Ўзбекистон Президенти дунё мамлакатларини ўзаро ҳамжиҳатлик, очиқ мулоқот ва яқин шерикликка чақирди

БМТ Бош қароргоҳида Бош Ассамблеянинг 80-сессияси доирасида Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Бу нуфузли минбардаги чиқиш Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузини юксалтирди.

Юридик фанлар доктори Севара Зокирова шу ҳақда муносабат билдирди:

– Президентимиз нутқининг муҳим жиҳати — миллий ислоҳотларнинг натижаларини халқаро ҳамжамиятга етказиш ва шу билан бирга, глобал кун тартибидаги масалалар бўйича конструктив таклифлар илгари сурилгани бўлди. Мазкур нутқ нафақат сиёсий аҳамиятга, балки халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан ҳам катта мазмунга эга. Унда қатор ҳуқуқий механизмлар, халқаро шартномалар ва резолюциялар орқали амалга оширилиши мумкин бўлган ташаббуслар илгари сурилди.

Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар кенг ёритилар экан, камбағаллик даражасининг кескин пасайиши, таълим соҳасида қамровнинг кўпайиши ва гендер тенглик борасидаги ташаббуслар нафақат ички сиёсий ислоҳотлар, балки халқаро мажбуриятларни бажаришда ҳам муҳим қадам бўлгани қайд этилди. 

Бу жараёнлар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва Барқарор ривожланиш мақсадлари (SDG-2030) билан уйғун ҳолда олиб борилаётгани нутқнинг илмий жиҳатдан асосланганидан далолат беради.

Марказий Осиёдаги ижобий ўзгаришларга алоҳида урғу берилди. Бир пайтлар ёпиқ чегаралар ва қарама-қаршиликлар ҳукм сурган минтақа сўнгги саккиз йилда ҳамкорлик ва интеграция маконига айлангани, савдо ҳажми беш баробарга ошгани, транспорт ва энергетика лойиҳалари амалга оширилаётгани таъкидланди.

Бу жараёнларнинг назарий асоси регионализм назариясидир. Унга кўра, минтақа давлатлари биргаликда ҳаракат қилганда ташқи геосиёсий таъсирларга чидамлироқ бўлади. Ўзбекистоннинг интеграция жараёнларида етакчи ролини нутқ яна бир бор тасдиқлади.

Глобал муаммоларга Ўзбекистон таклиф этган айрим ечимларга тўхталсак. Президентнинг БМТ Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш ҳақидаги таклифи – глобал адолат талабидан келиб чиққан дейиш мумкин. Бу масала илмий жиҳатдан халқаро ташкилотлар назарияси билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, унинг самарадорлиги кенг ва тенг вакилликка таянади.

Оролбўйида амалга оширилаётган экологик тадбирлар, денгиз қуришининг салбий оқибатлари жаҳон ҳамжамиятининг доимий диққат-марказида бўлиши лозимлиги ва Сув форумини ўтказиш ташаббуси халқаро экология ҳуқуқи доирасидаги долзарб масалалардан биридир. 

Барқарор тараққиётни таъминлаш ҳақида сўз юритилар экан, мамлакатлар ўртасида рақамли ривожланиш ва сунъий интеллектдан фойдаланишда тенгсизликнинг олдини олиш жуда муҳим эканига эътибор қаратилди. Шу маънода, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида сунъий интеллектнинг амалий ечимлари ва моделларини беғараз алмашишга қаратилган Халқаро ҳамкорлик механизмини яратиш таклиф этилди. Сунъий интеллект масаласи ҳуқуқшунослар учун ҳам янги синов ҳисобланади. Президент таклиф этган “AI бўйича халқаро ҳамкорлик механизми” илмий нуқтаи назардан глобал ҳуқуқий стандартлар яратиш йўлида муҳим қадам бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Президенти яна бир устувор масалага алоҳида тўхталиб, эртанги кунимиз, дунёнинг тақдири ва фаровонлиги ўсиб келаётган ёш авлод қўлида экани, ёшларнинг қалби ва онгига тинчлик, гуманизм ва дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат каби олижаноб ғояларни сингдириш долзарб вазифа эканини таъкидлади ва “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш таклифини илгари сурди. 

Ушбу ташаббус глобал муаммолар (иқлим ўзгариши, миграция, тенгсизлик, рақамли трансформация) бўйича ёшлар ўз қараш ва ечимларини билдиришлари учун майдон бўлади ва уларни фаол глобал фуқаро сифатида тарбиялашга хизмат қилади. Ўз навбатида, ёшлар дипломатияси халқаро ҳамкорликка янги импульс беради ва улар қўлга киритган самарали натижалар барқарор ривожланишга хизмат қилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ минбаридан сўзлаган нутқи нафақат сиёсий баёнот, балки халқаро ҳуқуқий йўналишдаги амалий дастур бўлди, десак муболаға бўлмайди. Ундаги ташаббуслар халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланиши, Ўзбекистоннинг нуфузи ва дипломатик салоҳияти янада мустаҳкамланишига хизмат қилади. Амалий натижалари нафақат Ўзбекистон, балки минтақамиз ва жаҳон ҳамжамияти учун муҳим аҳамият касб этади.

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech