Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ эндиликда реадмиссия қилинган фуқароларга икки йил давомида хорижга чиқиш биометрик паспортини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатилмайди.
Бу Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 13 майдаги “Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган.
Унга кўра, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги томонидан хорижий давлатнинг қонунчилик ҳужжатларини бузиши натижасида депортация қилинган, шу билан бирга Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузига ва обрў-эътиборига салбий таъсир кўрсатувчи хатти-ҳаракатларни содир этган фуқароларга доир маълумотлар Миграция жараёнларига доир маълумотларнинг ягона электрон базаси орқали юритилади.
Ягона маълумотлар базасига электрон реестр сифатида қуйидагилар киритилади. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан хориждаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларидан олинган маълумотлар киритилади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан халқаро шартномаларга мувофиқ реадмиссия қилинган шахслар ҳақидаги маълумотлар ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ва унинг хориждаги ваколатхоналаридан (вакилларидан) олинган маълумотлар киритилади.
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ реадмиссия қилинган фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4079-сон қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги низом"га мувофиқ икки йил давомида хорижга чиқиш биометрик паспортини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатилмайди.
Бунда реадмиссия қилинган фуқароларга чет элга чиқиши учун биометрик паспорти расмийлаштириб бериладиган истисно ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, реадмиссия қилинган шахслар — Ўзбекистон ва бошқа давлатлар ўртасидаги халқаро келишувлар асосида, ўз ихтиёри билан ёки мажбурий равишда Ўзбекистонга қайтарилган фуқаролар саналади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА
- Қўшилди: 14.05.2025
- Кўришлар: 544
- Чоп этиш