Минтақавий интеграция, биргаликда тараққий этиш ғоялари Марказий Осиёда амaлий мазмун касб этмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви минтақавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим сиёсий платформа вазифасини ўтади.
Пойтахтимизда бўлиб ўтган ушбу муҳим тарихий тадбир ҳақида Олий Мажлис Сенати аъзоси Зумрад Бекатова ўз фикрларини билдирди:
– Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ишонч, яхши қўшничилик муносабатлари ва сиёсий мулоқот, минтақавий интеграция сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Бундай учрашувлар сиёсий мулоқотдан амалий шерикликка айланиб бораётгани эътиборга лойиқ.
Алоҳида қайд этиш керакки, ҳудудий масалалар узил-кесил ҳал этилди, чегара пунктлари очилди, сув-энергетика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилди. Транспорт алоқалари қайта тикланди, мамлакатларимиз ўртасида фаол савдо-инвестиция ва гуманитар алоқалар учун қулай шароит яратилди.
Ўтган йили Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 10,7 миллиард АҚШ долларига етган. Минтақамизга киритилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 17 фоизга кўпайган.
Ўзбекистон раислиги даврида ҳамкорлигимиз салоҳиятини янада ошириш мақсадида 20 дан ортиқ йирик тадбирлар ўтказилди. Минтақавий шерикликнинг институционал асослари ва механизмлари тизимли равишда кенгайиб бормоқда.
Биргина Ўзбекистон раислик қилган даврда 20 дан ортиқ йирик тадбирлар, жумладан, Бош вазир ўринбосарлари даражасида минтақалараро ҳамкорлик форуми иши йўлга қўйилган, илк бор мудофаа идоралари, махсус хизматлар раҳбарлари, шунингдек, геология, саноат, қишлоқ хўжалиги, экология ва маданият вазирлари йиғилишлари ўтказилган бўлиб, буларнинг барчаси Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада оширишга хизмат қилмоқда.
Бундай Маслаҳат учрашувлари доирасида ёки унинг арафасида ўтказилиши анъанага айланган Марказий Осиё давлатлари етакчи аёллари мулоқоти ўтган ҳафтада Тошкентда ўтказилиб, унинг доирасида ҳам ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга замин яратадиган муҳим ҳужжатларни қабул қилишга келишиб олинди.
Еттинчи Маслаҳат учрашувининг муҳим жиҳатларидан бири – бу минтақавий ҳамкорликнинг янада кенгайиши билан боғлиқ воқелик бўлди. Хусусан, айнан пойтахтимизда бўлиб ўтган ушбу учрашувда илк бор Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев тузилманинг тўлақонли аъзоси сифатида иштирок этди.
Бу эса, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида иқтисодий ва транспорт алоқаларини кучайтириш имконини кенгайтиради.
Мазкур учрашувда Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар эса бу жараённинг стратегик йўналишини белгилаб берди, десак тўғри бўлади.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ҳамкорлик механизмлари ва шартномавий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга қаратиш ташаббусининг ўзиёқ минтақа мамлакатларининг барча соҳалардаги ҳамкорлигини янада чуқурлаштиришга хизмат қилади. Бундай ҳамкорликка киришган мамлакатларнинг ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланади. Чунки, бирдамлик кучлироқ овозга эга бўлиш ҳуқуқини ҳам беради.
Яъни, бундай учрашувларни минтақавий мулоқотнинг маслаҳат шаклидан “Марказий Осиё ҳамжамияти” стратегик форматига айлантириш ташаббусини илгари суриб, шу мақсадда Маслаҳат учрашувлари тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш, котибиятини таъсис этиш, миллий мувофиқлаштирувчилар мақомини Президентларнинг махсус вакиллари даражасига кўтариш таклифи билдирилди.
Шунингдек, халқ дипломатияси соҳасидаги қадрият ва анъаналаримизга таянган ҳолда, бой ҳаётий тажриба ва обрў-эътиборга эга жамоат арбобларидан иборат Оқсоқоллар кенгашини тузиш таклифи илгари сурилди.
Ушбу таклифлар форматнинг институционал ва ташкилий асосларини изчил мустаҳкамлаб бориш, ушбу мамлакатларда авлодлар ўртасидаги алоқаларни кучайтириш, шунингдек, умумминтақавий ҳамжиҳатлик ва ўзига хосликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан янада аҳамиятлидир.
Учрашув доирасида давлат раҳбарлари минтақа тараққиёти учун устувор бўлган қатор стратегик йўналишларни муҳокама қилди. Жумладан, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, саноатни ривожлантириш, транспорт ва логистика йўлакларини мустаҳкамлаш, энергетика ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, экологик хавфсизликни таъминлаш каби муҳим масалалар кун тартибидан ўрин олди. Шунингдек, хавфсизлик, чегара-божхона ҳамкорлиги, маданий-гуманитар алоқаларни чуқурлаштириш бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқиш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Бир сўз билан айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари суриб келинаётган минтақавий интеграция, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва биргаликда тараққий этиш ғоялари бугун Марказий Осиёда амaлий мазмун касб этмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский