Ўзбекистон делегацияси “Women in Tech Global Summit 2025” халқаро саммитида қатнашди

Япониянинг Осака шаҳрида “Women in Tech Global Summit 2025” халқаро саммити бўлиб ўтди. Дунёнинг 50 та мамлакатидан 400 нафардан ортиқ иштирокчиларни бирлаштирган тадбирда технологиялар соҳасида гендер тенглиги ва хотин-қизларнинг рақамли сектордаги иштирокини кенгайтириш масалалари асосий мавзу бўлди.

Мамлакатимиз делегациясига Ўзбекистон Республикаси  Рақамли   технологиялар  вазири маслаҳатчиси Камола Собирова бошчилик қилди. “Women in Tech Uzbekistan” жамоаси юртимизнинг рақамли  трансформация йўналишидаги  ютуқлари ҳамда  IT соҳасида хотин-қизларга  тенг имкониятлар яратишга қаратилган ташаббусларни намойиш этди. 

Саммит доирасида  иштирокчилар “EXPO 2025” расмий дастурига киритилган «Инновациялар йўли» номли  Ўзбекистон  миллий павильонини кўрдилар. Мамлакатимиз вакилларининг ушбу тадбирда АҚШ, Германия, Франция каби ривожланган давлатлар қаторида иштирок этиши Ўзбекистоннинг ўсиб бораётан инновацион салоҳиятининг глобал даражадаги эътирофи бўлди. 

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кўмагида ташкил этилган бўлиб, 15 та мамлакатдан 100 дан зиёд меҳмонларни бир жойда жамлади. Ташриф буюрганлар мамлакатимизнинг  бой маданий мероси ва рақамли келажакка бўлган стартегик  қарашлари билан танишдилар. 

Саммит доирасида Осака баённомаси имзоланди. Ҳужжат ҳозирги рақамли даврда  гендер  тенглигини илгари суришга қаратилган  халқаро ташаббус ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Рақамли   технологиялар  вазирлиги ташаббусни  қўллаб-қувватлаб, тенглик ва инклюзивлик – мамлакатимиз   рақамли келажагининг калити эканлиги таъкидлади. Вазирлик “IT Park Uzbekistan” билан ҳамкорликда хотин-қизларда рақамли  кўникмаларни ривожлантириш, стартапларни қўллаб-қувватлаш ва  ёшларни технологиялар соҳасига янада кенгроқ жалб қилиш бўйича қатор дастурларни амалга оширмоқда. 
 

“Women in Tech Uzbekistan” жамоаси ушбу йўналишдаги самарали  фаолияти учун “Youth Engagement Award” халқаро мукофотига сазовор бўлди. Мукофот мамлакатимизнинг технологиялар соҳасида ёшлар етакчилигини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси эътирофи бўлди.

— “Women in Tech Global Summit” да иштирок этиш хотин-қизларнинг технологиялар соҳасидаги ўрнини  кучайтириш ва Ўзбекистонни  минтақавий IT-хабга айлантириш йўлидаги муҳим қадамдир. Биз хотин-қизларда  замонавий рақамли кўникмаларни шакллантириш билан бирга уларни мамлакатимиз иқтисодиёти келажагини барпо этишда фаол  иштирок этишга  рағбатлантирамиз. “Youth Engagement Award” мукофоти саъй-ҳаракатларимизнинг  халқаро эътирофи ва янги масъулиятдир, - деди Камола Собирова.

Саммит доирасида ташкил этилган муҳокамалар Ўзбекистон учун халқаро ҳамкорлик ва қўшма ташаббуслар  бўйича  янги уфқларни очди. Мамлакат хотин-қизлар ва  ёш инноваторларга сармоя киритиш орқали  глобал  рақамли тараққиётга  ҳисса қўшадиган янги етакчилар авлодини  шакллантирмоқда. 
 

— Ўзбекистон мисолида турли ҳаётий тажрибага эга инсонлар  биргаликда  инклюзив ва адолатли жамият барпо этаётганини кўриш мумкин. Ёшларда ҳурмат, тенглик ва инсонийлик каби фазилатларни шакллантириш тараққиёт сари ташланган катта қадамдир, — деди “Women in Tech Uzbekistan” директори Анна Амброзевич. 

Ўзбекистон хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, рақамли технологияларни ривожлантириш орқали юқори технологиялар соҳасида халқаро майдондаги обрўсини оширмоқда. Мамлакатимизнинг  саммитдаги иштироки  барқарор ва  инклюзив келажак сари ташланган навбатдаги қадам бўлди. 

 

Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech