Миллат фидойилари

Қалблар титрар, жўш урар ғурур ва улғаяр ёвқур қаҳрамонлар

Бу йилги баҳор юртимиз учун қувончли, тарихий воқеаларга бой бўлмоқда. Март ва апрель ойларида уч давлат чегарасида “Дўстлик” стеласи ўрнатилди. Самарқандда “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” биринчи саммити бўлиб ўтди. Тошкентда Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси ўтказилди. Булар ҳеч ўйланмасдан ёзганда ёдга тушган воқеалар. Қувонарлиси, май ойи ҳам мамлакатимиз тарихига бир неча муҳим воқеалар билан муҳрланди. Ушбу воқеаларнинг бирини алоҳида ажратиб кўрсатиш, энг муҳими шу, дейиш мушкул. Аммо биз рамзий маънода юртимиздаги барча ўзгаришлар, келгуси режаларни ўзида жамлаган ҳодиса — Президентимизнинг 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ғалаба боғида жамоатчилик вакиллари билан учрашувда билдирган фикрларини ушбу тарихий воқеаларнинг марказий нуқтаси деб олдик.

Аввало, бундай қарорга келишимиз сабабини изоҳласак. Маълумки, давлатимиз раҳбари ҳудудларга ташрифи давомида доим халқимиз билан мулоқот қилади. Уларнинг ўй-фикрлари билан қизиқади. Оддий одамлар, масъуллар фикрига қулоқ тутиб, ана шу жараёнда мамлакат тақдирига дахлдор бўлган ташаббуслар илгари сурилади.

9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ғалаба боғида жамоатчилик вакиллари билан учрашувда ҳам худди шундай бўлди. Бу учрашувнинг бошқаларидан фарқи шундаки, унда давлатимиз раҳбари кўпдан буён ўйлаб юрган фикрлари билан ўртоқлашди. Абу Наср Форобий: “Фуқаролар билан мулоқот усуллари ва уларга таъсир ўтказиш йўллари содда ва тушунарли бўлмоғи лозим”, деганида нақадар ҳақ эди. Зеро, фикр доим эркиндир. Шу боис, у доим юракнинг туб-тубидан чиқиб, инсоннинг асл мақсадини ифодалашга хизмат қилади. Давлатимиз раҳбарининг ушбу фикрлари янги Ўзбекистон танлаган йўлнинг ҳаммага тушунарли тилда, лўнда етказиб берилгани билан янада долзарблик касб этди. Бугун ана шу фикрлар фонида сўнгги кунлардаги тарихий воқеаларни таҳлил этсак. Уларнинг асл моҳиятини англашга уринсак. Биз танлаган йўл ҳақида суҳбатлашсак. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида танланган йўлнинг ¬нақадар тўғрилиги ва улуғворлиги бугун биз эришган жуда кўп тарихий ютуқларда кўзга ташланиб турибди.

Миллат фидойилари чироғи ҳеч қачон ўчмайди

Биринчи англам. Давлатимиз раҳбари Ғалаба боғидаги учрашув чоғида: “Бизнинг энг катта бойлигимиз — бу тинч ва осойишта ҳаётимиз, Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг омонлигидир. Бугунги кунда барча ҳаракат ва ислоҳотларимиз, ҳамма эзгу ниятларимиз бир улуғ мақсадга — давлатимиз истиқлоли, эл-юртимизнинг тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлашга қаратилган. Энг катта мақсад-муддаомиз — меҳнаткаш, мард ва олижаноб халқимизни рози қилишдан иборат”, деди.

Дунёнинг бугунги қиёфаси тинчлик нечоғлиқ азиз ва бебаҳо неъмат эканини кўрсатиб турибди. Афсуски, турли зиддиятлар дунё миқёсида таҳликали вазиятни юзага келтирмоқда. Бу иқтисодиётдан бошлаб барча соҳа ривожига тўсиқ бўлаётгани ҳам аччиқ ҳақиқат. Масалан, битта давлат осмонидаги нотинчлик сабаб ўнлаб мамлакатларни боғлайдиган авиарейсларнинг кечикиши, ҳатто бекор бўлиши ҳам кузатилмоқда. Ана шу фонда иқтисодий урушлар авж олаётгани ҳам бор гап. Бунинг оқибати фақат зиддиятга киришган давлатлар билан чекланиб қолмайди. Глобал дунёда бунинг имкони ҳам йўқ. Ана шундай вақтда танланган йўл қанчалик қийин бўлмасин, фақат олдинга қараб бориш, тўғри йўл танлай олиш... ниҳоятда оқиллик ва жасоратли юришларни талаб этади. Зеро, қадимги Римнинг машҳур файласуфи Сенека айтганидай: “Фақат ақл-идрок осойишталикни таъминлай олади”.

Тинчликни таъминлай оладиган ақл-идрок жамиятдаги барчага бирдек дахлдордир. Уни маълум қатлам, жамоага ёки алоҳида шахсларга қарата айтиш хато, назаримизда. Келинг, буни бир оз соддароқ тушуниб олсак. Ақл билан иш кўрадиган жамиятда ҳамма иш жой-жойида бўлади. Масалан, маҳалла раиси ўз вазифасини тўла ва тўғри бажаради. Фуқаро ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқи билан бирга мажбуриятларини тан олади ва шунга муносиб тарзда ишлайди. Умуман, жамиятда бирдамлик, ягона халқ тушунчаси устувор бўлади. Ана шундай ички аҳиллик ташқи таъсирларни заифлаштиради. Бу дунё тарихи, мамлакатлар тақдири мисолида кўп бора ўз тасдиғини топган. Бундай аҳилликнинг таянч устуни эса розиликдир! Шу боис, янги Ўзбекистонда халқимизни рози қилиш, “Инсон қадри учун” деган эзгу ғояга асосланган йўл танланган. Бугунги ўзгаришлар, олиб борилаётган ислоҳотлар замирида ана шундай ҳаётий ҳақиқат бор. Шу ўринда мазкур йўлда эътибор қаратиш зарур бўлган яна бир жиҳат мавжуд. Бу ҳам бўлса, халқни бугунидан рози қилиш баробарида келажагига катта ишонч беришдир. Демак, ёшлар тарбияси, уларнинг комил инсон бўлиб улғайишига жиддий эътибор қаратиш лозим.

Мамлакатимиз етакчиси Ғалаба боғининг мазмун-моҳияти, халқимизнинг қаҳрамонлиги ҳақида фикр билдириб: “Бу улуғвор мажмуа — халқимизнинг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссасини яққол кўрсатиб турадиган қутлуғ маскан, улуғ зиёратгоҳдир. Айни вақтда бу фарзандларимизга аждодларимиз жасоратидан сабоқ берадиган ўзига хос тарбия ўчоғи, десак, тўғри бўлади. Энг муҳими, ушбу боғ халқимизнинг Ватан ҳимояси йўлидаги қаҳрамонлик анъаналари барҳаёт экани, уларни ҳар бир авлод шараф билан давом эттириши зарурлигини барчамизга эслатиб, таъкидлаб туради”, деди.

Дарҳақиқат, барча замонларда ана шундай қаҳрамонлар жамиятга умид бағишлаган. Мамлакат тарихини яратган. Бу бизнинг шонли ўтмишимиздан ҳам маълум. Энди ёруғ келажак ҳақида қатъий қарорга келган эканмиз, ёш авлодни шу руҳда тарбиялашга аҳамият қаратишимиз шубҳасиз. Бунда, айниқса, яқин ўтмишимиздаги қаҳрамонларни эслаш, уларнинг хотирасини абадийлаштириш, ҳурматини жойига қўйиш ҳам жуда муҳим ҳисобланади. Биламизки, мустақиллик йилларида Ватанимиз сарҳадларини дахлсиз сақлаш, бугунги тинч ва осойишта ҳаётни ҳимоя қилиш йўлида бир қанча ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимлари мардларча ҳалок бўлган. Улар ¬мустақил Ўзбекистоннинг тинчлиги йўлида жонини қурбон қилган қаҳрамонлардир. Президентимиз ибораси билан айтганда, халқимиз, айниқса, ёшларимиз мустақил Ўзбекистоннинг ана шундай қаҳрамонлари борлигини билиши ва уларни ҳеч қачон унутмаслиги зарур!

Ғалаба боғидаги янги ёдгорлик — “Миллат фидойилари” монументи айнан ўша қаҳрамонларни ҳаётга қайтарди, десак муболаға бўлмайди. Зеро, ушбу монументда уларнинг номи зарҳал ҳарфлар билан муҳрлаб қўйилди. 196 нафар марҳум ҳарбий хизматчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ҳар бири ҳақида ушбу ёдгорлик зиёратига келганлар маълумотга эга бўлади. Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари шоир, адиблар ва биз, журналистларни қаҳрамонларимиз оилалари ва уларнинг -ўзлари ¬ҳақида янги асарлар, китоблар ёзишга ундади. Бу ижодкор, зиёлиларга ўзгача руҳ берди. Демоқчимизки, бу қаҳрамонлар доим қалбимизда яшаб келаётган эди. Фақат уларни маълум байрамлар арафасидагина эслаётган эдик. Бундай чақириқдан сўнг қаҳрамонларимиз ва улардан кўра кам қаҳрамонлик кўрсатмаётган оилаларини кенг жамоатчиликка ҳам яқиндан таништирамиз. Бу йўлда “Миллат фидойилари” монументи қаҳрамонлар ҳақида яратилажак асарларнинг энг биринчиси ва бетакрор намунаси бўлди. Чунки у инсон қадрини улуғлашга қаратилган ва халқимизнинг хоҳиш-истакларини ўзида жамлаган. Фикримизни муҳтарам ¬Президенти¬мизнинг қуйидаги гаплари тасдиқлайди: “Мен 2023 йил март ойида Сурхондарёда сизларнинг кўпчилигингиз — ана шундай марҳум аскар ва офицерларимизнинг оила аъзолари, яқинлари билан учрашганман, фикр ва таклифларингизни эшитганман. Мана шу қаҳрамонларимиз хотирасига ҳам ёдгорлик ўрнатсак, деган орзу, керак бўлса, армон мени доим ўйлантириб келарди. Бу нафақат менинг, балки ана шундай ботир ва довюрак она юрт посбонларини тарбиялаган сиздек ота-оналарнинг, қолаверса, қаҳрамонларимизнинг аёллари ва фарзандларининг, бутун халқимизнинг орзуси эди, десак, албатта хато бўлмайди”.

Шунинг ўзиёқ янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар юртдошларимиз фикри, уларнинг орзулари рўёби йўлида амалга оширилаётганини тасдиқлайди. Бу жамият бирдамлигига, ягона халқ бўлиб олға интилишимизга мустаҳкам заминдир.

Шу ўринда яна бир воқеа ҳақида айтиш зарур. Куни кеча аҳолининг таклиф ва истакларини инобатга олган ҳолда, Президентимиз топшириғига кўра, автомобиль йўлларида ҳаракатланиш тартибини янада такомиллаштириш, ҳайдовчиларга қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда уларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган Ҳукумат қарори қабул қилинди. Биз ҳозир ушбу қарорни шарҳлаш ниятида эмасмиз. Аммо фикримизга уйғун бўлгани учун битта таққосни айтиб ўтмасак бўлмайди. Йўлдаги чизиқларни босиш ва бунинг учун жарима тўлаш кўп ҳолларда ҳайдовчилар эътирозига сабаб бўлаётганди. Шу боис, мазкур қарор қабул қилинди. Халқимизнинг истаклари ҳисобга олинди.

Тинчлик — энг катта бойлик

Иккинчи англам. Боғ унга қуёш нури билан бирга ўз вақтида сув келиб тургани боис яшнайди. Дарахт қуёшнинг чиқиши табиий жараён эканини билади. Чунки у ҳар куни ботиб, янги кунда яна кўриниш беради. Аммо улар сув боғбоннинг қанчалик машаққатли меҳнати эвазига келаётганини билавермайди. Негаки бу жараён дарахтлар учун бегона. Тинчлик ҳам худди ўша сувга ўхшайди. Усиз ҳаёт ўз изидан чиқиб кетади. Бугун бунга дунё мамлакатлари мисолида гувоҳ бўлиб турибмиз. Демак, озгина мулоҳаза қилган, ҳаётни чуқурроқ ўрганишга киришган инсон борки, тинчлик деб аталмиш бебаҳо бойлик ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаслигини яхши ҳис этади. Давлатимиз раҳбари ана шу тинчликни асраш борасида ҳар биримиз нафақат билишимиз, балки бу заҳматни, унинг қадрини юрагимиздан ҳис этишимиз учун жуда муҳим бўлган битта фикрни айтди: “Ҳаёт бор экан, бутун жамиятда албатта ҳар жабҳада кураш ¬кетади. Ҳозирги кунда биз ҳам гўзал, файзли ва фаровон ҳаёт учун, ¬тинчлик учун курашяпмиз. Бу кураш ҳар куни, ҳар дақиқада давом этмоқда”.

Очиқ тан олиш керак. Бу кураш ҳеч қачон тўхтамаган ва унинг якуни йўқ. Ҳаётнинг қоидаси шу. Аммо у давр, халқаро майдондаги жараёнларга қараб, жамиятнинг аҳволидан келиб чиқиб бир оз енгил ва акси бўлиши мумкин. Ҳозирги глобал ўзгаришлар даври бизга доимгидан ҳам ҳушёр бўлиш талабини қўймоқда. Демак, бундай вақтда жамият бирдамлиги ва оқиллиги билан вазиятни имкон қадар юмшатишга хизмат қилиши шарт. Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг юқорида келтирилган фикрлари биз учун огоҳлик сигнали бўлиши лозим. Яъни бугун тўқликка шўхлик қилаётганлар ҳам, афсуски, жамиятимизда топилади. Оддий оилавий маросимлар билан боғлиқ оғриқли нуқталаримиз ҳамон малҳам топмади. Ёки ёшлар орасида отасининг пулига олинган машинани қонун-қоидаларга амал қилмай, ўзгалар ҳаётини хатарга қўйиб бошқариш авж олгани ҳам аччиқ ҳақиқат. Ижтимоий тармоқдаги айрим ёшлар, ҳатто ёши улуғларнинг ҳам баъзи чиқишларини кузатиб афсусланасиз. Бундай кимсалар миллийлик, ўзлик деган тушунчаларни унутиб қўяётгани кишини ташвишга солади. Булар бизга ярашмайдиган ишлардир. Бугунги эркин ҳаёт бераётган имкониятларни тўғри қабул қилиш, шунга яраша жамият бўлиб шаклланиш зарур. ¬Президентимиз бежиз “Эркинлик ва озодликнинг, тинчликнинг ¬қадрига етиш — бу осон эмас. Бу — ўта оғир ва машаққатли иш. Бунинг учун ҳам илм, тарбия, маданият ва ирода керак. Шу боис, мен “биз ҳали изланишдамиз” деган фикрни кўп такрорлайман”, дегани йўқ.

Аждодларимиз айтмиш, илм — нажотдир, деган ҳаётий ҳақиқатнинг бугунги қиёфаси юқоридаги фикрда тўлалигича ўз аксини топган. Ҳа, нажот йўли илм ва тарбиядадир.

Президентимиз Ғалаба боғидаги учрашувда билдирган фикрларида яхши тарбияси сабаб ана шу илмга интилиб, мамлакатдаги ислоҳотлар сабаб ютуққа эришган ёшларни намуна қилиб кўрсатди. Айниқса, урганчлик Мафтуна Очилова ва унга тарбия берган онаси янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар оддий инсонларнинг орзусини амалга оширишга қаратилганини яна бир бор тасдиқлади.

Мафтуна Очиловани онаси ёлғиз тарбия қилган экан. Аёл минг бир машаққатлар эвазига оиласини қашшоқликдан олиб чиққан. Айни пайтда болаларини китобга, илм олишга қизиқтирган. Мафтуна онасидан ибрат олиб, тинмай ўқиб-ўрганган. Натижа қувонарли. Китобхон ёшлар танловида у биринчи ўринни эгаллаб, катта ютуқ — автомобилни қўлга киритди. Бу ҳам бўлса, юртимизда илм қадрланаётгани, бу борада адолат бош мезон эканидан далолат. Шу ўринда Ҳазрат Навоийнинг: “Хуш ул киши ким, адл сифоти бўлмиш”, яъни “Яхши киши адолатни касб қилиб олади”, деган ҳикматини эслаб ўтмоқчимиз. Мафтуна ютуғи сабаб, аввало, ўзига ишончи ортди. Қолаверса, бошқа тенгдошларига ҳам худди шундай сўнмас туйғу улаша олди. Муҳими, бугун ёшлар, умуман, барча телефон, интернет каби ўткинчи нарсаларга кўп чалғимасдан олға интилса, катта ютуқларни қўлга киритиши мумкин эканини исботлади. Шу маънода, Мафтуна Очиловадай қизлар ва уларнинг тарбиячиси бўлган оналарни, ҳеч шубҳасиз, халқимизнинг бугунги қаҳрамонлари, десак бўлади. Улар китоб нақадар буюк мўъжиза ва синовли дунёдаги ¬нажот йўли илмда эканини ўз ҳаёт йўли билан исботлаб бермоқда.

Юқорида 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ғалаба боғида бўлиб ўтган учрашувда давлатимиз раҳбари нутқ сўзлагани ёки мулоқот қилгани эмас, айнан фикрлари билан ўртоқлашганига алоҳида урғу бердик. Шундан келиб чиқиб, яна бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Давлатимиз раҳбари Мафтуна Очилова ҳақида айтар экан шундай деди: “Оддий бир қизимиз шу гапларни йиғлаб-йиғлаб айтганида, менинг кўнглим ҳам беихтиёр бошқача бўлиб кетди. Буни мен ҳам сўз билан ифода этиб беролмайман. Қаранг, эзгулик қандай буюк, қандай қудратли куч!”.

Бугун янги Ўзбекистон ёшлари ана шундай қудратли кучдан қувват олаётгани айни ҳақиқат.

Нажот йўлининг мустаҳкам устуни

Учинчи англам. Май ойидаги яна бир катта воқеа Президентимиз раислигида ўтказилган мактаб таълими юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлди. Ушбу йиғилиш ҳар қандай мамлакат тараққиёти соғлом ва билимли авлодга боғлиқ деган ниҳоятда муҳим фикр атрофида бўлиб ўтди. Яъни биз танлаган йўл — янги Ўзбекистонни барпо этиш ғоясининг рўёби соғлом, билимли, теран фикрли, ватанпарвар ёшларни тарбиялашга боғлиқ экан ва бунинг учун барча шароитларни яратишимиз шарт ва зарурлигига -қаратилди.

Аслида, ислоҳотларнинг илк куниданоқ таълимга катта эътибор берилмоқда. Оддий мисол, шу вақтгача мактаб ўқитувчиси ижро ҳокимиятининг текин ишчи кучига, фермернинг пахта теримчисига айланиб қолган эди. Собиқ тузумдан мерос бундай иллатдан узоқ йиллар қутула олмадик. Янги Ўзбекистонда ўқитувчининг ҳурматини жойига қўйиш борасида амалий ишлар қилинди. Бугун

1000 доллар миқдорида маош олаётган ўқитувчилар сони ошиб бораётгани ҳам фикримиз далили. Бундан ташқари, охирги 7 йилда мактабгача ва мактаб таълими учун маблағ

7 карра оширилди. Жорий йилда мазкур соҳага 60 триллион сўм йўналтирилаётгани таъкидланди. Биргина боғчалар мисолида оладиган бўлсак, кейинги йилларда қамров 3 карра ошиб, 78 фоизга етган. Бу фақат болаларга таълим бериш кучайганини англатмайди. Балки оналар бандлиги, ишламаган тақдирда ҳам ўзи учун етарлича вақт ажрата олиши дегани. Ахир олис қишлоқларда ҳам боғчалар очилгач, қишлоқ аёлларининг ҳаёти тубдан ўзгарди. Соҳага қаратилган жиддий эътибор сабаб боғча тарбиячилари ойлиги 65 фоизга ошиб, мактаб ўқитувчилари маошига тенглашди. Янги ўқув йилидан мактаб директорлари, ўринбосарлари ва боғча мудираларининг иш ҳақи 7-10 миллион сўмдан ошади. Шунингдек, мазкур йиғилиш соҳада туб ўзгаришларнинг янги даври бошланганига далолат бўлди. Яъни энди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бутун тизими билан “фавқулодда тўқсон кунлик” тартибида ишлашга ўтади. Чунки таълим соҳасида ҳамон бажарилиши зарур бўлган ишлар бисёр. Юртимизда ўқитувчилар обрўси ошиб бориши, мактаб ва боғчаларнинг техник базаси бойиши билан бирга малакали кадрларга бўлган эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда. Зеро, сифатли таълимни фақат юқори малакали педагоглар бера олади. Шу боис, соҳани тубдан яхшилаш борасида қатор ташаббуслар илгари сурилди. Масъулларга тегишли вазифалар юкланди. Хусусан, барча педагогика олийгоҳлари фаолияти тубдан ўзгаради. Бу олийгоҳга Янги Ўзбекистон университетидаги каби халқаро бошқарув тизими татбиқ этилади.

Болалар тарбияси ва таълими ҳақида яна бир ҳақиқат — туб ўзгариш болаларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш борасидаги янгилик бўлди. Яъни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги қошида Болалар контентини ривожлантириш маркази ташкил қилинди. Бу жуда катта янгилик ва муҳим воқеа. Зеро, донишманд Сенека “Маънавий қулликдан шармандалироқ мутелик йўқ”, деган эди. Глобал дунёмизда маънавий қуллик тарғиботи тобора авж олиб бораётгани айни ҳақиқат. Янги марказ ана шу кураш майдонида байроғимизни баланд кўтариши, ёшларимизнинг она Ватанга меҳр-муҳаббат билан улғайишида хизмат қилиши зарур. Шу маънода, янги марказ олдида улкан масъулиятли ва шарафли йўл турибди.

Яна бир воқеа. 21 май куни Будапешт шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти норасмий саммити бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари нутқ сўзлади. Ушбу нутқ Ўзбекистон барча низолар тинч ва дипломатик йўл билан, адолатли тарзда ҳал этилиши тарафдори эканини билдирди. Айни шу глобал даражадаги зиддиятлар даврида иқтисодий, ижтимоий масалаларни ҳал этишга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди. Ана шу ўринда ҳозирги фикрларимизга ҳамоҳанг бўлган яна бир жиҳат тилга олинди. Яъни Президентимиз: “Жаҳон илм-фани ва маданиятига улкан ҳисса қўшган, барчамизнинг фахр-ифтихоримиз бўлган буюк аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш ва дунёга тараннум этиш биз учун шарафли ва масъулиятли вазифадир. Шу боис, илм-фанни ривожлантириш ва ёш авлод учун таълим имкониятларини кенгайтириш ниятида “Туркий дунё хартияси”да “Илмдан ўзга нажот йўқ” деган юксак ахлоқий ғояни муҳрлаб қўйдик”, деди. Ана шунинг ўзиёқ янги Ўзбекистон маърифатга йўғрилган адолатли йўлни танлаганини ва буни халқаро майдонда кенг тарғиб этаётганини кўрсатади.

Муносиблик масъулияти

Тўртинчи англам. Навбатдаги фикримизни яна бир муҳим воқеа билан бошламоқчимиз. Ушбу ой аввалида давлатимиз раҳбари тиббиётнинг бирламчи бўғини ва ихтисослашган муассасаларда хизматлар сифатини янада ошириш, дори воситалари истеъмолини тартибга солиш ҳамда тиббий таълимни такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди. Бу ҳақда газетамиз саҳифасида ҳурматли мутахассисларимиз, журналистлар бир неча бор чиқиш қилди. Шу орқали, унинг моҳиятини очиб беришга уриндик. Ҳозир бу борада кўп фикр айтиб вақтингизни олишдан йироқмиз. Аммо мақоламизга бош мавзу бўлган халқни рози қилиш ва инсон қадрини улуғлаш йўлидаги битта жиҳатни эслаб ўтмоқчимиз.

Энди туманлардаги поликлиникаларда оилавий шифокорнинг базавий ойлиги 500 доллар, ҳамшираники 300 доллар эквивалентида бўлади. Оилавий шифокор ва ҳамшира малака сертификати олса, яна устама тўланади. Агар улар маҳаллада юриб, сурункали касали борларга вақт ажратса, уларни касаллик билан яшаш ва уни бошқаришга ўргатса, онкологик, диабет, инсульт, инфаркт каби касалликларни эрта аниқлаб, оғир асоратларнинг олдини олса, буларнинг ҳисобига тез ёрдам ва стационарга мурожаатни қисқартирса, шифокорга яна 500 доллар, ҳамширага эса қўшимча 300 доллар берилади.

Шу ўринда кичик мулоҳаза. Кўп ҳолларда соғлом турмуш тарзига амал қилмаймиз. Оқибатда аксариятимиз касалликларга кўп йўлиқамиз. Тағин ўша турмуш тарзида давом этиб, бу касалликларни диабет, инсульт, инфаркт каби ҳолатларгача олиб борамиз. Ўзимиз ўзгармасак, жамият ўзгармаслиги ҳақида кўп айтамиз. Аммо соғлом турмуш тарзи борасида ўзимизда ўзгариш кам кузатилаётгани аччиқ ҳақиқат. Тўғри, кейинги вақтларда спорт билан шуғулланадиганлар сафи ошиб боряпти. Лекин бу ҳали қониқарли даражага етгани йўқ. Юқорида айтилган янгиланишлар ана шу ўзгариш қийин кечаётган жамиятни ислоҳ этишга қаратилган. Зеро, бу ўзгаришлар нафақат касалликнинг олдини олишга, балки соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга ҳам қаратилгани билан аҳамиятли.

Ўрни келганда битта ҳаётий факт. Куни кеча ижтимоий тармоқ фаолларидан бири Исомиддин Пўлатов тез ёрдам чақиргани ва у вақтида етиб келиб, яхши хизмат кўрсатгани ҳақида ёзди. Муаллиф айтишича, тез ёрдам келиб кетгач, унга бегона рақамдан қўнғироқ бўлган. Кўрсатилган хизмат сифати, уни янада яхшилаш борасида бирон таклифи бор-йўқлиги ҳақида сўраган. Кейин “Тез ёрдамда борган тиббиёт ходимлари ҳудудий поликлиникага мурожаат қилишингизни эслатдими?” деган савол берилган. Фаолимиз ижобий жавоб бергач, улар соғлиқ тилаб хайрлашган.

Бу ерда иккита муҳим жиҳат бор. Биринчиси, тез ёрдам сифати амалда яхшиланяпти. Иккинчиси, юқорида қайд этилган йиғилишда тез ёрдам касалхонага айланиб қолгани танқид қилинган эди. Масъулларнинг ҳудудий поликлиникага мурожаат қилиш эслатмаси ва бу такрор текшириб кўрилиши халқимиз саломатлигини таъминлаш борасидаги янги вазифаларга аллақачон киришилганини билдиради.

Энди мақоламиз аввалидан токи охиригача айтилган ўзгаришларни бир қур ёдга олинг. Уларда битта муштараклик бор. Бу ҳам бўлса, янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида халқимизни рози қилиб, юксак маънавиятли, бетакрор илмга эга ва соғлом жамиятни қуришга қаратилган ислоҳотлардир.

Ён-атрофни кузатинг. Кундалик ҳаётингизни, фарзандларингиз тарбиясига қанчалик вақт ажратаётганингизни холис таҳлил қилинг. Глобал дунёдаги ўзгарувчан шароитда тинчликни асрашда машаққатли юмушга қанчалик ҳисса қўша оляпман деган саволга жавоб изланг. Ана шунда қалбингизнинг туб-тубида Ватанимизга муносиб фарзанд бўлиш масъулияти янада жўш уради. Мустақиллик — буюк неъмат. Уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиз. Ҳозирги таҳликали замонда бу неъматни асрашнинг ягона йўли маърифатли жамиятдир. Бундай жамият ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Унинг ҳар бир аъзоси фаол фуқаролик позициясига эга бўлади. Шу тариқа илм олишга, китоб ўқиб, ёшларни тўғри йўлга бошлашда етакчилик қилади. Муҳими, ягона Халқ, битта Ватан бўлиб ҳаракатга келади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида биз танлаган йўлнинг бош маслаги ва ортга қайтмаслиги моҳияти ана шу ҳаётий мақсад билан қувватланиб туради.

Салим ДОНИЁРОВ

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech