Ўзбекистонда эрта никоҳга оид тақиқ кучайтирилди

Яъни, эндиликда вояга етмаганларни никоҳга даъват этган (қизиқтирган) ва уни тарғиб қилганларга жазо тайинланади

Оиланинг муқаддаслиги шундаки, бу масканда фарзанд дунёга келиб, камол топади. Ота-она ўзининг ҳаловатидан кечиб боласи учун борини беради. 

Аммо, оилани фақат эр ва хотин иттифоқи, шу иккисининг кўнгилхушлиги воситаси деб биладиганлар шаксиз адашади. Зотан, аёлим ёқмай қолди, характеримиз мос келмади, деб фарзандларни тирик етим қилаётганлар бор ва улар шу тоифадандирлар. 

Бу тоифага кирадиганлар кўпинча ҳали ҳаётга бўлган қарашлари тўлиқ шаклланмаган, катталар таъсирида эрта никоҳга кираётганлардир. Бугунги кунда юртимизда оилалар сони 10,2 миллиондан зиёдни ташкил этади. Бироқ, афсуски, оилавий ажримларда ўсиш кузатилиши билан бир қаторда, никоҳлар сони ҳам сезиларли даражада камаймоқда. Никоҳлар тузилиши 2023 йилда қарийб 284 мингтадан 2025 йил якунига келиб 267 мингга тушган. Бу эса, сўнгги ўн йилликдаги энг паст кўрсаткич бўлиб қайд этилди.

Демак, кўриниб турибдики, оилаларни асраш, никоҳларни қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда эрта никоҳга йўл қўймаслик долзарб аҳамиятга эга. 

Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 3 мартдаги “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги фармони шу мақсадда қабул қилинди.  

Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари - иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Иброҳим Алимов фармоннинг муҳим жиҳатлари ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди: 

– Фармонда эрта никоҳларнинг олдини олиш, таълимда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ихтисослашган адлия тизимини яратиш ва рақамли мониторингни йўлга қўйиш каби тўртта асосий йўналиш белгилаб берилди. 

Хўш, эрта никоҳ муаммосини қандай ҳал қилиш керак? Бу мақсадга эришишда фақат тақиқ ва жазога эмас, балки иқтисодий рағбатга асосланган инновацион ёндашув фармонда акс этди.  

2027 йилдан бошлаб ҳар иккала тараф камида 
21 ёшга тўлганда биринчи маротаба никоҳ тузганда имтиёзлар жорий этилади. Уларга ёш оилалар учун ижтимоий реестр асосида субсидиялар 1,5 баравар оширилади. Никоҳ шартномасини тузган томонлар давлат божидан озод этилади. 

Энг муҳим янгиликлардан бири – вояга етмаганларни никоҳга даъват этганлик (қизиқтирганлик) ва уни тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланганидир. 

Бу ёндашув моҳиятан ёшларнинг оила қуришдан олдин таълим олишини, касб эгаллашини ва иқтисодий мустақиллигини таъминлашга давлат томонидан бериладиган молиявий кўмакнинг ифодаси ҳисобланади. 

Таълимга доир чора-тадбирлар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ.  2026 - 2027 ўқув йилидан бошлаб ҳомиладор талаба-қизлар ва 3 ёшгача боласи бўлган оналар учун “иккинчи имконият” механизми жорий этилади. 

Яъни, ушбу сабаблар билан ўқишдан четлатилган талабага фанлар фарқини ўзлаштириш шарти билан ўқишини давом эттиришга рухсат берилади, академик таътил даврида эса масофавий таълим имконияти яратилади. 

Бу каби ўзгаришлар аёллар ўртасидаги ишсизликни камайтириш ва инсон капиталини асрашда муҳим роль ўйнайди. Сабаби, таълим тўхтаб қолиши кўп ҳолларда аёлнинг бутун ҳаёти давомида меҳнат бозоридан четда қолишига олиб келади.

Жаҳон банкининг мамлакатимизга оид 2024 йилги Гендер баҳолаш ҳисоботига кўра, аёлларнинг меҳнат бозоридаги иштироки ортиши ялпи ички маҳсулотни 29 фоизга ошириши мумкин. Бу юқорида санаб ўтилган иқтисодий рағбат моделларининг стратегик асосга эга эканидан далолат беради.

Фармоннинг рақамли инновацияларга оид қисмига назар соладиган бўлсак, иккита муҳим механизмни кўриш мумкин. Биринчиси, “Ўсмир-сигнал” модулидир. Унга кўра, ФҲДЁ органлари, маҳалла, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари 16 ёшгача бўлган қизларнинг ҳомиладорлиги ёки эрта никоҳ ҳолатлари ҳақида зудлик билан хабар беришга мажбурдир. Хабар бермаганлик учун маъмурий жавобгарлик, хабар беришни рағбатлантириш учун эса ундирилган жарима суммасининг 15 фоизи йўналтирилиши белгиланди. 

Бу механизм ҳуқуқшуносликда “mandatory reporting”, яъни “мажбурий ҳисобот бериш” деб аталадиган институтнинг миллий моделидир. Халқаро тадқиқотларга кўра, АҚШ ва Скандинавия давлатларида бундай тизимлар болалар ҳимояси самарадорлигини 40 фоизга оширган. 

Иккинчиси – “my.ihma.uz” мобиль иловаси бўлиб, у ҳимоя ордери берилган аёлларнинг телефонларига ўрнатиладиган SOS тугмаси ҳисобланади. Фойдаланилганда жабрланувчининг геолокацияси зудлик билан энг яқин профилактика инспектори ва ижтимоий хизмат ходимига юборилади. Натижада жисмоний зўравонликнинг олди олинади.  

Фармонда белгиланган яна бир тизимли ўзгариш – бу ихтисослашган адлия корпусини такомиллаштириш. 2027 йилдан бошлаб аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ишлари фақат махсус тайёргарликдан ўтган, аёл мутахассисларга устуворлик бериладиган терговчилар ва судьялар томонидан кўрилади. Бу қарор халқаро амалиётда узоқ вақтдан бери тасдиқланган ёндашувга асосланган.  

Фармон, шунингдек, хотин-қизларни айнан жинси сабабли қасддан ўлдириш (фемицид), оила аъзоларини қасддан ўлдириш (фамилицид), шахсни унинг эркига қарши равишда ноқонуний таъқиб қилиш (сталкинг), интернет ёки ижтимоий тармоқларда содир этиладиган зўравонлик (киберзўравонлик), вояга етмаган шахслардан жинсий фойдаланиш ҳамда шу мақсадда интернет орқали вояга етмаган шахснинг ишончини қозониш (онлайн груминг) учун халқаро стандартлар асосида жиноий жавобгарлик белгилаш вазифасини юклади. 

Мазкур тушунчаларнинг миллий қонунчиликка киритилиши жиноятнинг ижтимоий хавфлилигини тўғри ва аниқ баҳолаш, адолатли 
ва оғирроқ жазо қўллаш имконини беради. 

UNICEF ва UNODC маълумотларига кўра, онлайн груминг ҳолатлари дунёда ҳар йили 15-20 фоизга ортиб бормоқда. Бу тушунчалар миллий қонунчилигимиз учун янги бўлиб, уларнинг киритилиши мамлакатни халқаро ҳуқуқнинг замонавий трендларига мослаштиради.

Айтиб ўтиш керакки, Human Rights Watch ташкилотининг 2026 йил март ойидаги ҳисоботида қайд этилишича, зўравонлик ҳолатларининг 55 фоизи ҳамон “ярашув” таомиллари туфайли судгача етиб бормайди. Табиийки, бу айбдорни амалда жазосиз қолдириб, жабрланувчини такрорий зўравонлик хавфи остида қолдиради. Демак, бу масала ҳақида жиддий ўйлаб кўриш, оптимал ечимлар топиш зарур. 

Жаҳон банкининг Women, Business and the Law (WBL) индексида Ўзбекистон 2026 йилда 190 давлат орасида 48-ўринни эгаллади ва бу 2024 йилдаги 91-ўринга нисбатан 43 поғонали ўсишдир. 

Таъкидлаш жоизки, мазкур рейтингнинг “Ҳаракатланиш”, “Оила”, “Меҳнатга ҳақ тўлаш”, “Болалар парвариши” ва “Активлар” кўрсаткичлари бўйича максимал 100/100 балл тўпланди. Меҳнат кодексидаги камситувчи нормаларнинг бекор қилиниши, тенг меҳнат учун тенг ҳақ тўлаш тамойилининг жорий этилиши ушбу ютуқларнинг ҳуқуқий асоси бўлди. 

Жаҳон иқтисодий форумининг 2025 йилги ҳисоботида мамлакатимиз таълим соҳасида тўлиқ тенглик қайд этилди.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур фармон Ўзбекистонда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида тизимли ва халқаро стандартларга мос сиёсат юритилаётганининг амалдаги ифодаси бўлди. Фақат фармонда қўйилган талаблар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши керак.  

Норгул Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech