Инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва кутубхоналарда

23 апрель — Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни

 

Улуғ аллома аждодимиз Шайх Нажмиддин Кубро ҳазратларининг шундай пурҳикмат сўзлари бор: “Китоб — саҳрода дўст, ҳаёт йўлларида таянч, ёлғизлик дамларида йўлдош, бахтиёр дақиқаларда раҳбар, қайғули дамларда мададкор, одамлар орасида зебу зийнат, душманларга қарши курашда қуролдир”.

 У зот замонасидан сўнг орадан қарийб тўққиз аср ўтгач, яъни 1995 йил 15 ноябрда Парижда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 28-сессияси қарорига мувофиқ, 23 апрель — Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни деб эълон қилинган. Шунингдек, ЮНЕСКОнинг “Болалар ва ўсмирлар адабиётида бағрикенглик ғояларини тарғиб этганлик учун” номли мукофоти таъсис этилган.

Ушбу қарорнинг замирида, бир томондан, барча заминдошларимизни китоб мутолаасидан завқу шавқ олишга, иккинчи томондан, ўз асарлари билан инсониятнинг ижтимоий ва маданий тараққиётига бемисл ҳисса қўшган шоирлар ва ёзувчилар, драматурглар ва сценарийнавислар, олимлар ва мутафаккирлар – жами муаллифларга эҳтиром кўрсатишга жаҳоний даъват ўз мужассамини топган.

Бу ҳақда сўз борганда, ЮНЕСКО томонидан 1952 йили Женевада ташкил этилган конференцияда бутунжаҳон муаллифлик ҳуқуқи белгиси (©) амалиётга татбиқ этилгани улкан ютуқлардан бири бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим. Айни шу анжуманда Муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги бутунжаҳон конвенцияси ҳам қабул қилинган.

Шу тариқа 23 апрель — барча муаллифлар, ноширлар, устозлар, кутубхоначилар ва китоб оламига алоқадор касблар эгаларининг умуминсоний байрам кунига айланди. Худди шу санада дунёнинг кўплаб мамлакатларида китоб ярмарка ва кўргазмаларини ташкил этиш анъана тусини олди.

Ҳозирги вақтда Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни жаҳоннинг 100 дан ортиқ мамлакатида миллионлаб инсонлар томонидан нишонланади. Сана муносабати билан турли уюшмалар ва касбий ташкилотлар, мактаблар ва олий ўқув юртлари, давлат муассасалари ва хусусий корхоналарда маърифий тадбирлар ташкил этилади.

Ўтган даврда шу байрам туфайли Ер юзининг турли қитъаларида яшайдиган ва турли маданиятларга мансуб бўлган қанчадан-қанча инсонлар ўртасида дўстлик ва бирдамлик туйғулари қарор топди ҳамда мустаҳкамланди. Муаллифлик ҳуқуқларини муҳофаза этиш ҳолати тубдан яхшиланди.

Башар аҳли китобнинг аҳамияти ниҳоятда серқирралигини тобора теран англамоқда. Яъни, китоб:

  • билимлар кони;

  • қадриятлар тимсоли;

  • маънавий мерос қўрғони;

  • цивилизациялараро мулоқот воситаси;

  • ранг-баранг маданиятлар кўзгуси;

  • моддий фаровонлик манбаи;

  • муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилинадиган ноёб ижод маҳсулидир.

Мазкур халқаро сана 1996 йилдан буён Ўзбекистонда ҳам кенг нишонлаб келинмоқда. Китоб ва китобхонлик, ижод ва ижодкорлик, маданият, маънавият ва маърифатни тарғиб этишга қаратилган ушбу муҳим халқаро сана мамлакатимизда ҳар йили алоҳида тадорик ва тантаналар билан кутиб олиниши бежиз эмас. Чунки:

китоб – бизга ҳаётни ўргатади;

китоб – ҳар биримизни дунё сир-синоатлари ва маърифатидан баҳраманд этади;

китоб – билим ўргатишнинг энг қудратли омили ва билимни асрашнинг ишончли воситаси бўлиб хизмат қилади;

китоб – инсонни маърифатга ошно этади;

китоб – дунёдаги турфа маданиятлар ва анъаналарнинг маъно-моҳиятини англашга кўмаклашади;

китоб – яшаш ҳамда ижод қилишга доимо илҳомлантириб туради.

Кейинги даврда мамлакатимизда ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини кучайтиришга, уларнинг китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга катта эътибор берилаётгани давлатимиз раҳбари томонидан бешта муҳим ташаббус илгари сурилгани мисолида яна бир бор яққол тасдиғини топди.

Шу ташаббусларнинг тўртинчиси айнан китоб ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган. Ушбу ташаббус доирасида юртимизда китобхонлик клуби ташкил этилди, умумтаълим мактабларига юз минглаб нусхада китоблар совға қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбари китобсиз, яъни илмсиз фаровон келажакка эришиб бўлмаслигига ўз вақтида эътибор қаратди. Шу асосда бир қатор қарорлар қабул қилинди ва изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Янада муҳими, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги еттита устувор йўналишдан бири маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқишни кўзда тутади. Тараққиёт стратегиясининг 72-мақсадида:

биринчидан, аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада ривожлантириш;

иккинчидан, китобхонликни кенг оммалаштириш;

учинчидан, “Китобсевар миллат” умуммиллий ғоясини рўёбга чиқариш вазифалари белгилаб берилган.

Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, “Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса аввало инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва кутубхоналарда”.

Ўз навбатида, америкалик ёзувчи, бизнес-мураббий, йирик тадбиркор ва инфобизнес соҳасидаги дастлабки мутахассислардан бири Дэн Кеннедининг фикрича ҳам, “Кичкина телевизори ҳамда катта кутубхонаси мавжуд инсонлар – бой, каттакон телевизори ва кичик кутубхонаси бор одамлар эса ҳақиқий, чинакам камбағал, қашшоқлардир”.

Шундай экан, саволлар туғилади: Ўзбекистон аҳолисининг ҳар бири китоб мутолаасига ҳафтада ёки бир кунда қанча вақт сарфламоқда?  Мамлакатимизда аҳоли жон бошига бир йилда нечта ўқилган китоб тўғри келмоқда?

Афсуски, бу хусусда қўлимизда аниқ рақам йўқ. Ўтган йили китобсеварликда пешқадамлик намоён этган АҚШда бир киши йил давомида 17, Ҳиндистонда 16 атрофида китоб ўқиган экан.

Бинобарин, Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 15 январда қабул қилинган “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада мамлакатимизда улкан қадамлар қўйилишига туртки бўлиши тайин. Қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад ҳам 2026 – 2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражаси оширишдан иборат бўлиб, юртимизда 1 одам ўқийдиган китоб сонини йилига ўртача 10 та китобга етказиш вазифа этиб белгиланди.

Президентимиз Қарорига кўра, Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. Умумтаълим муассасаларида «Жадидлар изидан» китобхонлик клублари фаолияти йўлга қўйилади. Энг кўп китоб ўқиган топ-100 таликка кирадиган ўқувчи ва талабаларнинг ҳар бирига БҲМнинг 25 баравари миқдорида пул мукофоти берилади.

Аслида ҳам, китоб ва китобхонлик ҳар бир даврнинг энг долзарб мавзуларидан бири бўлиб келган. Ҳозирги кунда унинг долзарблик кўлами янада ортди. Чунки китоб ўқишда ҳикмат кўп. Кенг дунёқараш ва билимга эга бўлишда китобнинг аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Китоб инсонни интизомли қилади. Нафсни енгишга ва каттани ҳурмат, кичикни иззат қилишга ўргатади. Китоб ўқиган киши қонунларга итоат қилиш кераклигини англайди.

Бугунги тараққий этаётган техника даврида кўпчилик мутолаага вақт ажрата олмаслиги мумкин. Аммо ҳар қандай вақтда ҳам китоб ўқишга вақт топган инсон ютади. Бир нарсани унутмаслигимиз керак, яқинларни китоб ўқишга даъват қилиш уларга яхшилик тилаш ҳисобланади.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech