Миллий марказ китоблари Самарқанддаги мактабларга тақдим этилди
21 апрель куни Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги 10-мактабда «Китоб — маърифат манбаи» номли акция ўтказилди. Маърифий тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 январда қабул қилинган “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 30 йиллиги муносабати билан ташкил этилган ушбу тадбирда китоб мутолаасида гап кўп экани ҳақида сўз борди. Шарқда ва Ғарбда инсониятни юксак тараққиёт сари бошлаган Ренессансларнинг барчаси китоб ёзиш ва тарқатиш, кутубхоналар фаолиятини йўлга қўйиш, турли тиллардан турфа асарларни таржима қилиш ҳамда ўқиш ва ўрганишдек қамровдор маънавий-маърифий жараёнларга таянгани таъкидланди.
Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда 2026 – 2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражаси ошириш асосий мақсад этиб белгилангани бежиз эмас. Бунда юртимизда бир одам ўқийдиган китоб сонини йилига ўртача 10 та китобга етказиш муҳим вазифа ҳисобланади.
Мактаб кутубхонасига Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази номидан 60 тадан зиёд инсон ҳуқуқларига оид адабиёт ва адабий-бадиий китоблар туҳфа этилди. Китобларни Миллий марказ вакили Ю. Ҳандамов тақдим этди.
Мазкур мактаб директори С.Муҳаммадиев Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази раҳбарияти ва жамоасига миннатдорлик билдирди. Миллий марказ ташаббуси билан мактаб кутубхонасида “Конституция ва инсон ҳуқуқлари” бурчаги ташкил этилгани нафақат ўқитувчилар ва ўқувчилар, балки яқин-атрофдаги маҳаллаларда яшайдиган аҳоли вакилларининг ҳам ҳуқуқий билимларини ошириш ҳамда замонавий китобларни мутолаа қилиш учун қулай шароит яратишини қайд этди.
*
Шу куни Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги 13-мактабда ҳам Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 30 йиллигига бағишланган маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбир доирасида Миллий марказ ходими – шоир ва таржимон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзонинг янги китоблари тақдимоти ўтказилди.
Ушбу мактаб директори Ў. Синдоров Ўзбекистон халқи мустақиллик туфайли кўп минг йиллик асл илдизларга қайтиб, миллий давлатчиликни, миллий ўзлик ва маънавиятни, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматни тиклашдек ҳуқуқий имконларга эга бўлганлигини эътироф этди. Истиқлол китобхон халқ деган азалий юксак мавқеимизни нафақат қайтариб берди, айни чоғда, бу борадаги интеллектуал салоҳиятимиз ва имкониятларимизни тубдан оширишнинг асосий омили ҳам бўлиб келмоқда.
Мактаб кутубхонасига Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази номидан 60 тадан зиёд инсон ҳуқуқларига оид адабиёт ва адабий-бадиий китоблар туҳфа этилди.
Миллий марказ ташаббуси билан мактаб кутубхонасида “Конституция ва инсон ҳуқуқлари” бурчаги ташкил этилди.
Маълумот учун: Ҳозирги вақтда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва ҳудудлардаги 14 та ахборот-кутубхона марказида “Конституция ва инсон ҳуқуқлари” бурчаги ишлаб турибди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассаса ва таълим масканлари кутубхоналарида шундай бурчаклар ташкил этишга қаратилган ишларни изчил давом эттирмоқда.
Инсон ҳуқуқлари уйи томонидан 2025 йилда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва таълим муассасаларининг ахборот-ресурс базасини мустаҳкамлаш мақсадида инсон ҳуқуқлари ва турдош соҳаларга оид жами 2 минг 968 та адабиёт беғараз тақдим этилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида ҳам бу борада муҳим қадамлар қўйилди.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот-кутубхона марказларининг «Конституция ва инсон ҳуқуқлари» бурчаги учун Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан 24 номда, 392 нусхадаги адабиётлар беғараз тақдим этилди. Шунингдек, Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамда «Тонг юлдузи» газетаси таҳририятига 24 номда, 112 нусхадаги адабиётлар беғараз топширилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский