди;

  • жабрланувчи болага психологик, тиббий ва ҳуқуқий ёрдам давлат кафолати сифатида белгиланди.

Бу билан давлат бола хавфсизлигини фақат ҳуқуқий эмас, балки ижтимоий ва маънавий устувор вазифа сифатида белгилади.

Қонун ижросини таъминлаш мақсадида 2025 йил 14 июлда Вазирлар Маҳкамасининг махсус Низоми қабул қилинди. Унга мувофиқ, зўравонлик ҳолатлари ҳақидаги ҳар бир мурожаат “Инсон” ижтимоий хизмат марказлари ва ички ишлар органлари томонидан бир кун ичида кўриб чиқилади.

Хавф даражаси баҳоланиб, зарурат бўлса болани вақтинчалик ҳимояга олиш, ҳимоя ордери бериш ёки маҳалла даражасида профилактик чора кўриш тизими йўлга қўйилган.

Низомга кўра, ҳар бир ҳолат бўйича уч иш куни ичида бола учун индивидуал ҳимоя режаси ишлаб чиқилади. Унда ҳуқуқий, психологик, тиббий ва ижтимоий ёрдам чоралари қамраб олинади.

Бола хавфсизлиги – миллий сиёсат ва жамият масъулияти мезони

Янги Ўзбекистонда болалар хавфсизлигини таъминлаш масаласи фақат ижтимоий ёки ҳуқуқий йўналишдаги вазифа эмас — у бутун жамиятнинг маънавий юксалиш мезонига айланди. Бу соҳада қабул қилинаётган қонунлар, ислоҳотлар ва халқаро ҳамкорлик ташаббуслари шунга далилдир.

Бола хавфсизлигига оид ислоҳотлар тизимли тарзда амалга оширилмоқда. Масалан, Президентнинг 2025 йил 15 майдаги “Болалар учун мўлжалланган миллий контент яратиш ва уларни оммалаштиришни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ахборот маконида болалар онги ва қалбига таҳдид солувчи контентларни мунтазам таҳлил қилиш, ота-оналар ва ўқитувчиларнинг медиа саводхонлигини ошириш тизими жорий этилди.

Бу қарор замирида жуда муҳим ғоя ётади: ахборот хавфсизлиги — бу ҳам бола хавфсизлигининг ажралмас қисми. Чунки интернет маконидаги зўравонлик, кибербуллинг, онлайн таҳдид ва виртуал манипуляциялар болаларнинг руҳиятига таъсир қилиб, уларнинг шахсий ривожланишига жиддий салбий оқибатлар келтириши мумкин. Шу мақсадда мамлакатда болаларнинг рақамли муҳитда хавфсизлигини таъминлаш бўйича миллий платформа ишлаб чиқилмоқда.

Халқаро ҳамкорлик ва глобал ташаббусларда иштирок

Олий Мажлис палаталарининг 2024 йил 21 февралдаги Қўшма қарори билан тасдиқланган «БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Бешинчи даврий маърузасини кўриб чиқиш якунлари юзасидан БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини амалга ошириш бўйича 2024–2027 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси» мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатида янги босқични бошлаб берди.

Режа доирасида жиноятчиларни рўйхатга олиш ва мониторинг қилиш тизимини яратиш, болалар билан ишловчи судья ва прокурорлар учун махсус курслар ташкил этиш, жабрланувчилар учун психологик ёрдам ва реабилитация марказларини кенгайтириш вазифалари белгиланган. Шунингдек, болаларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш, интернетдаги таҳдидлардан муҳофаза қилиш ва ўзини ҳимоя қилиш кўникмаларини ривожлантириш чоралари ҳам назарда тутилган.

Ўзбекистоннинг бу соҳадаги ташаббуслари халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. 2025 йил 26 май куни мамлакатимиз “Богота ҳаракатга чақируви” глобал ташаббусига қўшилди. Бу билан Ўзбекистон болаларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш бўйича миллий мажбуриятни олди. Ҳозирда 2035 йилгача мўлжалланган кўп тармоқли миллий стратегия ва ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилмоқда. Унда болалар билан ишловчи мутахассислар учун махсус тайёрлов курслари, жинсий зўравонлик ҳолатларини эрта аниқлаш тизими, болалар учун хавфсиз интернет муҳитини яратиш, оммавий ахборот воситалари орқали профилактика кампаниялари каби йўналишлар назарда тутилган.

Ўзбекистон халқаро агентликлар ва ташкилотлар билан бир қатор қўшма лойиҳалар амалга оширмоқда: масалан, ЮНИСЕФ ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида интернетда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган дастурлар йўлга қўйилди. Шу билан бирга, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда давлат ташкилотлари ёшлар учун медиа саводхонлик ва рақамли хавфсизлик йўналишида ўқув курслари ташкил этмоқда. Бу ташаббуслар Янги Ўзбекистоннинг болалар ҳуқуқларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш сиёсати амалий ифода топаётганини кўрсатмоқда.

“Инсон” марказлари – тизимли ҳимоянинг асосий бўғини

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузурида ташкил этилган “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш бўйича амалий тизимнинг марказида турибди.

Бу марказлар орқали зўравонлик хавфи мавжуд бўлган оилалар билан ишлаш, болаларни ҳимоя қилиш режасини ишлаб чиқиш, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилган. Марказ ижтимоий ходимлари маҳалла даражасида профилактика ишларини олиб бориб, болалар хавфсизлигини таъминлашда фаол иштирок этмоқда.

Бола ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш — жамият бурчи

Болалар хавфсизлигини таъминлаш фақат давлат идоралари ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вазифаси эмас. Бу ҳар бир ота-она, ўқитувчи, маҳалла фаоли ва жамият аъзосининг умумий бурчидир. Шу мақсадда мамлакатимизда ота-оналарнинг масъулиятини ошириш ва оилада мулоқот маданиятини мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар кенгаймоқда.

Психологлар таъкидлаганидек, бола билан ишончли мулоқот — зўравонликнинг олдини олишнинг энг самарали усулидир. Болани эшитиш, унинг ҳис-туйғуларини инобатга олиш ва меҳр муҳитини яратиш — Янги Ўзбекистондаги бола ҳуқуқлари маданиятининг асосидир.

Хулоса ўрнида

Бугунги кунда аҳолисининг 32 фоизи болалардан иборат бўлган Ўзбекистонда “ҳеч бир бола эътибордан четда қолмайди” тамойили давлат сиёсатининг марказига айланди. Бола ҳуқуқларини таъминлаш ва зўравонликнинг ҳар қандай шаклига муросасиз муносабатда бўлиш — Янги Ўзбекистоннинг инсонпарварлик тамаддунига хос белги бўлиб қолмоқда.

Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — бу келажакни ҳимоя қилиш демакдир. Шу боис 18 ноябрь — Бутунжаҳон болаларга нисбатан зўравонликка қарши кураш куни — нафақат мулоҳаза, балки ҳаракат кунидир.

Ҳар бир инсон ўз оиласида, иш жойида ёки маҳалласининг бир гўшасида бўлса ҳам бола хавфсизлигига ҳисса қўшса, бизнинг юртимизда болаларнинг кулиш овози — энг гўзал ва муқаддас мусиқага айланади.

 

 

 

Ўткир Очилов

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази

бўлим бошлиғи, юридик фанлар доктори

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech