Ўзбекистон жамоаси Ислом бирдамлиги ўйинларида нечанчи ўринда бормоқда?

Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида давом этаётган VI Ислом бирдамлиги ўйинлари сарҳисобига кўра, Туркия терма жамоаси 26 та олтин, 6 та кумуш, 4 та бронза медали билан 7 та давлат орасида умумжамоада етакчилик қилаётган бўлса, Ўзбекистон спорт делегацияси 4 та олтин, 9 та кумуш ва 4 та бронза медали билан 2-ўринни банд этиб турибди.

Совринли ўринларга эгалик қилишда шунингдек, Нигерия, Қозоғистон, Индонезия, Озарбайжон, Миср, Жазоир, Эрон каби 10 тадан зиёд давлат вакиллари даъвогарлар қаторидан ўрин эгаллаган.

Бугун, 10 ноябрь куни Ислом бирдамлиги ўйинларида ўтадиган сузиш, дзюдо, бокс, оғир атлетика мусобақаларида 27 нафар спортчимиз Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.

Хусусан, сузиш бўйича Осиёхон Режепова, Паризод Абдукаримова, Абдулазизбек Абдумажидов, Муҳаммадсодиқ Мақсудов, Маҳдия Мухторова, Муҳаммадислом Раҳмонов яккалик баҳсларда, Элдорбек Усмонов, Роман Беркович, Муҳаммадислом Раҳмонов, Осиёхон Режепова, Паризод Абдукаримова жуфтликда, дюдочиларимиздан Шаҳрам Аҳадов, Замохшари Бекмуродов, Шаҳзодхўжа Шарипов, Алишер Юсупов, Музаффарбек Тўрабоев, Муҳайё Ахматова, Шукуржон Аминова, Хуршида Раззоқбердиева, Умида Ниғматова, Ирисхон Қурбонбоева аралаш жамоавий дастурда, боксчиларимиздан Одинахон Исмоилова, Хуморабону Мамажонова, Абдуллоҳ Мадаминов, Мадиёр Даниёров ўз вазн тоифаларидаги финал жангларида, оғир атлетикачиларимиздан Шаҳноза Ҳайдарова ва Сарварбек Зафаржонов Ислом бирдамлиги ўйинларининг медаллари учун кураш олиб боради.

Эслатиб ўтамиз, 21 ноябрга қадар  давом этадиган Ислом бирдамлиги ўйинларида мамлакатимизнинг 180 нафарга яқин вакили 21 та спорт турида иштирок этмоқда.

Т.Рўзиев, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech