Нажат Маала: Дунёда болаларга нисбатан зўравонликка тўлиқ барҳам берган бирорта давлат йўқ

Оилавий келишмовчиликлар, иқтисодий муаммолар, эътиборсизлик, хавфсиз муҳитнинг йўқлиги ва ёшларнинг ҳаётий кўникмалари шакллантирилмагани – болалар ўртасида зўравонликни юзага келтирувчи омиллар.

Сўнгги йилларда болаларга нисбатан содир этилаётган зўравонликлар сони ошиб бормоқда. Афсуски, ҳар йили камида бир миллиард бола у ёки бу зўравонликка дуч келади. Бу дунё болаларининг ярми демакдир. 

БМТ Бош котибининг махсус вакили Нажат Мааланинг  Тошкентга ташрифи чоғида болаларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва уларнинг фаровонлигини таъминлашда нималарга эътибор қаратиш кераклиги борасида суҳбатлашдик. 

– Маала хоним, сиз болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва дунё бўйлаб ушбу масалани илгари суриш бўйича катта тажрибага эгасиз. Ўзбекистонга қилган ташрифингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз.

– БМТ Бош котибининг болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича махсус вакили сифатида дўстона расмий ташриф билан Ўзбекистонга келдим. Мен учун энг муҳими – мамлакатдаги ҳолат юзасидан умумий таассуротга эга бўлиш, болалар ҳуқуқлари ва фаровонлиги сиёсий кун тартиби бошида туриши. Ўзбекистонда айнан шундай эканига гувоҳ бўлдим. Президент билан бўлиб ўтган учрашув жуда таъсирли бўлди. Президент болалар ҳуқуқлари ҳимоячиси ҳисобланади.

– Болаларни ҳимоя қилиш ва уларнинг фаровонлигини таъминлаш умумий тараққиёт учун ҳам асосий калит ҳисобланади. Бу жараёнда вазирликлар билан бир қаторда, бошқа томонларнинг иштироки ҳақида нима дея оласиз?

– Агар биз болаларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик ва ижтимоий четлаштиришнинг олдини олишни истасак, барча секторларни жалб қилишимиз керак. Бу борада Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мувофиқлаштирувчи асосий тузилма ҳисобланади. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, бу агентлик тўғридан-тўғри Президентга ҳисобот беради. Бу эса ҳар бир вазирлик, идора ва иштирокчини масъул қилади.

Мен мамлакатингизга ташрифим чоғида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакиллари билан ҳам учрашдим. Чунки, болаларни ҳимоя қилишга оид ҳаракатлар инвестиция сифатида кўрилиши керак. Биз ушбу йўналишда нима қилиш мумкинлиги ҳақида суҳбатлашдик. Қоғозда чиройли дастурлар бўлиши яхши, аммо уларни реал ҳаётга татбиқ этиш керак. Хизматлар болаларга маҳаллий даражада етиб бориши керак. Уларнинг қийматини аниқлаш, тармоқлараро бюджет яратиш муҳим.

–Болалар ҳуқуқларини таъминлаш борасида Ўзбекистон қандай натижаларга эришган деб ҳисоблайсиз?

– Очиғини айтсам, Ўзбекистон болалар ҳуқуқлари борасида кўп ишларни амалга оширди. Биламизки, бу ҳар қандай мамлакатда, ҳатто энг бой ва ривожланган давлатларда ҳам осон эмас. Аммо мен ҳудудий даражада қисқа вақт ичида ташкил этилган хизматлар ва кўрилган чоралардан жуда ҳайратдаман.

Бу ҳақиқатдан ҳам таҳсинга лойиқ. Яна бир жиҳат — одамларнинг камтарлиги. Улар: “Эҳтимол, биз ҳали ҳамма нарсани тўғри қилмаётгандирмиз. Қандай қилиб бу борадаги ишларни яхшироқ қилишимиз мумкин?” — деган саволларни ўзларига беришмоқда. Ўзига савол бериш — энг тўғри ёндашув, деб ҳисоблайман.

Бундан ташқари Ўзбекистонда “Болаларни зўравонликларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.  Бу қонун жуда муҳим, чунки зўравонлик уйда, муассасаларда, кўчада, интернетда, марказларда — ҳамма жойда содир бўлади. Менга ёққан жиҳат — қонунга бепарволикни ҳам зўравонликнинг бир тури сифатида киритишганидир. Бу ҳам муҳим.

Биз натижаларни баҳолашимиз керак. Таъсир кўрсатиш узоқ вақт талаб қилиши мумкин, лекин натижалар ва уларнинг бюджет билан боғлиқлиги, харажатларни кузатиш – буларнинг барчаси жуда аҳамиятли.

Диққатимни тортган яна бир жиҳат – деярли ҳар бир учрашувда Ўзбекистон нима қилаётгани ва кейинги босқичларда нима қилиши кераклиги таъкидланди.

– Ўзбекистон тажрибасининг муҳим жиҳатлари нимада деб ўйлайсиз?

– Ҳеч бир давлат болаларга нисбатан зўравонликка тўлиқ барҳам берган эмас. Шу боис, ўтган йил ноябрь ойида биз ушбу мавзуга бағишланган юқори даражадаги халқаро конференцияни ўтказдик. Ўзбекистонда эса энг юқори даражада сиёсий ирода мавжуд. Буни ҳужжатлаштириш, визуал форматда кўрсатиш, 2030 йилгача бўлган мақсадлар билан уйғунлаштириш жуда муҳим. Шунингдек, мульти-соҳавий ҳамкорликни таъминлаш: бу ерда ҳукумат, фуқаролик жамияти, халқаро ташкилотлар иштирок этмоқда ва улар юксак даражадаги органлар олдида жавобгар. Буни бошқа давлатларга кўрсатиш керак, чунки бу фақатгина Ўзбекистон эмас, бутун дунё миқёсидаги масала.

– Ўзбекистон “Богота ҳаракатлар чақируви”га қўшилди. Буни қандай баҳолайсиз ва Ўзбекистон қандай ҳисса қўша олади, деб ҳисоблайсиз?

– Ўзбекистоннинг “Богота ҳаракатлар чақируви”га қўшилгани — катта воқеа. Чақирувнинг мазмуни Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан мутлақо уйғун. Мамлакат халқаро ҳаракатнинг фаол аъзосига айланмоқда. Марказий Осиё ва унинг ташқарисида болалар манфаатларини ҳимоя қилувчи давлатлар зарур. Шунингдек, "Богота ҳаракатлар чақируви" орқали кўп томонлама ҳамкорликни қайта тиклаш имконияти яратилади. Ўзбекистон ўз тажрибаси билан ўртоқлашиб, бошқа давлатлар учун ҳам ўрнак бўлиши мумкин. Биз кеча Глобал шериклик альянси ҳақида ҳам гаплашдик — у 42 мамлакатни қамраб олади. Бу тажриба алмашинуви учун янги имкониятлар, хусусан болалар, диний етакчилар, фуқаролик жамияти ва хусусий секторни ҳам қамраб олувчи билим платформаси бўлади.

ЎзА мухбири Муҳайё Тошқораева суҳбатлашди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech