Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди кўмагида муҳим жамоатчилик назорати ташкил этилди.
Тадбир доирасида Тошкент шаҳар Шимолий ва Жанубий темир йўл вокзалларида ногиронлиги бор шахслар учун яратилган шароитлар ўрганилди. Унга кўра, вокзал биноларининг архитектура ечимлари ва кириш-чиқиш нуқталари, ногиронлиги бор шахслар учун махсус йўлакчалар, кўргазмали белгилар, ҳожатхона, лифт ва пандуслар ҳолати кўздан кечирилди.
Бундан ташқари хизмат кўрсатувчи ходимларнинг тайёргарлик даражаси, ахборот панеллари ва эълонлар, аудио-визуал кўмак воситалари таҳлил қилинди, дейилади Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси маълумотида.

Мониторинг жараёнида аниқланган муваффақиятлар билан бирга, камчиликлар ҳам қайд этилди. Бу эса келгусида уларни бартараф этиш, вокзалларни барча учун жисмонан мос муҳитга айлантириш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг Тошкент шаҳар бўлинмаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши, Ногиронлар жамияти, Кўзи ожизлар жамияти ва ЎзННТМА Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмалари иштирок этди.
Бу каби жамоатчилик мониторинглари ногиронлиги бор фуқароларнинг ҳуқуқ ва эҳтиёжлари давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан қандай амалга оширилаётганини баҳолашда муҳим мезондир.
А.РУСТАМОВ, ЎзА
- Қўшилди: 29.07.2025
- Кўришлар: 233
- Чоп этиш