Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тартиби қандай?

Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленуми мажлисида “Маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини қўллаш тўғрисида” пренум қарори муҳокама қилинди.

Олий суд раиси Б.Исломов мазкур ҳужжат давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 30 январдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ишлаб чиқилганини қайд этди. 

Судларга раҳбарий тушунтириш беришга қаратилган мазкур қарорда маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш масаласи қамраб олинган. 

Таҳлиллар маъмурий судларда суд қарорларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришга оид кўрилган аризалар сони йилдан-йилга ортиб бораётганини кўрсатган. Жумладан, 2021 йилда бундай аризалар 396 тани ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 573 тага етган. 

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда янги очилган ҳолатлар бўйича суд ҳужжатларини қайта кўришнинг 4 та асоси кўрсатилган. Лекин бу бўйича аниқ тушунтиришлар йўқлиги сабабли кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда судларда турли хил амалиёт шаклланган.

Шундан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган қарорда янги очилган ҳолатлар бўйича ишларни кўриб чиқишга тушунтириш берилган. Агар фактик ҳолатлар суд ҳужжати қабул қилинганидан сўнг вужудга келган бўлса, бу ҳолат суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўла олмаслиги, балки янги ариза (шикоят) билан мурожаат этиш учун асос бўлиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган. 

Кодексда суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза ишда иштирок этувчи шахслар ёки прокурор томонидан берилиши белгиланган. Шунга кўра, қарорда бундай ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин бўлган шахслар доираси кўрсатилди. Унга кўра, тарафлар (уларнинг ҳуқуқий ворислари), учинчи шахслар (уларнинг ҳуқуқий ворислари), прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар ўз зиммаларига юклатилган ваколатларга кўра қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақида судга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканликлари ҳақида тушунтириш берилди.

Қонуний кучга кирган суд қарорларини янги очилган ҳолат бўйича судга мурожаат қилиш муддати юзасидан ҳам амалиётда айрим номувофиқликлар мавжуд эди. Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексдаги бир ойлик муддат ичида ариза берилиши, ўтказиб юборилган муддат ариза билан мурожаат қилган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва суд муддатни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб тан олса, суд томонидан тикланиши мумкинлиги ҳам қарорда ўз аксини топди.

Бундан ташқари, қонунчиликнинг такомиллашувидан келиб чиқиб, айрим пленум қарорлари матнларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи Олий суд пленумининг “Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинди.

Судьялар, Бош прокурор, Конституциявий суд, Адвокатлар палатаси ва Судьялар ассоциацияси раислари, Омбудсман, Болалар омбудсмани ҳамда Судьялар олий кенгаши, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, олимлар, журналистлар иштирок этган мажлис якунида тегишли қарорлар қабул қилинди. 

Норгул Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech