Ватан ҳимоячилари кунига бағишланди

14 январь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган маърифий тадбир бўлди. Уни Миллий марказ директори академик Акмал Саидов бошқарди.

Тадбирда даставвал Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида 2026 йил 13 январь куни бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгашининг мамлакатимиз ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилишида муҳокама этилган масалалар ҳақида сўз борди. Жумладан, ҳозирги даврда жаҳонда турли минтақавий можаролар кенгайиб, қуролланиш пойгаси авж олаётгани, умуминсоний қадриятларга ҳурмат, халқаро ҳуқуқ нормалари ва халқаро дипломатия заифлашиб бораётганига эътибор қаратилгани бежиз эмаслиги қайд этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригида таъкидлаганидек, “Мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда, биз келгусида жанг ва бошқарув усулларини замон талаблари асосида янгилаймиз, юқори малакали ҳарбий кадрларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратамиз. Айниқса, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар руҳи ва жисмоний тайёргарлигини мунтазам ошириб бориш, уларнинг қалбида ватанпарварлик туйғусини кучайтириш биз учун устувор вазифа бўлиб қолади. Чунки ҳар қандай курашнинг тақдирини шахсий таркибнинг билим ва малакаси, ирода ва қатъияти, ўзига бўлган ишончи, мардона фазилатлари ҳал қилади”.

Янги Ўзбекистонда айни шу масъулиятли ва шарафли мақсадлар ижобати йўлида Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини ошириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли  ислоҳотлар  натижасида  миллий  армиямизнинг қиёфаси ва салоҳияти ҳам тубдан ўзгарди.

Ўзбекистон Қуролли Кучлари мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга қодир, ҳаракатчан ва пухта қуролланган қудратли кучга айланди. Бу  жараёнда  умумхалқ  референдуми  асосида қабул  қилинган  янги  таҳрирдаги Конституциямиз армиямизнинг ҳам қиёфасини тубдан ўзгартириш, қўшинлар жанговар шайлигини такомиллаштириш ва давлат мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлашга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотларни давом эттириш учун улкан имкониятлар яратиб берди.

Тадбир якунида иштирокчиларга байрам совғалари улашилди.

 

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech