22 май – Халқаро биохилма-хиллик куни
Инсонларнинг билиб-билмай табиатга етказаётган зарари ҳайвонлар, қушлар ва турли ўсимликларнинг камайиб, ҳатто бутунлай йўқолиб кетишига сабаб бўлади. Бу эса атроф-муҳитнинг биохилма – хиллиги бузилишига олиб келади.
Хўш, биохилма-хиллик нима? Ўзбекистонда биохилма-хилликни таъминлаш мақсадида қандай ишлар олиб бориляпти? Дастлаб шу саволга жавоб изласак.
Биохилма-хиллик деганда барча ҳаёт шакллари - ўсимликлар, ҳайвонлар, микроорганизмлар, уларни ташкил этувчи генлар ва улар алоҳида компонентлар сифатида ифодаланадиган экологик тизимларнинг хилма-хиллиги тушунилади.
Афсуски, кейинги йилларда инсонларнинг табиатга бўлган салбий муносабати туфайли ўсимликлар дунёси, ҳайвонот ҳамда наботот оламига путур етяпти.
Биохилма-хилликнинг йўқолиши озиқ-овқат таъминоти, дам олиш ва сайёҳлик саноати ҳамда ёғоч, дори-дармон ва энергия манбалари учун хавф туғдиради.
Олимларнинг таъкидлашича, бугунги кунда ернинг биохилма-хиллиги ҳам ачинарли ҳолатда. Сабаби, биз ерда ёки кўкда бор нарсаларни кесамиз, овлаймиз ва турли йўллар билан истеъмол қиламиз. Бу билан табиат инъомларининг сонини камайтирамиз ва баъзан турларнинг йўқ бўлиб кетишига сабабчи бўламиз. Ҳаттоки энг митти қушларнинг ҳам табиатга қўшадиган ҳиссаси бор.
—Уларнинг фойдали томони шундаки, қушлар мавсумий равишда озуқа таркибини ўзгартириб туради. Яъни, баҳор мавсумида ҳашаротлар билан озиқланиб, қишлоқ хўжалиги учун зарарли бўлган ҳашаротлар сонини камайтиришга хизмат қилади, — дейди Фанлар академияси Зоология институти лаборатория мудири Нодиржон Азимов.
Табиатдаги барча тирик мавжудот бир-бирига занжирдек боғланган. Шулар орасида биттаси йўқ бўлиб кетса, озуқа занжири узилади.
Олимлар ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ўсимликлар турларини асраш, уларни кўпайтириш мақсадида изланишлар олиб бормоқда. Олимларнинг бу борадаги изланишларига пойтахтимиздаги Ботаника боғи асосий манба сифатида улкан ҳисса қўшмоқда.
—Бугунги кунда боғдан олимлар илмий-тадқиқот муассасаси сифатида фойдаланиб келишади, —дейди Тошкент Ботаника боғи директори Содиқжон Абдуназаров. — Энг аввало, эътиборимизни йўқолиб кетаётган ўсимликларни сақлаб қолиш, уларни муҳофаза қилиш, яхши ўсадиган ҳудудга экиш, коллекцияларимизни бойитиш масалаларига қаратамиз. Ундан ташқари, экологик таълим-тарбияда ҳам боғнинг ўрни катта.
Мактаб ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари билан ҳамкорликларимиз бор. Ўсимликлар дунёсига қизиққан ёшлар шу ерга келиб ўрганишади, билимларини бойитиб боришади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, табиатга зарар етказиш биохилма-хилликнинг камайиб, ҳатто йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлади. Биохилма-хилликнинг йўқолиши натижасида инсониятнинг яшаши учун ресурс қолмайди. Шундай экан табиатнинг ҳар бир бўлагини асрайлик.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА мухбири
- Қўшилди: 22.05.2025
- Кўришлар: 791
- Чоп этиш