Подкастлар замонавий жамиятнинг рақамли ифодаси бўла оляптими?

Кейинги йилларда мамлакатимиз медиа­сферасида сезиларли ўзгаришлар содир бўлди: рақамли саводхонлик ошди, интернет тезлиги яхшиланди, энг асосийси, жамиятда янгича, очиқ фикрлашга талаб кучайди. Шу истаклар фонида ўзбек тилидаги подкастлар пайдо бўла бошлади.

Қисқа вақтда подкастлар ижтимоий-маданий муҳитимизнинг ажралмас қисмига айланди. Улар орқали ҳатто сиёсий жараёнлар ҳам эндиликда кенгроқ аудиторияга манзур услубда етказилмоқда. Шу боис, бу феноменни таҳлил қилиш, унинг ижтимоий-маънавий, сиёсий ва иқтисодий таъсирини баҳолаш, бу жараёнда қандай имкониятлар ва хатарлар борлигини англаш биз учун муҳим масала бўлиб турибди.

Ҳар битта янгилик мавжуд ижтимоий тузилмаларни синовдан ўтказади

2005 йилда Apple компанияси iTunes платформасида махсус “Podcast” бўлимини очгач, дунё бўйлаб юзлаб янги подкастлар пайдо бўла бошлади, Spotify, Yandeks Music, Google Podcasts, SoundCloud каби бошқа платформалар ҳам ўз хизматларини ишга тушириб, подкастлар янада қулай ва оммабоп бўлишига ҳисса қўшди. Бу давр мобайнида подкастларни монетизация қилиш, реклама ва ҳомийлик механизмлари ҳам ривожланди. Ўзбекистонда подкастлар ривожи ҳақида расмий статистикамиз бўлмаса-да, уларнинг оммавийлашуви тахминан 2018 йилда бош­ланган деб ҳисоблаш мумкин.

Ҳар бир янги оммавий ҳодиса жамиятга кириб келганида, у аввал ҳайрат уйғотади, кейин кўникиш, ниҳоят, саволлар туғдиради. Чунки янгилик — мавжуд мувозанатни ўзгартирувчи куч. У бор қадриятларни, ижтимоий тузилмаларни синовдан ўтказади. Масалан, интернет тараққиёти ахборот алмашиш ва мулоқотни осонлаштирди. Айни пайтда фейк маълумотлар, ижтимоий тармоқларга қарамлик, шахсий ҳаёт махфийлигининг бузилиши каби муаммоларни ҳам туғдирди. Худди шундай, подкаст­лар, сунъий интеллект, виртуал таълим каби инновация­лар ижтимоий ҳаётни енгиллаштирди, аммо одамларнинг тафаккур тарзи ҳамда руҳий ҳолатига аста-секинлик билан таъсир қила бошлади. Натижада турли кўнгилочар контентлар, енгил фикрлашга ундовчи ахборотлар, қисқа ва юзаки таҳлилларга асосланган медиамаҳсулотлар керагидан ортиқ кўпайиб кетди. Бу эса чуқур фикр юритишга, тарихий ва фалсафий тафаккурга заруратни камайтирди, жамият технологик тамаддун орқали кириб келган ахлоқий силжишларни ҳам истаб-истамай қабул қилиб борди.

Нега бошқаларнинг фикрига эргашмаслик керак?

Асосан, YouTube платформасига юкланиб борилаётган ўнлаб мавзудаги подкастларни замонавий жамиятимизнинг рақамли ­ифодаси, ўз фикрини билдириш маданиятининг янги шакли дейман-у, аксарияти тугал хулосага эга эмаслигидан ҳафсалам пир бўлади, ғояга суянишдан, шовқин ва “ҳайп”га суянишни афзал билганларини кўриб, энсам қотади. Кўрувчиларнинг кўпи эса эшитганини синтез қилмай, умумҳақиқат сифатида қабул қилади. Бу шахсий фикрга эга бўлиш масъулиятини йўқотади.

Одам ўз фикрига эга бўлиши учун, аввало, бошқа фикрлардан озод бўлиши керак. Ҳозирги замон кишиси бегона ижтимоий импульслар томонидан шакллантирилган дунёқараш билан ҳаракат қиляпти. “Бугатти” салонидан туриб шанғиллаётган чала психологнинг мантиқсиз гаплари, эрига иккинчи хотин совға қилаётган блогер, саёҳатда юрган таниши, илмий маълумотлар, реклама, шунчаки эстетик фото — қисқа вақт ичида у ўзи кутмаган улкан таъсир ўтказувчилар ичида қолиб кетди. Худди бир ўтиришда 20 хил таом, 10 хил ичимликни татиб кўргандай. Дофаминнинг тартибсиз, фойда бермайдиган йўллар билан қондирилиши истеъмолчиларни ҳаддан ташқари дангаса қилиб қўйди. Минглаб фикрлар қуршовида ўз нуқтаи назарини йўқотган эринчоқ одам, шубҳасиз, томоқ томирлари бўртиб нутқ ирод этаётган илми ҳаминқадар нотиқнинг қарашларига осонгина эргашиб кетади. Фикрга эргашиш эса, афсуски, фикрлашни билдирмайди.

Келинг, мавзуга доир бир ижтимоий экспериментни кўриб чиқсак: 1963 йил америкалик психолог Стэнли Милгрэм одамларнинг буйруққа бўйсунувчанлик даражасини ўрганиш учун Йель университети талабалари билан тажриба ўтказади. Бу эксперимент пайдо бўлишига асосий сабаб Иккинчи жаҳон урушидан кейин юзага келган бир савол эди: “Биз каби оддий одамлар қандай қилиб ноинсоний буйруқларни сўзсиз бажара олган?”. Бу савол, айниқса, нацистларнинг судда “мен фақат буйруқни бажардим”, деган жавоби ортидан долзарб бўлиб қолганди.

Шундай қилиб, Милгрэм тажрибаси учта асосий иштирокчидан иборат эди:

1. Экспериментатор (оқ халат кийган обрўли шахс) — куч тимсоли;

2. Муаллим (кўнгилли иштирокчи) — таж­рибанинг асосий объекти;

3. Талаба (актёр) — “жазо олувчи” ролидаги инсон.

Экспериментатор “муаллим”га электр стулда ўтирган “талаба”га савол бериши лозим эканини, ҳар бир нотўғри жавоб учун талабани ток билан жазолаши кераклигини уқтиради. Ундан ташқари, муаллим ток даражасини 15 вольтдан 450 вольтга қадар кўтариб бориши ҳам шарт бўлади. Аслида, стулда ҳеч қандай ток йўқ — бу фақат актёрга юкланган роль эди, холос. Лекин буни фақат экспериментатор биларди.

Тажриба қоидаси бўйича ҳар гал талаба нотўғри жавоб берганида, дастлаб хўрсинади, кейин йиғлайди, бақиради, охирида бу ишни қилмасликни муаллимдан ўтиниб сўрайди. ­Муаллим бу ҳолатни кўра туриб, ток берувчи тугмани босишда давом этадими, йўқми — мана шу қарор тажрибанинг моҳияти эди.

Экспериментдан олдин Милгрэмга психологлар фақат телбаларгина 450 вольтгача кўтариб, азоблаши мумкин, иштирокчиларнинг 95 фоизи бундан бош тортади, дейди. Бироқ натижа бутунлай бошқача чиқади: қатнашувчиларнинг 65 фоизи, яъни ҳар 3 кишидан

2 нафари ич-ичидан буни хоҳламай норозилик билдирса-да, пинагини бузмаган экспериментаторнинг тажриба давом этиши керак деган қатъий сўзларига бўйсуниб, токни энг юқори кучланишгача кўтаради.

Милгрэм тажрибаси бизнинг жамиятда фақат қабиҳ кимсалар жирканч ишларга қўл уради, деган жўн тасаввуримизни бутунлай инкор этиб, бошқалардан фарқ қилмайдиган, етарлича ақлли, ҳатто кўнгилчан инсон ҳам, агар у фикрлашни тўхтатса, зўравонликка шерик бўлиши мумкинлигини исботлаган. Айнан шунинг учун фикрлаш, таҳлил қилиш — замонавий дунёда ахлоқий масъулиятнинг асоси.

Ҳамма гап янгиликда эмас, янгиликка бўлган муносабатда

Давлатимизда миллий контентни ривож­лантиришга катта эътибор бериш бошланди. Имкониятдан руҳланиб, янги авлод контентмейкерлари сиёсий саводхонлик, фуқаролик позицияси, танқидий фикрлаш, медиамаърифатни шакллантираётгани ҳам қувонарли.

Фақатгина тингловчи эътиборини жалб қилишга қаратилган, мазмунсиз подкастлар эркин платформа хусусиятининг табиий оқибати, уларни буткул йўқ қилиб бўлмайди. Бироқ айни пайтда бу майдонда сифатли, савияли контент яратишга бел боғлаган, масъулиятли муаллифлар сони ҳам ортиб боряпти. Шунинг учун подкастларни бир ёқлама баҳолаш нотўғри, бугун бу форматда чин маънодаги журналистик ёндашув асосидаги кучли лойиҳалар пайдо бўлмоқда.

Подкастлар нафақат маданий ёки ижти­моий, балки сиёсий томондан ҳам муҳим аҳамият касб этяпти. Улар оддий фуқароларга сиёсий жараёнларни тушунишга ёрдам берадиган, ислоҳотлар моҳиятини очиб берадиган, муҳокама қилиш ва баҳслашиш маданиятини шакллантирадиган воситага айланяпти. Айниқса, сиёсий етакчилар, депутатлар, мустақил таҳлилчилар иштирокидаги эпизодлар орқали муҳим мавзулар муҳокамаси оммага яқинлашмоқда. Бу эса шаффофликни кучайтиради, ишончни оширади, энг муҳими, фуқарони бефарқликдан чиқариб, фаолликка ундайди.

Иқтисодий тарафлама ҳам подкастлар янги, ҳозирча тартибга солинмаган аудиоиндустрияни шакллантиряпти. Рақамли иқтисодиёт учун бу жуда фойдали сигнал: йирик компаниялар ўз маҳсулотларини айнан подкастлар орқали тарғиб қилмоқда, микроинфлюенсерлар эса аудиториясини монетизация қилишда подкаст форматидан унумли фойдаланяпти. Бу эса кичик тадбиркорликнинг янги сегментини яратади.

Шу билан бирга, молиявий саводхонлик паст бўлган жамиятда подкастлар орқали нотўғри инвестицион маслаҳатлар, алдовга асосланган маркетинг ёндашувлари кенг тарқалиш хавфи мавжуд. Шу боис, ўзимиз учун фойдали деб билган баъзи подкастларни сиз, ўқирманларга тавсия этишни лозим билдик. Қуйидаги подкастларда кўплаб соҳа мутахассисларининг мулоҳазалари, ҳаётий тажрибаси ва реал ечимлари акс этган. Улар орқали сиз нафақат янги билимларга эга бўласиз, балки дунёқарашингиз ва қарорларингизда ҳам ижобий таъсир сезасиз.

“O‘zbekistonlik.Podcast”

Халқаро миқёсда муваффақият қозониб келаётган ўзбекистонликларни бир ерга жамлаш мақсадида яратилган глобал платформа — Uzbekistan’s club ижодий жамоаси ўтган йили “Узум” миллий рақамли экотизими ҳомийлигида янги “O‘zbekistonlik.Podcast” лойиҳасига старт берди. Ушбу контент орқали чет элда фаолият юритаётган ватандошларимизнинг муваффақият сирлари, малакалари ва ҳикояларидан нафақат видео, балки аудиоподкастлар шаклида ҳам баҳраманд бўласиз.

“Biznestan”

“Locals Central Asia” агентлигининг лойи­ҳаси 2021 йилда Ўзбекистондаги биринчи тор ихтисослашган подкастлардан бирига айланди. Унда Марказий Осиёга хос бизнес контентни яратиш мақсади кўзлангани сабабли студия­нинг меҳмонлари сифатида кўпинча йирик тадбиркорлар, бизнес, маркетинг, АT, PR соҳа эгалари, давлат органи вакиллари таклиф қилинган. Бошловчилар билан суҳбат чоғида меҳмонлар ўзига яқин нарсалар ҳақида очиқ гаплашиб, бизнес учун муҳим саналган шахсий бренд, экспатлар оқими, блогинг ва стартапларга доир мавзуларни муҳокама қилган. Кейинги бир неча ой ичида канал янгиланмаган, аммо юкланган мавзулар минтақамизда ишбилармонлик контенти учун қимматли энциклопедия бўлиб қолмоқда. Канал маҳсулотини Yandeks.Music, Apple Podcasts, Spotify каби аудиомайдончалардан ҳам топса бўлади.

“Қурултой”

Минтақамизнинг бой тарихи ҳақида эксперт даражасида ва креатив шаклда юритилаётган илмий-оммабоп подкаст. Нодир Нишонов ва Элдор Асанов студияга тарихчи, тилшунос, мусиқачи ҳамда адабиётшунослар, этнограф ва файласуфларни таклиф қилади. Даврада кўтариладиган мавзулар мураккаб туюлса-да, меҳмонларнинг суҳбатга тез киришиб кетиши таниш ҳақиқатларни мутлақо янги томондан очиб беради. Каналда жойланган 70 га яқин мавзу орасида жадидлар, Марказий Осиё нумизматикаси, мақомнинг ҳудудий хусусиятлари, ўтмиш ва бугунги сув муаммоларига доир суҳбатлар, айниқса, қизиқарли.

“Sigma Podkast”

Лойиҳа илмий-оммабоп йўналишдан ўсиб чиққани учун студияга астрофизик, геолог ёки мода олами мутахассиси ташриф буюриши мумкин. Умуман олганда, бу ерда ҳамма нарса ҳақида атрофлича гаплашилади. Энг яхши китоблар рўйхати, қора туйнуклар, ядро энергетикаси муҳокамасидан то ўзбек фильми келажаги, рэп ёки киберспортга қадар. Канал техник мавзуларга ихтисослашган “Texnoplov” лойиҳаси муаллифлари томонидан очилган.

“Тасвир”

Фотограф Муҳиддин Алининг яқиндан ­бошлаб йўлга қўйилган “Тасвир” подкастининг навбатдаги сонида спорт фотографиясининг тажрибали вакили, фотограф Анвар Элёсов меҳмон бўлган. Подкаст давомида ҳозирги ёшларнинг касбга муносабати, устоз-шогирд масаласи, фотография ривожи нималарга боғлиқ экани, ёш фотографларнинг камчиликлари ҳақида гап боради. Бу ердан чинакам санъат фидойиларини топасиз.

“Пиёда гурунг”

Архитектура ва шаҳар инфратузилмаси ҳануз конфликт баҳсларни келтириб чиқарувчи соҳалардан бири. Пойтахтимизда янги бинолар қад ростламоқда. Қурилишлар қаердадир жуда яхши ўйланган бўлса, қай бир ҳудудда яшашга яроқсиз ҳолда. Урбанист Искандар Солиев ўзининг “Пиёда Гурунг” подкастида шаҳарсозлик бўйича илмга эга одамларни биргаликда сайрга таклиф қилиб, шу мавзулар борасида самимий суҳбат қуради.

“1844 Podcast”

Ўтган йили июнь ойида фотограф Элёр Неъмат “1844 Podcast” номли янги лойиҳага қўл урди. Театр, кино ва умуман, маданият соҳасидаги дискурсларга бағишланган подкастлар сериясининг илк эпизодида ўзига хос саҳнаси ва моддий таянчга эга бўлмай туриб кўпчилик қалбидан жой олиб келаётган Ўрта Осиёдаги энг кичкина ва энг жонли “Шамси Қамар” театри ҳақида гап боради.

“1000 китоб подкаст”

Ушбу ажойиб лойиҳадан кўзланган асосий мақсад ёшларнинг интеллектуал ва илмий салоҳиятини оширишга хизмат қилувчи, жаҳонда машҳур бўлган китобларни ўзбек тилига таржима қилиш ҳамда шу орқали уларни замонавий илм-фаннинг сўнгги ютуқлари билан яқиндан таништириб бориш тизимини йўлга қўйишдан иборат.

Қисқа қилиб айтганда, юқоридаги ҳар бир подкаст — ўзини, бошқани, жамиятни тушунишга бўлган уриниш. Ундаги фикрлар ноодатий, ҳикоялар оҳорли, саволлар тингловчининг онгида қимирлайди, мулоҳазага ундайди, тинчини бузади, тасалли беради. Асосийси, қотиб қолган онгни ҳаракатга келтиради.

Подкастлар каби янгиликларнинг демократик жамиятга кириб келиши муқаррар. Бу жараённи тўхтатиб бўлмайди, бироқ унга тайёр бўлиш, уни тушуниш, ижобий жиҳатларини ажратиб олиш, зарарли томонларини эса бартараф этиш ҳар бир фуқаро ҳамда ижтимоий институтнинг вазифасидир. Агар янгиликлар фақат истеъмол қилинадиган нарса сифатида қабул қилинаверса, жамият пассив ҳолатга тушиб қолади. Аксинча бўлса, ундан фойдали энергия чиқариб олинади ва у шубҳасиз, тараққиётга хизмат қилади.

Азизбек ЮСУПОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech