Махсус зоналар даъволарининг 97 фоизи давлат фойдасига ҳал этилган
Мамлакатимизда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик субъектларига ер участкаларини ажратиш жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, ер қонунчилиги бузилишининг олдини олиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Аммо баъзи ҳолларда айрим тадбиркорлар ажратилган ер участкаларидан самарасиз, мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда. Амалиётда тадбиркорлик субъектлари томонидан ердан фойдаланиш шартлари бузилган ҳолларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва махсус иқтисодий зоналар дирекциялари иқтисодий судларга даъво аризаси билан мурожаат қилади. Бунда эса давлат божи тўлайди.
Бугунги кунда 40 та махсус иқтисодий зоналар, 701 та саноат зоналари фаолият юритмоқда. Улар томонидан 2020-2025 йиллар давомида иқтисодий судларга жами 1 минг 896 та даъво аризаси киритилган. Бу жараёнларда 2,2 миллиард сўм давлат божи тўланган.
Судларда кўрилган бу ишларнинг 97 фоизи давлат фойдасига ҳал этилган. Бироқ, бундай ҳолатда уларнинг судларга мурожаат қилиш учун давлат божини тўлаш мажбурияти уларнинг молиявий имкониятларини чекламоқда.
Шу мақсадда “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига иқтисодий судларга мурожаат қилишда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ҳамда махсус иқтисодий ва саноат зоналари дирекциялари учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва махсус иқтисодий зоналар дирекциялари ердан фойдаланиш шартлари бузилган ҳолларда иқтисодий судларга даъво аризаси билан мурожаат қилса, давлат божи тўлашдан озод этилиши белгиланмоқда. Бу орқали ер ресурсларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, ер муносабатларида қонунийликни мустаҳкамлаш таъминланади.
Агар судда ютқазилган тақдирда давлат божи амалдаги қонунчиликка мувофиқ махсус иқтисодий зоналар дирекциялари томонидан тўланади.
Муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА
Ўзбекча
English
Русский