Муносабат
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан сўзланган нутқ нафақат мамлакатнинг ташқи сиёсий устувор йўналишларини, балки глобал ва минтақавий муаммоларга муносабатини ҳам акс эттирди.
Давлатимиз раҳбарининг чиқиши жаҳон ҳамжамиятига Янги Ўзбекистон концепциясини аниқ ташаббуслар билан тақдим этди. Қолаверса, ушбу нутқ Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги роли, минтақавий етакчилик салоҳияти ва инсонпарварлик сиёсатининг муҳим кўрсаткичи сифатида ҳам эътиборга лойиқ.
Жумладан, Президентимиз ўз нутқининг бошида халқаро ташкилотлар таъсирининг сусайиши, қарама-қаршилик ва урушлар кўпайиши, ижтимоий-иқтисодий тенгсизликнинг кучайиши каби глобал муаммоларга тўхталиб, дунёдаги хавотирли геосиёсий воқеликларга фақат мулоқот ва ҳамкорлик орқали жавоб бериш зарурлигини таъкидлади. Шу боис, БМТ фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш ва унинг механизмларини замонавий таҳдидларга мослаштириш зарурлигини қайд этди.
Айниқса, замонавий хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, ривожланаётган давлатларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтириш бўйича билдирилган таклиф дунё давлатларининг тенг ҳуқуқлилиги ва манфаатларини инобатга олишга даъват сифатида қабул қилинди.
Шунингдек, Президент нутқида мамлакат ичида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳам фикр юритилиб, камбағаллик даражасининг 35 фоиздан 6,6 фоизгача камайиши, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ўзгаришлар, “яшил” энергетика ва технологик саноатга бўлган инвестицияларнинг ортиши буларнинг барчаси Ўзбекистонда инсон қадрини юксалтиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалий натижалари сифатида тақдим этилди.
Президентимиз нутқидаги энг муҳим жиҳатлардан яна бири Марказий Осиёдаги ўзгаришлар таҳлилидир. Бугунги кунда минтақада чегараларнинг очилиши, савдо ва сармоя оқимининг кескин ортиши, транспорт лойиҳаларининг амалга оширилиши буларнинг барчаси минтақавий интеграциянинг самарали механизми мавжудлигини исботлайди.
Марказий Осиёнинг халқаро сиёсатда мустақил субъект сифатида шаклланиши, минтақадаги давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик муҳитининг кучайиши Ўзбекистоннинг тинчликпарвар ташқи сиёсатининг натижаси экани таъкидланди.
Президент нутқида Орол муаммоси, сув ресурсларининг тақчиллиги ва иқлим ўзгаришига қарши кураш масалалари алоҳида ўрин олди. Ўзбекистоннинг Оролбўйида 2 миллион гектар майдонда шўрга чидамли ўсимликлар экилиши, “яшил макон” лойиҳаси ва 2030 йилгача 80 фоиз ҳудудда яшил қопламалар яратиш режаси барчаси экологик барқарорликка содиқликни кўрсатади.
Қолаверса, сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумини ўтказиш ташаббуси ва иқлим миграциясига қарши Глобал Пакт қабул қилиш таклифи Ўзбекистоннинг глобал экологик ҳудудларда ҳам фаол иштирокчи эканлигини кўрсатади.
Ёшлар мавзусини ҳам нутқнинг яна бир муҳим йўналиши дейиш мумкин. Хусусан, “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати” ташаббуси орқали Ўзбекистон ёш авлод онгида гуманизм ва тинчлик ғояларини қарор топтиришни мақсад қилмоқда. Бу ташаббус БМТ шафелигида ёшларни халқаро жараёнларга кенг жалб қилишни назарда тутади.
Ислом маърифати, бағрикенглик ва маънавий мерос масалаларидаги фаоллик Ислом цивилизацияси марказининг очилиши ва Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби алломаларнинг мероси БМТ миқёсида тақдим этилиши Ўзбекистоннинг маънавий дипломатиядаги ютуқларидир.
Умуман олганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқи Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги фаол, масъулиятли ва ташаббускор давлат сифатидаги имижини янада мустаҳкамлади. Нутқ глобал муаммоларга зиддият эмас, балки ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик йўли билан ёндашишга чақирди.
Шунингдек, ташриф доирасида БМТ сессиясида иштирок этаётган бир қатор давлат раҳбарлари ҳамда етакчи халқаро ташкилотлар вакиллари билан ўтказилган икки томонлама учрашувлар ҳамда эришилган келишувлар Ўзбекистон ва минтақа мамлакатлари ривожи учун янги имкониятлар эшигини очди.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА
- Қўшилди: 25.09.2025
- Кўришлар: 192
- Чоп этиш