Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУД МАЖЛИСИДА КОНСТИТУЦИЯ УСТУНЛИГИ ВА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ УСТУВОРЛИГИ ЯНА БИР БОР ТАЪКИДЛАНДИ

22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлиси бўлди. Унда Олий Мажлис палаталари, Ҳукумат, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Омбудсман, Болалар омбудсмани, Бизнес-Омбудсман, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, нодавлат нотижорат ташкилотлари, таълим ва илмий ташкилотлар вакиллари ҳамда Конституциявий суд Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари қатнашди.

Мажлисда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев ҳам иштирок этди ва сўзга чиқди.

Конституциявий суд Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 288-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган шахсни қирқ саккиз соатдан ортиқ маъмурий тартибда ушлаб туриш имконини берувчи норманинг Конституцияга мувофиқлигини кўриб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан Конституциявий судга мурожаат киритилиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 288-моддаси иккинчи қисмининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 27-моддаси учинчи қисмига мувофиқлигини аниқлаш сўралган.

Мурожаатда Омбудсманга 2025–2026 йиллар давомида фуқаролар томонидан шахсларни қонунга хилоф равишда қирқ саккиз соатдан ортиқ маъмурий тартибда ушлаб туриш ҳолатларидан норозилик билдирилган 6 та мурожаат келиб тушганлиги қайд этилган.   

Амалдаги тартибга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 288-моддаси иккинчи қисмида чегара тартибини ёки Ўзбекистон Республикаси давлат чегараси орқали ўтиш пунктларидаги тартибни бузган шахслар баённома тузиш учун уч соатгача ушлаб турилиши мумкинлиги белгиланган.

Шу билан бирга, ҳуқуқбузарнинг шахсини ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаш учун зарур ҳолларда шахс ушланган пайтдан бошлаб 24 соат ичида прокурорга ёзма равишда хабар берилган ҳолда, уч суткагача, шахсни тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда эса, прокурор санкцияси билан ўн суткагача муддатга ушлаб турилиши мумкинлиги назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддаси учинчи қисмига мувофиқ, ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шунингдек, шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас.

Мазкур конституциявий норма шахснинг эркинлиги ва шахсий дахлсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим кафолатлардан бири ҳисобланади. Бинобарин, Конституциявий ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда шахс эркинлиги ва дахлсизлигининг суд томонидан ҳимоя қилиниши, жумладан, Habeas Corpus принципи конституциявий даражада янада мустаҳкамланди.

Конституциявий суд ишни кўриб чиқишда Конституция устунлиги принципи, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга оид конституциявий кафолатлардан келиб чиқди.

Конституциявий суд Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 288-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган уч суткагача ёки ўн суткагача маъмурий ушлаб туриш муддатлари Конституцияда белгиланган қирқ саккиз соатлик муддатдан ортиқ эканлигига эътибор қаратди. Шунингдек, мазкур нормаларда шахсни қирқ саккиз соатдан ортиқ ушлаб туриш зарурати туғилганда, бу муддатни узайтириш учун суд қарорини олиш механизми назарда тутилмаган.

Конституциявий суд муҳокама қилинган масалани ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, мутахассис ва экспертларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олиб, шахсни суд қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ ушлаб туриш Конституциянинг 27-моддаси учинчи қисмида белгиланган кафолатларга зид, деган хулосага келди.

Шу муносабат билан, Конституциявий суд қарори билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 288-моддаси иккинчи қисмидаги чегара тартибини ёки Ўзбекистон Республикаси давлат чегараси орқали ўтиш пунктларидаги тартибни бузган шахсларни ҳуқуқбузарнинг шахсини ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаш учун зарур ҳолларда ушланган пайтдан бошлаб 24 соат ичида прокурорга ёзма равишда хабар бериш орқали уч суткагача, шахсни тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган тақдирда эса прокурор санкцияси билан ўн суткагача ушлаб туришни назарда тутувчи нормаси Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддаси учинчи қисмига мувофиқ эмас деб топилди.

Конституциявий суднинг мазкур қарори шахснинг эркинлиги ва шахсий дахлсизлигига оид конституциявий кафолатларни таъминлаш, маъмурий ушлаб туриш институтини Конституция талабларига мувофиқлаштириш ҳамда шахсни суд ҳимояси билан таъминлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.

Қарорда шахсни қирқ саккиз соатдан ортиқ ушлаб туриш масаласида прокурорнинг хабардор қилиниши ёки санкцияси суд қарорининг ўрнини босмаслиги лозимлигига эътибор қаратилди.  Бу эса маъмурий тартибда ушлаб турилган шахсларнинг эркинлиги ва дахлсизлигини таъминлашда суд назоратининг аҳамиятини янада кучайтиради.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 23.09.2026 Ko'rishlar 21
Ulashish